Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

22:52 01 Июнь 2020 Сиёсат
150 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар муҳокамаси бўлиб ўтди. Депутатлар давлат бюджети ижросини умуман маъқуллаш баробарида ўз электоратлари томонидан жойларда кўтарилаётган қатор савол ва таклифларни ўртага ташладилар. Савол ва таклифлар қилинган ишларни танқид остига олиш учун эмас, қилинажак ишлар самарадорлигини оширишга қаратилганлиги билан ҳисобот берувчиларга ҳам маъқул тушди. 

Ботир МАРДАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилган бюджет маблағларидан қанчалик мақсадли фойдалангани ўрганилганда бир қатор давлат муассасаларида маблағлардан бюджет интизоми бузилган ҳолда фойдаланганлик фактлари аниқланган.

Бугун ялпи йиғилишда молия вазири олдига ана шундай муаммолар ҳақидаги масалани қўйдик. Уларнинг ечими бўйича фикр алмашдик. Ҳар бир вазирлик таркибида ички молиявий назорат тизими, яъни ички Аудит ташкил қилинган, бунинг учун етарли штатлар, маблағ ажратилган. Келгусида ана шу имкониятлардан кенг фойдаланиш лозим.

Наврўз ЮСУПОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталарда атрофлича кўриб чиқилди. Бу жараёнда ҳукумат вакилларидан қўшимча маълумотлар ҳам олдик. Ҳисоботни таҳлил қилиш чоғида айрим масалалар ҳам кўзга ташланди. Жумладан, Давлат божхона қўмитаси томонидан бюджетга ўтказилиши лозим бўлган маблағларнинг кечиктириб ўтказилгани маълум бўлди. Мазкур масала юзасидан қўмита раҳбарияти билан ўтказилган муҳокамалар жараёнида божхона органлари томонидан ундирилаётган маблағларни автоматик тарзда давлат бюджетига ўтказилишига келишиб олинди ва буни амалга ошириш учун қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш ва махсус электрон дастур ишлаб чиқилиши лозимлиги қайд этилди.

Алишер ҲАМРОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Биз ўтган йили биринчи маротаба давлат бюджетини қонун шаклида қабул қилдик. Бу эса муҳим молиявий ҳужжатнинг мақоми ва аҳамиятини оширди. Лекин менинг фикримча, давлат бюджетида ҳали ҳам шаффофлик, бюджет интизоми ҳамда ҳисобдорлик етарли эмас. Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари билан келишмаган ҳолда маҳаллий бюджетларга ўзгартишлар киритганлиги Ҳисоб палатаси томонидан аниқланган. Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олишда масъул вазирлик ва идоралар масъулияти ва жавобгарлигини ошириш керак. Парламент ҳам мазкур йўналишда қонун ҳужжатларига ўзгартиш киритиши лозим.

Иномжон ҚУДРАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Охирги йилларда маҳаллий бюджетлар мустақиллиги оширилди, республика бюджети ҳар бир вазирлик кесимида қабул қилинди. Парламентга ҳар бир вазирлик ва идораларнинг бюджет маблағларини мақсадли ва самарали фойдаланилиши ҳамда эришилаётган натижалари тўғрисида ахборотларини эшитиш бўйича қўшимча ваколатлар берилди.

Шу билан бир қаторда, ҳудудларга янги мактаб, боғча, тиббиёт муассасаси, кўприк қуриш ёки мавжудларини таъмирлаш каби давлат бюджетидан ажратиладиган капитал қўйилмалар миқдори қайси мезонлар орқали тақсимланаётганлиги ҳанузгача мавҳум бўлиб қолмоқда. Натижада ажратилаётган маблағлар у ерда яшаётган аҳоли сонига уларнинг реал талабига мутаносиб бўлмай қолаётган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Шундан келиб чиқиб, бюджет ва мақсадли жамғармалар маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган объектлар қурилишини давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан тасдиқлаб қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди. Бу ишларни амалга ошириш учун парламентдан қандай амалий ёрдам керак бўлса – биз тайёрмиз.

Фирдавс ШАРИПОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Молия соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар иқтисодиётни либераллаштириш, молия тизимини жаҳон стандартларига мувофиқлаштиришга хизмат қилмоқда. Давлат бюджетининг барча жараёни хусусан, бюджет ташкилотларининг ҳисоботи ҳам электрон дастур орқали амалга оширилмоқда. Ҳисоб палатаси ҳам ушбу электрон дастурлардан фойдаланган ҳолда фаолият олиб бормоқда, доимий назоратни амалга оширмоқда. Электрон дастурлардан фойдаланиш ҳар қандай ҳисоботларни қисқа муддатларда тайёрлаш ва қайта ишлаш имконини беради.

Шунга қарамасдан, бугунги тезкор ислоҳотлар даврида 2019 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот май ойининг иккинчи ярмида кўриб чиқиляпти. Бу эса фракцияларда, қўмиталарда ва палата йиғилишида ҳисоботни кўриб чиқиш жараёнида кўтарилган масалалар, кўплаб фойдали таклифларни жорий йилги бюджет ижросини таъминлашда эътиборга олинишига салбий таъсир қилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳар йили Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартидан, чораклик ҳисоботларни эса ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10 санасидан кечиктирмай Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш фойдали бўлади деб ҳисоблаймиз.

Муҳтор ҲОЖИМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Сўнги йилларда мамлакатимизда қурилиш кўлами тобора кенгайиб бормоқда. 2017-2019 йилларда, 2010-2013 йилларга нисбатан қарийб 3,5 баробар кўп қурилиш ишлари амалга оширилгани фикримиз далилидир.

Бу қурилишларнинг аксарияти бюджет маблағлари ҳамда Ҳукумат кафолати остида халқаро молиявий институтлардан жалб қилинган маблағлар ҳисобига амалга оширилмоқда. Бунда ижтимоий объектлар ҳам салмоқли қисмни эгаллайди.

Шу билан бир қаторда, қурилиш объектлари харажатларида камомад ва ўзлаштиришлар кўплиги аниқланмоқда. Объектлар халқаро стандартлар ва талабларга жавоб берадиган даражада сифатли ва пишиқ қурилаётганлиги ҳам катта савол остида қолмоқда.

Мамлакатимизда қурилишга ажратилаётган марказлашган инвестиция маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлайдиган бозор муносабатлари қанчалик тўғри шакллантирилган? Пудратчилар ўртасидаги тендер савдолари қачон шаффоф ва коррупциядан холи бўлади? Қурилиш объектларини лойиҳалаштирган, қурган ва уни қабул қилган шахслар жавобгарлигини янада ошириш учун қонунчиликка қандай ўзгартиришлар киритиш лозим?

Қурилишда бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан таъсирчан чоралар ишлаб чиқиш зарурати мавжуд.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?