Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

22:47 01 Июнь 2020 Сиёсат
182 0

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Ҳисоботда таъкидлангандек, мамлакатимизда макроиқтисодий мувозанатлиликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида барқарор ўсиш суръатларига эришиш натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми 5,6 фоизга ўсди. Ижобий ўсиш суратлари қурилиш соҳасида 19 фоизни, cаноатда – 6,6 фоизни, хизматлар соҳасида – 5,1 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳасида – 2,5 фоизни ташкил этди. Саноатнинг ривожланиши савдо, маиший хизматлар ва умумий овқатланиш, таълим каби соҳаларнинг ривожланишига тўртки бўлди. 2019 йилда асосий капиталга инвестициялар ҳажми 189 трлн 924 млрд сўм бўлиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 37,1 фоизни ташкил қилди.

Иқтисодиётдаги барқарорлик Давлат бюджетининг 2019 йилдаги ижросига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. Мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида кенг кўламда амалга оширилган бюджет – солиқ сиёсатидаги ислоҳотлар, шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, тадбиркорлик субъектларидан ундириладиган ягона ижтимоий тўлов ва фойда солиғи ставкалари қисқартирилиши шароитида иқтисодиётда солиқ солиш базасининг кенгайишига эришилди. Қўшилган қиймат солиғи ставкалари сезиларли даражада қисқартирилишига қарамасдан ушбу солиқ туридан тушумлар 2018 йилга нисбатан 21,3 фоизга ўсди.

Бир сўз билан айтганда, солиқ солишнинг адолатли тамойили таъминланиши ва яширин иқтисодиётнинг улуши қисқариши даромадлар базасида жиддий ўзгаришлар юз беришига ва расмий солиқ тўловчилар сонининг ортишига олиб келди.

Натижада ҳисобот даврида давлат бюджети даромадлари 112,2 трлн.сўмни (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 21,9 фоизни) ташкил этди, прогноз кўрсаткичлари 9,2 трлн сўм ортиғи билан ёки 109,0 фоизга бажарилди.

Бюджет тушумлари таркибида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 4,7 бараварга ошди.

Яна шуни ҳам эътироф этиш лозимки, тадбиркорларга берилган енгиллик ва имтиёзлар натижасида 12,8 трлн.сўм маблағ хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз ихтиёрида қолдирилди. Шунингдек, жисмоний шахслар даромадига солиқ юкини камайтириш натижасида аҳоли даромадлари 6,5 трлн.сўмга ошганлигини аҳолининг реал даромадлари ошишига ҳисса қўшди.

Даромадларнинг тасдиқланган режадан орттириб бажарилиши 2019 йил давомида бюджетнинг барча тасдиқланган харажатларини молиялаштириш билан бирга, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадларида қўшимча 15,6 трлн. сўм харажат қилиш имконини берди.

Умуман олганда, Давлат бюджетининг 2019 йилдаги харажатлари 2018 йилга нисбатан 48 фоизга ошди. Давлат бюджети харажатлари таркибида олдинги йиллар каби ижтимоий соҳа харажатлари улуши юқори бўлиб, ушбу соҳа харажатлари учун Давлат бюджети харажатларининг 54 фоизи миқдорида маблағ сарфланди.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва унинг турмуш фаровонлигини ошириш харажатларига ҳисобот даврида Давлат бюджетидан 4 трлн 700 млрд сўм миқдорда маблағ сарфланди. Шу жумладан, 350 мингга яқин ишсиз фуқароларни вақтинчалик жамоат ишларига жалб этиш учун 235 млрд. сўм, қишлоқ жойларда аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида 85 млрд. сўм, қишлоқ жойларда ва шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш учун 4 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Давлатимиз раҳбарининг илм фанни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларини амалга ошириш учун илмий-тадқиқот муассасалари ходимларини ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштиришга Давлат бюджетидан 662 млрд. сўм маблағ ажратилди. Натижада ушбу соҳа ходимларининг иш ҳақи миқдорлари 2018 йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 82 фоизга оширилди.

Ҳисоботнинг муҳокамаси жараёнида депутатлар ижобий натижаларни эътироф этган ҳолда давлат бюджети ижросига оид айрим камчиликларга ҳам алоҳида эътибор қаратишди. 2019 йилда назорат тадбирлари ўтказилган 8 минг 74 та бюджет ташкилотларининг 6 минг 616 тасида 142,5 млрд. сўм миқдорида молиявий хатоликлар, жумладан, 30,3 млрд. сўм миқдорида пул маблағлари ва моддий бойликларни камомади ва ўзлаштиришлар ҳамда 112,2 млрд. сўм миқдорида ноқонуний харажатлар аниқланган.

Бу ҳолатлар ҳамон бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши устидан самарали назоратни амалга ошириш механизмлари яратилмаганлигидан далолат беради.

Шунингдек, депутатлар бюджет интизоми, шаффофлиги ҳамда ҳисобдорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Бюджетдан маблағ ажратишда аввало улардан кутилаётган самарадорлик ва натижадорликни ҳисобга олиш муҳимлигини таъкидладилар.

Қизғин муҳокамалар давомида парламент қуйи палатаси вакиллари маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш, бунинг учун халқ депутатлари тегишли Кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлигини таъкидладилар.

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарор қабул қилди.

***

Депутатлар шу куннинг ўзида Қонунчилик палатасининг мажлис кун тартибидаги иккинчи масала – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳам кўриб чиқдилар.

Ҳукумат тақдим этган ҳисоботда таъкидлангандек, Президентимизнинг ташаббуслари билан 2020 йил учун давлат бюджети илк бор қонун сифатида қабул қилинди. Бунда ҳар йили қарор билан қабул қилинадиган бюджет шунчаки қонун кўринишига айлантириб қўйилмади, балки бюджет тизимида бир қанча муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, молиявий номарказлаштириш бўйича катта қадам қўйилди, маҳаллий бюджетлар мустақиллиги оширилди, республика бюджети харажатлари ҳар бир вазирликлар бўйича қабул қилинди. Парламентга ҳар бир вазирлик ва идораларни бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали фойдаланилиши ҳамда эришилаётган натижалари тўғрисида ахборотларини эшитиш бўйича қўшимча ваколатлар берилди.

Мазкур чора-тадбирлар иқтисодиёт тармоқларининг 2020 йил I чорагида барқарор ривожланишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. Ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши 4,1 фоизни ташкил этди. Бунда саноат соҳаси улуши – 1,2 фоиз, хизматлар – 1,5 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳаси – 0,5 фоиз, қурилиш соҳаси – 0,4 фоизга тенг бўлди.

Коронавирус пандемияси дунёнинг деярли барча давлатлари халқаро бозорларга ўз таъсирини кўрсатганлиги оқибатида мамлакатнинг ташқи савдо айланмасини 8,1 млрд АҚШ доллар миқдорида бўлишига ёки 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 10,2 фоизга (924 млн. АҚШ долларга) камайишига сабаб бўлди. 2020 йилнинг январь-март ойларида инфляция даражаси – 2,8 фоизни ташкил этди.

Шунга қарамасдан, янги таҳрирда қабул қилинган Солиқ кодексининг ижрога киритилиши иқтисодиётда тадбиркорлик фаоллигини оширишга, даромадларнинг легаллашишига ҳамда давлат бюджети даромадларининг бир маромда тушишига хизмат қилди. Давлат бюджетининг даромадлари 28,5 трлн сўмни , харажатлари эса 27,7 трлн сўмни ташкил этди ёки ЯИМга нисбатан 0,8 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Давлат бюджети даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,6 фоизга ўсиб, белгиланган режа кўрсаткичлари 103,2 фоизга бажарилди.

2020 йил I чорагида Давлат бюджетининг харажатлари 27,7 трлн сўмни ташкил этиб, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 14,6 фоизга ўсди. Бюджет ташкилотларининг қарийб 11 трлн сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 2,2 трлн сўмдан ортиқ иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштирилиши таъминланди.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш харажатлари умумий харажатларнинг 54,5 фоизини ташкил қилди. Соҳадаги йўналишларни молиялаштириш мақсадида Давлат бюджетидан жами 15 трлн. сўм, шу жумладан мактабгача таълим муассасаларига – 1,4 трлн. сўм, умумтаълим мактабларига – 5,6 трлн. сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига – 3,7 трлн сўм, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам, компенсация тўловлари ва аҳоли бандлик даражасини оширишга – 1,5 трлн сўм маблағлар ажратилди.

Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш борасида Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларда белгиланган чора –тадбирларни амалга ошириш учун «Инқирозга қарши курашиш» жамғармаси маблағлари ҳисобидан 344 млрд. сўм ажратилган. Шунингдек, ҳисобот даврида иқтисодиёт харажатларига 2,7 трлн. сўм, Инвестицияларни молиялаштириш харажатларига 1,9 трлн. сўм миқдорда маблағ йўналтирилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, ижобий натижалар билан бир қаторда бюджет маблағларини мақсадли сарфланиши бўйича хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Хусусан, ҳисобот даврида назорат тадбирлари ўтказилган 1 373 та бюджет ташкилотларининг 1 096 тасида 39,9 млрд. сўм миқдорида молиявий хатоликлар, жумладан, 9 млрд. сўм миқдорида пул маблағлари ва моддий бойликларни камомади ва ўзлаштиришлар ҳамда 30,9 млрд. сўм миқдорида ноқонуний харажатлар аниқланган.

Парламент қуйи палатаси аъзолари йиғилишда иштирок этган мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг эътиборини пандемия шароитида Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромад ва харажатларини амалга оширишда келгуси чоракларда кўзда тутилиш лозим бўлган бошқа долзарб вазифаларга ҳам қаратишди. Халқ вакиллари бу борада парламент назоратини янада кучайтириш мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар.

Мажлис якунига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарор тавсиялар билан қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?