Чилонзорда каналдан топилган чақалоқнинг ўлими сабаби аниқланди

23:18 10 Февраль 2020 Жамият
1660 0

Фото: ижтимоий тармоқлар

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Олмазор туманида оқиб ўтувчи сувга чақалоқнинг белига тош боғлаб ташлаб кетилгани ҳақида хабарлар тарқатилди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур хабарларга аниқлик киритди.

Қайд этилишича, ҳақиқатан ҳам, худди шундай ҳолат аниқланган, аммо воқеа ижтимоий тармоқларда айтилганидек, Олмазор туманида эмас, балки Чилонзор туманида содир бўлган.

Шундан сўнг мазкур воқеа бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълумот берди.

Унга кўра, бугун, 10 февраль куни Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Бунёдкор шох кўчаси ёқаси бўйлаб оқиб ўтувчи Анҳор каналидан оқаётган сувдан янги туғилган, ўғил бола жинсига мансуб чақалоқ мурдаси топилган.

Ҳодиса жойига Тошкент шаҳар прокуратураси махсус тезкор-тергов гуруҳи, Чилонзор тумани прокуратураси ва туман ИИО ФМБ раҳбарлари ҳамда ходимлари чиқишди. Махсус тезкор-тергов гуруҳи томонидан ҳодиса жойи ва мурда кўздан кечирилиши давомида, ташқи кўрикда чақалоқ мурдасида жароҳатлар аниқланмаган.

Республика Суд тиббий экспертиза илмий амалий маркази Тошкент шаҳар филиалининг 10.02.2020 йилги 179-сонли дастлабки хулосасига кўра, чақалоқнинг ўлими “Бош юмшоқ тўқималари остига қон қуйилиши. Кефологематома. Туғруқ травмаси”дан келиб чиққанлиги кўрсатилган.

Шунингдек, экспертиза текшируви давомида чақалоқ 38-40 ҳафталик бўлгани ва чақалоқнинг антропометрик белгилари бўйича етук туғилганлиги аниқланди. Мурда бошланғич чириш даврида экани, танасида туғма нуқсон ва бошқа хусусиятга эга бўлган белгилар аниқланмади.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 99-моддаси (Онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдириши) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019