Бюджетни шакллантириш, ижро этиш, маблағлардан фойдаланишда Олий Мажлис палаталарининг мустақиллиги таъминланади

10:20 24 Август 2019 Сиёсат
83 0

Мунисхон Каримова- "Xalq so'zi"-Online. Кеча Тошкент шаҳрида очилган Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси 24 август куни ўз ишини давом эттирди.

Ялпи мажлис иккинчи иш кунида 15 қонун ва ички ишлар, ташқи ишлар вазири, туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ахборотлари эшитилиши ҳамда Сенат ваколатига кирадиган бошқа масалалар кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Сенаторлар дастлаб “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг янги механизмлари жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқдилар.

Сенатор Мухамед Жумагалдиевнинг қайд этишича,бугун амалда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ҳар йиллик бюджети Бюджет кодексига ва Молия вазирлигининг буйруғи билан қабул қилинган “Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга биноан шакллантирилиб, тасдиқланиб, молиялаштириб келинмоқда.

Унга кўра, Молия вазирлиги ҳар йили январь ойининг бошида Олий Мажлис палаталари раҳбарларини республика бюджетидан ажратилиши кўзда тутилган маблағ тўғрисида хат орқали хабардор қилади. Олий Мажлис палаталари раҳбарлари хатда қайд этилган маблағ доирасида харажатлар сметасини тасдиқлаб март ойигача Молия вазирлигига киритади.

Бундан ташқари, палаталар ҳар йили 1 июлга қадар келгуси йил бюджетига таклифларини ҳам шакллантириб, Молия вазирлигига тақдим этишади.

Шундан ҳам бугун мамлакат парламенти бюджетини шакллантиришда қўмиталар, комиссиялар, фракция, депутатлик гуруҳлари ҳамда депутатлар ва сенаторлар талаб, таклифлари тўлиқ ҳисобга олинмасдан қолаётганини кўрса бўлади.

Умуман парламент палаталари фаолиятини молиялаштириш меъёрларини белгилаш, харажатлар сметасини тасдиқлаш билан боғлиқ масалалар ечимида Молия вазирлигининг юқори мавқеига эгалиги яққол кўринади.

Мазкур Қонун мамлакатимиз тарихида, Олий Мажлис палаталарига ўз бюджетларини мустақил равишда шакллантириш имкониятини бериши билан бирга, улар бюджетини ташкил этишнинг яхлит Қонун билан тартибга солинишининг жорий этилишида ҳам муҳим сиёсий аҳамиятга эга.

Қонун 6 та моддадан иборат.

Қонуннинг сиёсий аҳамиятга молик яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, Олий Мажлис палаталари фаолиятини молиялаштириш бўйича маблағларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида алоҳида моддада назарда тутилишининг Қонун билан белгилаб қўйилаётганлигидир. Ушбу меъёр бугунги кунгача мамлакатимиз қонунчилигида мавжуд эмас эди.

Мазкур ўзгариш ўз навбатида бюджетни шакллантириш, ижро этиш, маблағлардан фойдаланишда Олий Мажлис палаталарининг мустақиллигини таъминлаш билан бир қаторда, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишга эришиш масъулиятини ҳам оширади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019