Бухородаги қадимий Мағоки кўрпа масжиди нимаси билан ажралиб туради?

09:21 30 Октябр 2019 Маданият
296 0

Ҳозирги кўриниши

Қадимий Бухоро шаҳридаги Мағоки кўрпа масжиди салкам 400 йиллик тарихга эга.Ўзига хос меъморий ечими билан эътиборни тортадиган бу тарихий ёдгорликнинг қисмати оғир кечди.Хусусан, шўро тузуми даврида у беписандлик, хўжасизлик, ўзибўларчилик қурбонига айланди.Қаровсиз қолдирилди.Ҳатто маълум бир муддат картошка сақланадиган омборга ҳам айлантирилди.

Мабодо, Мағоки кўрпага забон битганида эди ундан тутдай тўкилиб боргани тўғрисидаги аччиқ ва аламли ҳикояни эшитган бўлардик.

Хайриятки, у кунлар ортда қолди.Ҳукуматимизнинг, вилоят ҳокимлигининг саъй – ҳаракати билан бу ноёб обиданинг умрига умр қўшиладиган дамлар келди.

Ҳозирги кўриниши

-Биз ушбу тарихий ёдгорликни амалдаги тартиб – қоидалар асосида маълум бир шартлар билан беш йил муддатга ижарага олдик,-дейди Туркия – Ўзбекистон ҳамкорлиги натижасида юзага келган “Бухоро найс карпет” (“Бухоронинг чиройли гиламлари”) масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бахтиёр Майдунхўжаев.-Ишни табиийки, бу ёдгорликни таъмирлашдан бошладик.Туркиялик ҳамкоримиз Мустафо Чалиш Ган ушбу лойиҳага 320 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритди.Сармоянинг бир қисми реставрация ишларига йўналтирилди.Унинг 150 минг долларига эса зарур асбоб-ускуна, хом ашё харидига сарфланади.Биз бу ерда 100 га яқин иш ўрни яратиб, ипак ва жундан гилам тўқишни йўлга қўймоқчимиз.

Олдинги кўриниши

-Мағоки кўрпа масжидига ишланган безаклар нозиклиги, геометрик жиҳатдан аниқ ечимга эгалиги билан ажралиб туради,-дейди реставратор Зокир Қодиров.-Бу ерда ганчкорлик санъатининг ажойиб намуналарини кўриш мумкин.Афсуски, қаровсизлик ва зилзила оқибатида уларга зиён етган.Биз сақланиб қолган нақшларга таянган ҳолда уларни асл ҳолига келтиришга ҳаракат қилдик. Мағоки (чуқур маъносини беради) кўрпанинг бошқа қадимий масжидлардан фарқланиб турадиган яна бир жиҳати бор.У икки қаватли қилиб қурилган.Бунақаси билишимча, Ўзбекистонда, жумладан Бухорода учрамайди.

Олдинги кўриниши

Унинг биринчи қавати нисбатан чуқурликда жойлашган.Баландлиги олти метр.Қишнинг аёзли кунларида намозхонлар намозни шу ерда ўқишган.Чунки қишда ҳаво ҳарорати бу ерда мўътадил бўлган.Шу далилнинг ўзи ҳам аждодларимизнинг зукколигини,катта ишга қўл урмоқдан аввал етти ўлчаб, бир кесишганини кўрсатади.

Олдинги кўриниши

Дарвоқе, шу ёдгорлик жойлашган Меҳтар Анбар кўчасида истиқомат қилувчи кексалар билан ҳам суҳбатлашдик.Улар қаровсизликдан нураб қолган қадимий ёдгорликнинг таъмирлангани айни муддао бўлганини айтиб, такрор – такрор дуога қўл очишди. Гап шундаки, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ISESCO) томонидан 2020 йилда Бухоро шаҳри “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинган.Шу муносабат билан ҳукумат ҳамда вилоят ҳокимининг тегишли фармойишлари қабул қилинган.Ишчи гуруҳи тузилган.Гуруҳ томонидан маданий мерос объектлари тўлиқ хатловдан ўтказилди.Якунда 303 та объектнинг рўйхати тасдиқланиб, уларни таъмирлаш юзасидан ҳукуматга таклифлар киритилди.Бу эса Мағоки кўрпага ўхшаган яна кўплаб тарихий обидаларнинг таъмирланиб, умрига умр қўшилажагидан дарак беради.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019