Бухорода ёш йигит 65 ёшли отахон билан жанжалда уни ўлдириб қўйди

08:21 05 Июль 2020 Жамият
2275 0

Фото: Тергов департаменти

Бухорода маст ҳолда бўлган ёш йигит ва 65 ёшли отахоннинг жанжали қотиллик билан якунланди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.

Маълум бўлишича, Шофиркон туман касалхонаси 2 июль куни соат 03:25 да туман ИИБга 24 ёшли М.Ф. ва 65 ёшли Я.Н. тан жароҳатлари олиб мурожаат қилганликлари тўғрисида хабар берган. Мазкур хабар асосида ҳодиса содир бўлган жойга тергов-тезкор гуруҳи юборилган.

Олиб борилган терговга қадар текширувда шу куни соат 00:30 да Я.Н. ўз уйида М.Ф. билан спиртли ичимлик истеъмол қилгани, ўрталарида келиб чиққан келишмовчилик ва жанжал оқибатида Я.Н. уйида бўлган темир арматура бўлаги билан М.Ф.нинг бошига бир неча маротаба уриб тан жароҳати етказгани аниқланган.

Шундан сўнг М.Ф. кекса Я.Н.нинг қўлидан темир арматура бўлагини тортиб олиб, уни ҳам танасининг бош, кўкрак, қорин соҳаларига бир неча маротаба қасддан уриб, тан жароҳати етказган.

65 ёшли Я.Н. туман тиббиёт бирлашмасига олиб келиниб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан жонлантириш бўлимида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Шофиркон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан М.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?