«Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига йўловчи поездлар қатнови қайта йўлга қўйилди (Видео)

08:51 18 Май 2020 Жамият
303 0

Фото: Хасан Пайдо / «Халқ сўзи»

Эслатиб ўтамиз, поездларга чиқишда йўловчилар санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси “манфий” эканлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлишлари керак.

Темир йўл вокзалларининг биринчи ўтказиш пунктлари дезинфектор/тоннеллар билан жиҳозланди. Биринчи ўтказиш пунктларида темир йўл ходимлари томонидан пирометр ёрдамида йўловчиларнинг тана ҳарорати ўлчанади.

Тана ҳарорати 37С дан юқори бўлмаган йўловчилар дезинфектор/тоннеллар ёрдамида зарарсизлантирилади ҳамда улардаги мавжуд ниқоб ва қўлқоплар махсус чиқинди қопларига солиниб, уларга янги бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқоплар тақдим этилади, сўнгра вокзалга киришларига рухсат берилади.

Тана ҳарорати 37С дан юқори бўлган йўловчилар соғлиқни сақлаш ходимлари назоратига топширилади. Соғлиқни сақлаш ходимларининг хулосасига кўра йўловчига темир йўл хизматларидан фойдаланишига рухсат берилмайди. Бундай ҳолатларда йўловчига чипта пули ўрнатилган тартибда қайтариб берилади.

Темир йўл вокзалларининг, иккинчи ўтказиш пунктида яъни кириш қисмида йўловчиларнинг тана ҳароратини ўлчовчи махсус ускуналар ўрнатилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, темир йўл вокзалларида санитария — эпидемиологик осойишталиги маркази ҳамда соғлиқни сақлаш ходимлари, шунингдек, тез тиббий ёрдам машиналари доимий фаолият юритади.

Барча йўловчилар темир йўл вокзаллари ҳудудига ҳамда темир йўл транспортларига бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларда киритилади. Йўловчилар темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлашлари ҳамда йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари шарт. Йўловчилар поезд вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилади.

Ўрнатилган вақтинчалик тартибдан кўзланган асосий мақсад, йўловчиларни, умуман аҳолимизни коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилиш, шунингдек, пандемиянинг кенг тарқалишини олдини олишдан иборатдир.

Шу боис вақтинчалик тартибга барча тўлиқ риоя қилиши шарт.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?