Британиялик олимлар машҳур Дамашқ пўлатининг ватани Ўзбекистон эканини айтишмоқда

17:34 20 Сентябр 2019 Маданият
447 0

Буюк Британиянинг Лондон шаҳридаги машҳур Travellers Club клубида “Янги Ўзбекистон: бебаҳо маданий ташаббуслар” мавзуида медиа-ивент ўтказилди. Унда Ўзбекистон маданий меросини тадқиқ этаётган бир гуруҳ британиялик олимлар ва мутахассислар таклиф этилди.

Тадбирда бир қатор қизиқарли маърузалар тақдим қилинди. Хусусан, Лондон университети коллежи Археология институти экспертлар гуруҳи ўз тақдимотида Шарқда довруғ таратган Дамашқ пўлати бугунги Ўзбекистон ҳудудидан қазиб олинган темир рудаларидан ишланганини маълум қилишди. Доктор Миляна Радзявович бошчилигидаги олимлар гуруҳи бир пайтлар Ўзбекистон ҳудудидан конлардан қазиб олинган руда намуналари, қимматли тоғ жинслари ва хомашё маҳсулотларини текширувдан ўтказиб ана шундай қарорга келишди.

Шунингдек, Фарғона водийсида Ахсикент ҳудудидан тигель пўлатини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш кўламини ўрганиш учун кенг қамровли тадқиқотлар йўналтирилган.

Миляна Радзявовичнинг айтишича, IX асрдан бошлаб, Марказий Осиёда, хусусан, бугунги Ўзбекистон, Туркманистон ва Ҳиндистон ҳудудларида бир қатор пўлатни қайта ишлаш марказлари фаолият кўрсатган.

“Муттасил савдо алоқалари ва маҳсулот айирбошлаш орқали илк ислом маданияти даврида Марказий Осиёда ишланган пўлат Дамашққача кириб борган. Ушбу хомашёдан дамашқлик усталар дунёга машҳур қилич ва шамширларни ясашган” дейди Радзявович.

Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов ушбу тадқиқотнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади:

“Британиялик олимларнинг ушбу изланишлари биз учун ғоят муҳим. Ҳозир биз ўта шов-шувли кашфиёт остонасида турибмиз. Бу кашфиёт нафақат машҳур Дамашқ қиличлари ҳақидаги анъанавий тасаввурларни ўзгартиради, балки Ўзбекистон буюк ипак йўлида қанчалик муҳим роль ўйнаганини яна бир бор исбот этади” – дея қайд этди Ф.Абдухолиқов.

Эслатиб ўтамиз, ушбу тадбир Ўзбекистон ҳукумати, мамлакатимизнинг Буюк Британия ва Шимоли Ирландиядаги элчихонаси кўмагида, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти, ЎзЭОАВМА, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва нефть хизматларини кўрсатувчи халқаро “Eriell Group” компанияси билан ҳамкорликда ўтказилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019