Бор ҳолатни яширишдан ким манфаатдор — Ўзбекистонда коронавирусни юқтирганларнинг аниқ сони қанча?

18:54 10 Сентябр 2020 Жамият
4746 0

Архив сурат

Кейинги пайтларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериб борилаётган мамлакатимизда коронавирус инфекцияси қайд этилиши билан боғлиқ кунлик статистика борасида турли-шубҳа гумонлар бот-бот тилга олинмоқда. Турли ижтимоий тармоқларда, одамларнинг оғзида юрган гап-сўзларга қараганда аслида мамлакатимизда касалликни юқтириб олганлар ва ушбу инфекция асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони кунлик бериб борилаётган статистикадан қараганда кўпроқ.

Лекин Ўзбекистон Соғлиқ сақлаш вазирлиги мутасаддилари ана шу масала юзасидан берилган саволларга бундай гап-сўзлар асоссизлигини таъкидлаб, рақамларни яширишдан манфаат йўқлигини таъкидлашди.

Хуллас, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, 2020 йил 9 сентябрь соат 23:30 ҳолатида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони яна 149 нафарга кўпайиб, 44 930 нафарга етган. 42 212 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган. Соғайиш кўрсаткичи 94 фоизни ташкил этмоқда. Ушбу инфекция асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 366 нафарга етган. Ҳозирда мамлакатимизда 2 352 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 427 нафари оғир, 224 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Хўш, аслида ҳам бор вазият шундайми? Кузатишларимизга қараганда, одамлар орасида юрган гап сўзларга асос бордек. Ахир шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди деб бежизга айтишмаган.

Яна Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикаси қайтамиз. Ушбу статистикада 2020 йил 9 сентябрь соат 23:30 ҳолатига кўра, Қашқадарё вилоятида 1013 нафар инфекцияни юқтириш ҳолати қайд этилган бўлиб, шундан 941 нафар бемор соғайгани, 12 нафар бемор эса коронавирус инфекция асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмгани, 60 нафар бемор даволанаётгани қайд этилган.

Аммо, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси берган маълумотлар эса умуман бошқача. Хусусан, 2020 йил 9 сентябрь куни Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг «Телеграм» каналида «Геолог» спорт мажмуасидаги тақсимлаш марказида айни пайтгача 246 нафар беморга тиббий хизмат кўрсатилди” сарлавҳали хабар тарқатилди. 

Унда қайд этилишича, Қарши шаҳридаги «Геолог» ёпиқ спорт мажмуасида ташкил этилган 350 ўринли COVID-19 махсус тақсимлаш маркази жорий йилнинг 3 сентябрь куни ўз фаолиятини бошлаган. У ерда айни пайтгача 246 нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатилди.

Марказ бош шифокори Равшан Тўлаковнинг қайд этишича, беморлардан 150 нафари стационарга ётқизилган. 96 нафар беморга амбулатор ёрдам кўрсатилиб, тегишли тавсиялар берилган. Стационардаги беморларнинг 16 нафарининг саломатлиги тикланиб, уйига жавоб берилди, 6 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ўтказилди.

Айни пайтда у ерда 122 нафар бемор стационар шароитда даволанмоқда. Уларнинг 4 нафари ўта оғир, 18 нафари оғир, 68 нафари ўрта оғир даражада. 22 нафар бемор кислород оляпти, 8 нафар бемор сунъий нафас олдириш ускунасига уланган...

...Тиббий ёрдамни сифатли ташкил этиш учун барча имкониятлар яратилган. Марказ 1 та мобил рентген, 1 та ультратовуш, 1 та дефибриллятор, 2 та ЭКГ, 5 та СПАП, 3 та ИВЛ ускуналари билан таъминланган. Клиник ва биохимик лабораториялар фаолият кўрсатмоқда”.

Бу Қашқадарё вилоятидаги коронавирусни даволашга ихтисослаштирилган битта марказдаги беморлар сони. Бундан ташқари, 9 сентябрь куни Ғузор туманидаги «Шўртан» спорт саройида ташкил этилган COVID-19 махсус тақсимлаш маркази ҳам ўз фаолиятини бошлаган. 150 ўринли мазкур марказда беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун етарли имкониятлар яратилган.

Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади — бир вилоят миқёсида рақамлар икки баробар кўп!

Демак, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, ҳозир биргина«Геолог» спорт мажмуасидаги тақсимлаш марказида 122 нафар бемор даволанмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган статистикада эса айни пайтда вилоятда 60 нафар бемор даволанаётгани ва соғайиш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этгани кўрсатилмоқда. Хўш, нега бунчалик фарқ?

Жорий йилнинг 28 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари кун тартибидаги асосий масалага ўтишдан олдин коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталиб, ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирган ва бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидлаган эди. 

Давлат раҳбари асл вазиятни борича айтишга даъват қилиб турган вақтда бор вазиятни яширишдан ким манфаатдор? Агар бир вилоят миқёсида шунчалик катта фарқ бўлса, мамлакат миқёсида асл рақамлар қанча?

Ушбу ҳолат юзасидан мутасаддилардан изоҳ кутамиз ва мавзуга яна батафсил қайтамиз...

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?