Болалар – оиланинг қувончи, давлатимизнинг умиди ва кучидир

16:12 01 Июнь 2020 Сиёсат
169 0

Юртимизда болаларни жон дилидан яхши кўрмайдиган, уларни суйиб эркаламайдиган оила бўлмаса керак. Халқимиз болажон халқлиги билан танилган. Бунга буюк тарихимиздан бир қатор мисолларни келтириш мумкин, албатта.

Юртдошларимиз мамлакатимизда болалар ҳуқуқини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Таъкидлаш жоизки, амалдаги қонунчиликда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда уларнинг ҳимоясига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Яқиндагина Сенат аъзолари маъқуллаган ва Президентимиз томонидан имзоланган «Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун фикримизнинг ёрқин далилидир.

Бу эса болалар ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, уларга ҳуқуқий муносабатларда қўшимча кафолатлар бериш ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш каби мақсадларни таъминлайди.

Яна бир жиҳат. Куни кеча бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида Президентимизнинг «Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди, десак муболаға эмас. Мазкур ҳужжат билан бола ҳуқуқлари бўйича вакил давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган ҳолда фаолият юритиши ва дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланиши белгилаб берилди.

Бундан ташқари, давлатимизда тарбия муассасаларини тамомлаган уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тураржой билан таъминлаш тегишли қонуности ҳужжатлар билан мустаҳкамланган.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда болаларнинг мазмунли дам олиши ҳамда мунтазам тиббий кўрикдан ўтиши учун барча шарт-шароитлар яратилиб, уларни моддий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилган. Зотан, болалар – оиланинг қувончи, давлатимизнинг умиди ва кучидир.

Азиз болажонларимизни 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан самимий муборакбод этамиз. Ўғил-қизларимизнинг кулгуси баралла янграсин, беғубор ниятлари, албатта, ушалсин!

Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ,

Олий Мажлис Сенати

Ёшлар, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?