Бодикамерасиз ЙПХ ходими ва ҳайдовчи можароси: ким ҳақ, ким ноҳақ? 

23:50 21 Май 2020 Жамият
128 0

Иллюстратив фото

Ижтимоий тармоқларда “Бодикамерасиз ЙПХ ходими фуқарони қўл телефонини уриб, ўзиниям камситиб, автомобилига ўтириб олди” сарлавҳали видеолавҳа тарқалган эди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати​ шу бўйича муносабат билдирди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 21 май куни соат 17:10 ларда, Навоий вилояти, Учқудуқ туманидан Зарафшон шаҳри йўналиши бўйича бир нафар йўловчи билан ҳаракатланиб келаётган “Лабо” русумли 85 866 ТАА давлат рақам белгили транспорт воситаси “Учқудуқ” тўсиқ постида хизмат олиб бораётган Миллий гвардия ходимлари томонидан дезинфекция чораларини кўриш мақсадида тўхтатилиб, ҳайдовчидан транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини тақдим этиши, ушбу маълумотлар постда юритилаётган журналга қайд этилишини маълум қилишган.

Шунда, ҳайдовчи Миллий гвардия ходимларига ушбу постдан ҳар куни ўтиб қайтишини, ҳар сафар ҳужжатларини кўрсатмаслигини айтиб, улар билан тортишиб турган вақтида, ушбу постга хизматга жалб этилган Учқудуқ туман ИИБ ЙҲХГ маъмурий амалиёт инспектори А.Умаржонов постда жойлашган хизмат хонасидан чиқиб келиб, ҳолатга аралашиб ҳайдовчидан ҳужжатларини тақдим этишини сўраган.

Ҳайдовчи унга ҳужжатлари йўқлигини маълум қилганидан сўнг, ЙПХ ходими А.Умаржонов уни автомашинадан тушишини, автомашинаси эса жарима майдонига қўйилишини айтган.

Ҳайдовчи автомашинадан тушганидан сўнг А.Умаржонов унга тегишли автомашинани жарима майдонига қўйиш мақсадида рул бошқарувига ўтирган вақтида автомашинада ўтирган йўловчи ходимнинг ҳаракатларини видеотасвирга олишни бошлаб, ходимга нима сабабдан бодикамерасиз хизмат олиб бораётганлигини айтиб, турли важлар келтириб, уни ҳаракатларини ижтимоий тармоқларга жойлаштиришини маълум қилган ва уларни қўйиб юборишини сўраган.

Шу вақт ходим уни видеотасвирга олишига қаршилик кўрсатмоқчи бўлган. Шундан сўнг, А.Умаржонов томонидан ушбу транспорт воситаси ҳайдовчиси А.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194 ва 135-моддаларига кўра баённома расмийлаштирилиб, автомашинаси эвакуатор ёрдамида жарима майдонига қўйилган.

Шу куни А.Умаржонов хизматга чиқишидан олдин бодикамерасини навбатчилик қисмидан олган бўлса-да, ушбу ҳолат содир бўлган вақтда у бодикамерасини шу постда жойлашган хизмат хонасида унутиб қолдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?