БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон томонидан тайёрланган “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” резолюцияси қабул қилинди

14:29 21 Декабрь 2019 Welcome to uzbekistan
1031 0

Нью-Йоркда 19 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш“ махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси томонидан ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. 

БМТнинг 2015 йил қабул қилинган 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги глобал кун тартибида туризмга иқтисодиётнинг мамлакатлар барқарор ривожланишига ҳисса қўшадиган асосий тармоқлардан бири сифатида муҳим аҳамият қаратилган. Хусусан, туризм янги иш ўринлари яратиш, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ортиши, савдо ва экспортнинг ўсишига таъсир кўрсатади ҳамда дунёдаги маданий хилма-хилликни сақлашга ёрдам беради. 

Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (БМТ ЖСТ) маълумотига кўра, туризм соҳасидан келаётган йиллик даромад жаҳон экспортининг қарийб 7 фоизи ва жаҳон ЯИМнинг 10 фоизини ташкил этмоқда. 400 тармоқни қамраб олган туризм йилига 1,5 триллион доллардан зиёд даромад келтираётган соҳа сифатида сўнгги йилларда дунё миқёсида барқарор ўсишни кўрсатаётган ягона тармоқдир. 

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш“ номли резолюциясини қабул қилиш ташаббуси илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил апрель ойида Пекинда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан “Бир макон, бир йўл“ халқаро форуми доирасидаги учрашувда илгари сурилган эди. 

Ушбу ташаббусни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан БМТ Котибияти ва БМТ ЖСТ билан ҳамкорликда ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унинг БМТга аъзо давлатлар томонидан тасдиқланиши йўлида изчил ишлар бажарилди. 

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳужжат лойиҳаси барча зарурий тасдиқлаш тартиботларидан ўтди. Жумладан, Ўзбекистон жорий йил сентябрь ойида резолюция лойиҳасини БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессияси иккинчи қўмитаси кун тартибига киритди. Мазкур қўмита иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланиш масалаларини кўриб чиқишга ихтисослашган. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси ҳужжат мазмунини маромга етказиш ва такомиллаштириш мақсадида октябрь ва ноябрь ойлари мазкур нуфузли халқаро ташкилотга аъзо давлатлар билан қатор маслаҳатлашувлар ўтказди. Жорий йил 14 ноябрь куни БМТнинг иккинчи қўмитаси ўз мажлисида консенсус асосида резолюция лойиҳасини қабул қилди ва уни БМТ Бош Ассамблеясига кўриб чиқиш учун тавсия этди. 

19 декабрь куни Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси амалга ошди. БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлиси чоғида БМТга аъзо давлатлар умумий консенсус асосида “Марказий Осиёда барқарор туризм ва жадал ривожланиш“ резолюциясини бир овоздан қабул қилди. 

Шуниси диққатга сазоворки, Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган мазкур ҳужжатга Шимолий ва Лотин Америкаси, Осиё, Африка ва бошқа қитъаларнинг 50 дан ортиқ мамлакати ҳаммуаллифлик қилди. Бу эса халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистон раҳбари ташаббуси долзарб аҳамият касб этиши ва юксак эътироф этилганини намоён этди. Ҳаммуаллифлар орасида Бразилия, Вьетнам, Индонезия, Ҳиндистон, Ирландия, Исроил, Хитой, Канада, Норвегия, Марокаш, Жанубий Корея, Россия, Сингапур, Сенегал, Туркия ва бошқа давлатлар бор. 

Резолюцияда Марказий Осиё давлатлари томонидан БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги глобал кун тартибини бажариш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар, минтақада барқарор туризмни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилаётган турли халқаро тадбирлар, шунингдек, мамлакатларнинг туризм соҳасига халқаро молия ва инвестицияларни жалб этиш бўйича ишлаб чиқаётган чора-тадбирларининг муҳим экани қайд этилади. 

Ҳужжатда белгиланишича, Буюк ипак йўлининг Марказий Осиё ҳудуди орқали ўтгани, минтақа мамлакатларининг жаҳон бозорларида туризмни тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари хорижлик сайёҳларнинг Марказий Осиёга бўлган қизиқишининг янада ортишига хизмат қилмоқда. 

Бундан ташқари, БМТга аъзо давлатлар резолюцияда Марказий Осиё давлатларининг минтақавий барқарорлик ва изчил тараққиётни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссасини юксак баҳолаган, минтақада иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракат ва ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини қайд этган. 

БМТ Бош Ассамблеяси ташкилотга аъзо давлатлар, манфаатдор томонлар ва Жаҳон сайёҳлик ташкилотига Марказий Осиё давлатлари томонидан минтақада барқарор туризмни тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашни таклиф этган. 

Ҳужжат БМТга аъзо давлатларни Марказий Осиёда барқарор туризмни ривожлантиришга қаратилган йирик тадбирларда фаол иштирок этишга чақиради. Бу эса минтақада сайёҳлик тармоғи ривожига хизмат қилади. 

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ушбу резолюциянинг бир овоздан қабул қилиниши Ўзбекистон раҳбариятининг Марказий Осиё давлатлари ўртасида туризмни ривожлантириш, илм-фан, техника, инновация ва сайёҳлик соҳаларидаги алоқаларни чуқурлаштириш орқали яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганини намойиш этди, дейилади “Дунё” ахборот агентлиги хабарида. 

ЎзА

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?