Бир корхонадан ҳам ипак, ҳам чой етказиб берилади

11:47 14 Август 2019 Жамият
79 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Бунда кластер усулида ишлаш қўл келаяпти

 Диққатга молик далил: жорий йилда “Бухоро бриллиант силк” масъулияти чекланган жамияти илк бор Европага, аниқроғи, Италияга ўз маҳсулотини экспорт қилди. Корхонанинг хорижий буюртмачилари сафида эса Хитой, Эрон, Россия, Афғонистон, Туркия сингари давлатлар вакиллари бор. Жамият раиси ўринбосари Муртазо Қодировнинг маълум қилишича, шу кунга қадар  2 миллион 175 минг АҚШ доллари миқдоридаги ипак калава ва газлама экспортга жўнатилди.

Foto: Hasan Paydoyev / "Xalq so'zi"

 -Ютуқларимизга кластер усулида ишлаш, илғор технологияларни жалб этиш, малакали кадрларга таяниш  пойдевор вазифасини ўтаяпти,- дейди у.- Корхонамиз ихтиёрида икки минг гектар ер бор.Пешку, Ғиждувон, Шофиркон, Ромитан, Бухоро туманларида жойлашган бу майдонларда тут плантациялари барпо этганмиз.Жойларда пиллани қабул қилиш пунктлари фаолиятини йўлга қўйганмиз.Бир сўз билан айтганда, пиллани етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлангунга қадар бўлган барча  жараённи ўз кучимиз билан бажараяпмиз.

Foto: Hasan Paydoyev / "Xalq so'zi"

 Ипак қуртини мўъжизага қиёслаш мумкин.У минг чандон уриниб, пиллани яратади.Пилладан эса инсон ақл – заковати билан мўъжизакор матолар дунёга келади.Бунга қадар эса..

-Пилла тайёр маҳсулотга айлангунга қадар ўнга яқин жараён бажарилади.- дейди саралаш цехи ишчиси Лола Жўрабоева.-Биз унинг сарагини саракка, пучагини пучакка айлантирамиз.Қандай қилиб дейсизми?Кўзимиз билан кўриб, қўлимиз билан ҳис этамиз.Масъулият катта.Чунки маҳсулот сифати кўп жиҳатдан бизга боғлиқ.

Foto: Hasan Paydoyev / "Xalq so'zi"

Корхонада инновацион технологияларни жорий этишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.Мана, тўқув цехини олинг.Бу ерда айни пайтда Италиядан олиб келинган “Itema” русумли бешта дастгоҳ ишлаб турибди.Таъмирловчи Рустам Тойировнинг таъкидлашича, бу ускуналар турдошларидан тезлигининг юқорилиги, энергия тежамкорлиги, сифатли маҳсулот тайёрлаши билан ажралиб туради.Турдош дастгоҳлар 8 соатда 10 – 12 метр газлама тўқий олса, бу “ақлли машина”да ушбу кўрсатгич 30 метрни ташкил этади. Бунинг учун зарур маълумотларни унинг хотирасига киритиш, кифоя. Бельгиядан харид қилинган гул тўқийдиган ускуналар хусусида ҳам худди шундай фикрни билдириш мумкин.

-Касбимни яхши кўраман,-дейди ишчилардан бири Дилафрўз Сафарова биз билан суҳбатда.-Шофиркон туманиданман.Икки йилча муқаддам ишдан бўшаб кетгандим. Аммо ўйлаб қарасам, бу жамоага ипсиз боғланиб қолган эканман. Корхонадагилар ҳам “Ишга қайт” деб қолишди. Рози бўлдим.Я на қадрдон жамоамда ишлаяпман. Хурсандман. Биз учун барча шарт – шароитлар яратилган.

Foto: Hasan Paydoyev / "Xalq so'zi"

 Корхонанинг тикув цехи ва фирма дўконига кирган киши кластер усулида ишлаш афзалликларига яна бир карра ишонч ҳосил қилади. Дизайнер Сурайё Нарзуллаеванинг билдиришича, бу ерда 2,5 мингдан зиёд  миллий дизайндаги матолар бор.

-Қадимий Бухоронинг тарихий обидаларидаги бетакрор нақшлар, музейларда сақланаётган адрасу атласлар, сўзаналарни кўриб, ўрганамиз. Улар бизга туртки вазифасини ўтайди. Ижодий изланишлар олиб борамиз,- дейди у.- Меҳнатимиз маҳсулини кўрганда, биз яратган дизайндаги ипак матоларни хорижий сайёҳлар харид қилишаётганида шунақанги роҳатланамизки, асти қўяверинг...

 Айтмоқчи, корхона тадбиркорлари янги лойиҳалар рўёби устида ишлашмоқда.Шу ўринда бир мисол.Корхона тут баргидан шифобахш чой ишлаб чиқариш лойиҳасини рўёбга чиқармоқда. Бу лойиҳани мамлакатимиз Президенти Бухорога қилган ташрифи чоғида қўллаб – қувватлаган эди.Шунга кўра, Ғиждувон туманида тут баргидан чой тайёрлашга ихтисослаштирилган корхона барпо этиляпти. Йилига 200 тонна шифобахш чой ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ноябрь ойида ишга тушади.Табиийки, “Бухоро бриллиант силк”нинг экспорт салоҳияти ҳам ошади.Жорий йил якунига қадар корхона хорижий буюртмачиларга 4,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот етказиб бериш мақсадини ўз олдига қўйган.  

Истам ИБРОҲИМОВ,
(“Халқ сўзи”)

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019