Беҳбудий ҳаёт бўлганида бугун ким бўлар эди?

03:27 21 Май 2020 Маданият
253 0

Бир дасти риё, дасти жафо, дасти хиёнат
Мумкинми сани айласа, кетдикча сиёсат?!
Йўқ, йўқ келур албат, келур албат,
Золимлари тард этмага, маҳв этмага навбат!
Эй қотила, эй фожира, эй фитнаи Турон!
Турон эли фитнанг ила бўлсунму паришон?!
Бир кун келур албат, ожизлара навбат…

Садриддин Айнийнинг Беҳбудий қатлгоҳига бағишлаб ёзган ушбу шеърни ўқир эканмиз, илм аҳлига қилинган зулм бир кун қора булутдай тарқалиши, ёруғ кунлар келишига қатъий ишончни, исённи кўрамиз. Мана бугун улар истаган замон келди. Гарчанд ўзлари ўзларига армон бўлиб қолган бўлса-да... Бу йил ўзбек миллий драматургияси асосчиси, саҳна санъатини ривожлантирган улуғ маърифатпарвар инсон Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигини нишонлаймиз. Шу муносабат билан таҳририятимиз “Беҳбудий ҳаёт бўлганида бугун ким бўлар эди?” саволи доирасида блиц-сўровнома ўтказди.

Турдали СЕЙДУЛЛАЕВ, ёш тарихчи:

– Ҳамма соҳанинг тараққиёт илдизи – таълим. Таълим ривожланса қолган соҳалар ўз-ўзидан ривожланиб бораверади. Жадид аждодларимиз буни билган. Шу сабаб ўз ҳаракатларини янги мактаблар очиш билан бошлаган. Янги мактабларда диний таълимот билан бирга, жуғрофия, тарих, математика ва бошқа дунёвий илмлар ҳам биргаликда ўргатилиб бошлаган.

Биламизки, жадидчилик сўзи арабчадан янги усул деган маънони англатади. Жадидларнинг бош мақсади Туркистон ўлкасини мустабид шўро империясидан озод қилиш эди. Бу мақсадни маданият ва маърифатни ривожлантириш, маҳаллий халқ орасида зиёлилар қатламини шакллантириш, аҳоли орасида илм-фанга қизиқиш уйғотиш орқали амалга оширишга интилган. Шундан келиб чиқиб, агар жадидлар бугун ҳаёт бўлганида илм-фан, санъат, маданият ва бошқа бир қатор соҳаларнинг йирик арбоблари бўлиб етишган бўлар эди, десак янглишмаймиз.

Шерзод СУЮНОВ, Самарқанд давлат чет тиллари институти Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи, тарих фани ўқитувчиси:

– Беҳбудийнинг “Ҳақ олинур, берилмас” деган олтин ибораси бугунги кунимизда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Унинг ҳикматларида миллий ўзликни англашнинг бетакрор ифодасини кўрамиз. Унинг ҳаёт йўли айниқса ёшлар учун катта маънавий мерос, ибратли мактаб вазифасини ўтайди.

Беҳбудий. Шўролар даврида бу ном халқимиз хотирасидан ситиб чиқарилди, узоқ йиллар тилга олинмади. Тилга олинганида ҳам “халқ душмани”, “миллатчи”, “Ватан хоини” каби турли туҳматлар билан эсланди. Уни жоҳилликда, маърифатсизликда айблаган “олимлар” ҳам топилди. Ҳолбуки, тарих тамом бошқа эди. Биз жадидлар билан бирга катта йўқотиш қилганмиз. Шунга қарамай, бизга юксак маънавий мерос қолди. Агар бугун ана шу фидойи маърифатпарварлар, хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёт бўлганида яна кўп кучли нотиқ, ҳар соҳада фаол ва етакчи зиёлиларни етиштирган бўлар эди.

Гулшан САЪДУЛЛАЕВА, Пекин тил ва маданият университети талабаси:

– Мен хитой тили ва маданиятининг Ўзбекистонда ўргатилиши ҳақида илмий иш қилмоқдаман, шу боис тадқиқот мобайнида ўзбек ва хитой илм-маърифат фидойиларини бирдай ўрганиб боряпман. Бугунгача ўрганган хитойлик маърифатпарвар етакчилар қаторида жадидлар билан замондош бўлган Яньфу, Вэи Юань каби зиёлиларни мисол қилиш мумкин. Улар ҳам аждодларимиз каби кўп тазйиқларга учраган, аммо ҳамиша мақсад сари олға интилган.

Битирув малакавий ишим тил ва маданият билан боғлиқ экан, ўзбек адабиёти, матбуоти, маданиятининг атоқли намояндаси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида билишим зарур. Биламизки, у 18 ёшидан қозихонада мирзалик қилиб, қози, муфти даражасига кўтарилган. Қолаверса, Беҳбудий ҳаж сафарида бўлган чоғида Арабистон, Миср, Туркияни кезиб чиққан. Шу маънода, агар бугун Беҳбудий ҳаёт бўлганида кучли дипломат бўлар эди деб ўйлайман.

Муқимжон ҚИРҒИЗБОЕВ, сиёсий фанлар доктори, профессор:

– Жадидлар ҳақида сўз борганда, айниқса, Беҳбудий тўғрисида бир сўз айтиш жуда қийин. Ақлу зеҳни, қатъияти, маънавий жасорати бобида бугунгача кўплаб китоблар ёзилди, рисолалар битилди. Жадидларнинг бош мақсади ўзлари ўқиб келган, ўша даврдаги ривожланган давлатлар қаторига Туркистонни қўшиш эди. Улар маълум маънода бунга эришди ҳам. Ўз жонлари эвазига...

Беҳбудий ҳаёт бўлганида, бир сўз билан айтганда, замонамиз қаҳрамони бўлар эди. Турли тазйиқлар даврида ҳам ўзбек театрига асос солган инсон агар бугун орамизда бўлганида, шубҳасиз, яна кўп кашфиётлар қилган бўлар эди.

Юлдуз ЎРМОНОВА ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?