Бебаҳо қадриятлар тараннуми

09:17 05 Апрель 2019 Маданият
279 0

Бугун Халқаро бахшичилик санъати фестивали бошланади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Сурхондарёда Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилиши халқимизнинг қадимий санъатини авайлаб асраш, ўрганиш, тарғиб қилиш, ривожлантириш ҳамда моҳир ижрочиларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Бугун Термиз шаҳри байрамона тусга кирган. Асосий байрам тадбирлари бўлиб ўтадиган 32 гектардан иборат майдонда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг рамзий қўрғонлари бунёд этилган. Бу ерда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ҳаёт тарзи, халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати, майдон томошалари, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларини ифода қилувчи кўргазмалар ташкил этилган. Дунёнинг турли нуқталаридан бахши-шоирлар, оқин ва жировлар, санъат ихлосмандлари, сайёҳлар жам бўлган. 

Шу ўринда ушбу нуфузли анжуман нега айнан Сурхондарёда ўтказилмоқда, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Зеро, юртимизнинг ҳар гўшаси қадимий, ҳар ҳудуднинг бетакрор табиати, ўзига хос қадрият ва анъаналари бор. 

Сурхон элида эса халқ оғзаки ижоди дурдоналари бор ҳолича сақлаб келинмоқда. Шунингдек, ушбу ҳудуд инсониятнинг илк манзилгоҳларидан бири сифатида тан олинган. Мачай ғоридан топилган неандерталь даврига оид инсон танаси қолдиқлари Бойсун ҳақида кўпдан-кўп шов-шувларга сабаб бўлганди. Ҳозирги кунда ҳам дунёнинг тарихчи, археолог, этнограф, фольклоршунос олимлари бу замин тарихи, унинг ўтмиши ва бугуни ҳақида ўз тадқиқотларини давом эттиришмоқда. Бинобарин, ушбу битмас-туганмас ноёб маданий мерос намуналари бугун ҳам ўзининг сержилолиги билан барчани мафтун этаётир. Бу ерда халқ оғзаки ижоди намуналари, миллий ҳунармандчилик турлари аждодлардан авлодларга ўтиб, янада сайқал топмоқда. 

Яна бир муҳим жиҳат. 1999 йилда Термизда ЮНЕСКО шафелигида “Алпомиш” достонининг 1000 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланганлиги ҳам бежиз эмас. Ўзбек халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдонаси “Алпомиш” достонининг яратилиши ҳам айнан Бойсуннинг узоқ ўтмиши билан чамбарчас боғлиқ. Ушбу достонда, гарчи маълум бир ҳудуд одамлари, уларнинг тарихи, маданияти, миллий урф-одат ва анъаналари ҳақида ҳикоя қилинса-да, у умуминсоний қадриятларни ҳам ўзида ифодалаган юксак оғзаки ижод маҳсулидир. “Алпомиш” достони давр ва замонлар синовидан ўтиб, кишиларга юксак руҳий мадад, маънавий озуқа бахш этиб келяпти. Шу боис Бойсун 2001 йилда ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари” сифатида эътироф этилди. 2008 йилда эса Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилди. 

Олимларнинг эътироф этишича, “Алпомиш” достонининг қирққа яқин вариантлари мавжуд бўлиб, у турли ҳудудларда ўзига хос талқин этилади. Бинобарин, ушбу достон халқ оғзаки поэтик ижодининг ёрқин намунасидир. Унда ватанпарварлик, халқпарварлик, соф инсоний фазилатлар, покиза муҳаббат туйғулари зўр маҳорат билан куйланган. 
“Алпомиш” достонини 1939 йилда таниқли шоир Ҳамид Олимжон Фозил Йўлдош оғзидан қоғозга туширган бўлса, кейинчалик фольклоршунослар бу достоннинг турли муқобил ва версияларини бахшилар тилидан ёзиб олишган.

“Алпомиш” Сурхондарёдаги машҳур Шеробод достончилик мактаби томонидан ҳам мазмунан бойитилиб, асраб-авайлаб куйлаб келинади. Мактаб асосчиси Шерна бахши (Шерназар) Умр шоир, Шотўра бахши, Мардонақул бахши, Боймурод бахши каби йигирмага яқин етук бахши-шоирларга устозлик қилган. Кейинги йилларда воҳада “Алпомиш” достонининг бир неча янги вариантлари китоб ҳолида чоп этилди. Жумладан, яқинда Ўзбекистон халқ бахшилари Абдуназар Поёнов ва Умр бахши Сафаров талқинидаги достон китоб ҳолида жамоатчилигимизга тақдим этилди. 

Халқаро бахшичилик санъати фестивалида “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” ва бошқа достонларнинг янграши кутилмоқда. 

Фестиваль кунлари вилоят бўйлаб турли маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Тадбирлар доирасида бахшиларнинг халқаро кўрик-танлови, учрашувлар, илмий-амалий анжуманлар ташкил этилади. Меҳмонлар тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларга саёҳатга чиқади. Маҳаллий ва хорижлик меҳмонлар Сурхондарё вилоятининг турли ҳудудларида бўлиб, энг яхши фольклор-этнографик халқ ансамбллари, бахшилар ҳамда маданият марказларининг ранг-баранг дастурларидан баҳраманд бўлади.

Нуфузли санъат анжуманини мамлакатимизда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситаларининг 200 дан ортиқ ходимлари, шунингдек, 20 давлатдан ташриф буюрган 30 га яқин журналистлар ёритиб бормоқда.

Илҳом РАҲМАТОВ
(«Халқ сўзи»). 
Динара ЧИРКОВА олган суратлар

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019