Банк-молия соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

10:35 01 Ноябрь 2019 Ҳужжатлар
234 0

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг қарори

Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли институционал ислоҳотлар доирасида молия секторининг барқарорлигини, унинг глобал молия тизимига интеграциялашувини таъминлаш, банк хизматларининг сифатини ва улардан фойдаланиш имкониятларини, биринчи навбатда, хусусий бизнес ва аҳоли учун ошириш чоралари кўрилди.

Давлат улушига эга бўлган тижорат банкларида замонавий корпоратив бошқарув тамойиллари, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, фаолият самарадорлиги ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш орқали уларнинг шаклини ўзгартириш борасидаги ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, банк секторини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар илғор халқаро амалиётни инобатга олган ҳолда банк соҳасидаги кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг замонавий усулларини жорий этиш асосида тижорат банклари ходимларининг билими ва малакасини оширишни тақозо этмоқда.

Корпоратив бошқарув, молиявий менежмент, аудит, молиявий хатарларни бошқариш, ахборот-коммуникация технологиялари, қимматли қоғозлар бозори соҳаларида банк секторининг юқори малакали кадрларини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, банк ходимларини баҳолаш ва рағбатлантиришнинг илғор халқаро тажрибасини жорий этиш мақсадида:

1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси банк тизими кадрлари салоҳиятини ривожлантиришнинг асосий тамойиллари этиб белгилансин: 

кадрлар тайёрлашга нисбатан халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага асосланган тизимли ёндашув;

тижорат банкларининг бошқарув, ўрта ва қуйи бўғин ходимлари меҳнатига уларнинг малакаси, билими ва аниқ иш натижаларидан (KPI) келиб чиққан ҳолда ҳақ тўлашнинг бонусли тизимини жорий этиш;

кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг узлуксизлиги, ўқитиш дастурларининг замонавий тижорат банклари томонидан кенг фойдаланилаётган рақамли технологияларга мувофиқлигини таъминлаш;

тегишли лавозим учун талаб этиладиган малака ва тажрибага эга бўлган бошқарув ходимларини, инвестицион банкинг, лойиҳавий молиялаштириш, хатарларни бошқариш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги мутахассисларни тайёрлашни таъминлаш;

ўқиётган кадрларга тактик ва стратегик истиқболдаги самарали ишлаш учун зарур билимларни бериш ва кўникмаларни шакллантириш;

бизнес юритишнинг умумий тамойилларини ва ягона корпоратив маданиятни шакллантириш;

банк мутахассислари, ўқитувчилар таркиби ва талабаларни банк ишининг аниқ йўналишлари бўйича хорижий банкларда ва таълим муассасаларида ўқитиш ҳамда стажировкадан ўтказиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (кейинги ўринларда – “Ўзмиллийбанк”), Марказий банк, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси банкларининг:

Банк-молия академиясини (кейинги ўринларда – Академия) “Ўзмиллийбанк” тасарруфига ўтказиб, уни Академиянинг таъсисчиси этиб белгилаш;

2018 ва 2019 йилларда Академия магистратурасига қабул қилинган шахслар учун магистратура мутахассисликлари бўйича амалдаги таълим дастурларини, шунингдек, Академиянинг сарф-харажатларини магистратурада давлат гранти асосида таълим олаётган шахсларнинг ўқиши тугагунга қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаб қолиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

3. “Ўзмиллийбанк”:

а) 2020 йилнинг 1 февралига қадар етакчи хорижий ҳамкорларни жалб этган ҳолда қуйидагиларни назарда тутувчи 2020 – 2025 йилларда Академияни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқсин:

Академиянинг халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингидаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритилишини таъминлаган ҳолда унинг халқаро рейтингини босқичма-босқич ошириб бориш;

етакчи хорижий бизнес-мактаблар ва корпоратив университетларнинг айнан бир хил дастурлари асосида банк-молия соҳаси мутахассисларини ўқитиш дастурларини ишлаб чиқиш;

инвестиция фаолияти (Chartered Financial Analyst), хатарларни бошқариш (Financial Risk Manager), Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича молия ҳисоби (Association of Chartered Certified Accountants ва Chartered Public Accountant), ички аудит (Certified Internal Auditor), бошқарув ҳисоби (Certified Management Accountant) соҳаларида молия ходимларини халқаро профессионал сертификация имтиҳонларига тайёрлаш;

республика ҳудудларидаги тижорат банкларининг филиаллари учун қисқа муддатли курслар, семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари, стажировкалар, сайёр ўқув модуллари ва бошқа тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказиш;

инновацион таълим ва илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, илмий-педагог кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш доирасида хорижий шериклар билан ҳамкорлик қилиш;

ўқув жараёнига етакчи таълим муассасалари ва банк-молия секторидан юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш амалиётини жорий қилиш;

б) 2020 – 2025 йилларда Академияни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини 2020 йилнинг 1 мартига қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж. А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р. А. Гулямов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри,

2019 йил 31 октябрь


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019