“Авваллари эгизак бўлиб яшаган партияларимиздан биз бугун фаолиятда хилма-хиллик ва рақобатбардошликни кутаябмиз”

10:15 08 Ноябрь 2019 Жамият
226 0

Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб бўлиб ўтаётган муҳим сиёсий жараёнлар кундан кунга қизғин тус олмоқда. Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги доирасида Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган“Сайловда ёшларнинг иштироки ва сайловни ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни” мавзуларига бағишланган матбуот анжуманида бу ҳақда батафсил сўз юритилди. Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети томонидан Халқаро Пресс-клуб, Марказий сайлов комиссияси ҳамда Халқаро Матбуот Маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда сиёсий партиялар вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига номзодларнинг сайловлари жараёни, ташвиқотлар, сайлов кунида овоз бериш тартиби каби бир нечта мавзулар билан боғлиқ қоида ва талаблар юзасидан ёшларга атрофлича тушунчалар берилди.

— Сайлов жараёнларидаги энг муҳим жиҳат — креативлик. — дейди Халқаро пресс-клуб раиси, Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзод Қудратхўжаев. — Жараёнларни ёритишдаги креативлик ўзи нима? Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, теша тегмаган нарсани олиб чиқиш, деганидир. Яъни, лавҳалар турфа хил бўлиши лозим. Масалан, сайлов жараёнлари билан боғлиқ мажлисларни эфирга тайёрлаётганда, уни фақат “йиғилиш бўлиб ўтди” тарзида эмас, аксинча, аҳолидан интервьюлар олиб, жараёнларга боғлаб, сайлов бўйича ривожланган давлатлар тажрибаси билан солиштириб, таҳлил қилиб, қизиқарли тарзда тақдим этилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Сайловларнинг қизғин тарзда ўтиши учун биринчи навбатда партиялар ҳаракатида ёрқинлик бўлиши зарур. Авваллари бир-бири билан уришиб қолишдан қўрқиб, эгизак бўлиб яшаган партияларимиздан биз бугун хилма-хиллик ва рақобатбардошликни кутаябмиз. Рақобат руҳияти бўлмаса, сайлов жараёнларида ўсиш, ривожланиш, асосийси, фаолиятда ҳаракат бўлмайди.

Анжуманда сайловолди жараёнларини ёритишда оммавий ахборот воситалари ва пиар компанияларининг фаолияти муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди. Улар орқали эълон қилинадиган медиа маҳсулотлар аҳолини партияларнинг тарғибот-ташвиқот ишлари билан хабардор этибгина қолмай, сиёсий саводхонлик даражасини оширишга ҳам хизмат қилади.

  • Сайлов жараёнларини республикамиз тарихида илк бор жонли эфирда нафақат давлат ва нодавлат телеканаллари орқали, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларимизда ҳам онлайн тарзда ёритиб келмоқдамиз. — дейди Халқаро матбуот маркази раиси Жалолиддин Усмонов. — Асосий таркибнинг ёшлардан ташкил топишида ҳам ўзига хослик мавжуд. Негаки, улар креатив фикрлаш қобилиятига, янгича дунёқарашга эга ҳисобланади. Фаолиятга келадиган бўлсак, Марказий сайлов комиссияси Халқаро Матбуот маркази шу вақтга қадар 50 дан ортиқ тадбир ўтказди, шундан 20 таси тўғридан тўғри эфир орқали ёритилди. Жараёнларда мамлакатимиздаги фуқаролар билан биргаликда хорижда яшаб истиқомат қилаётган фуқароларимизнинг ҳам иштирок этиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ёшларнинг сиёсий билимлари ҳамда ижтимоий фаоллигини янада ошириш, уларнинг чуқур фикрлаб, таҳлил қилишига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган матбуот анжумани давомида талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларига соҳа мутахассисларидан жавоб олди.

Тадбир сўнггида, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг Олий журналистика курслари 2 босқич магистранти, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Юлдуз Ўрмонованинг Президент стипендияси ғолиби бўлганлиги муносабати билан ҳамда 2019-йил 12-март куни университетда ташкил этилган ҳарбий журналистика йўналиши бўйича малака ошириш курсларини тамомлаган ҳарбийларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Тўрт ой давомида журналистик таълим олган 10 нафар битирувчига университет ректори томонидан ҳарбий журналистика бўйича малака ошириш курсларни тугаллаганлигини тасдиқловчи махсус диплом топширилди.

Диёрахон Набижонова,

ЎзЖОКУ талабаси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019