Аудиторлик фаолиятига оид қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди

12:17 11 Март 2020 Сиёсат
154 0

Аввал хабар қилинганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Депутатлар янги таҳрирдаги “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Қайд этилганидек, халқаро принцип ва илғор тажрибалар асосида аудиторлик фаолиятини тартибга солишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмини яратиш, аудиторлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини соддалаштириш ва аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун қоғоз шаклдаги лицензия беришни бекор қилиш қонун лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади.

Депутатлар мана шу масалалардан келиб чиқиб, ушбу ҳужжатни синчиклаб кўриб чиқдилар. Қонун лойиҳаси эскирган, ҳаволаки меъёрларни қайта кўриб чиқиш ва тўғридан-тўғри амал қиладиган янги нормаларни жорий қилишга йўналтирилган.

Таъкидланганидек, юртимизда 2019 йилнинг 1 апрель ҳолатига 100 га яқин аудиторлик ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Аудиторлар сони эса, 584 кишини ташкил қилади.

Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасида таклиф қилинаётган ўзгартириш ва қўшимчалар аудитни тартибга солиш соҳасидаги синовдан ўтган халқаро амалиёт принципларига асосланган.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аудиторлик фаолиятини тартибга солиш, аудитнинг халқаро стандартлари асосида мустақил аудит ўтказиш амалиётини татбиқ этиш, аудиторлик ташкилотларининг хизматлари сифати ва рақобатбардошлигини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлади. Мажлисда айрим депутатлар томонидан қонун лойиҳасидаги айрим нормаларига эътирозлар билдирилди. Ушбу ҳужжатга талабчанлик билан эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Мисол учун, аудиторлик хизматини лицензиялаш, мажбурий аъзолик бадали масалалари қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Аудиторлар палатаси аудиторлар манфаатларини қай даражада ҳимоя қилаётгани, ҳам сертификат бериб, ҳам уларни текшириш кўзда тутилаётгани қай даражада тўғри, деган савол ўртага ташланди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Зиёда АШУРОВА, "Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?