Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида

09:55 11 Сентябр 2019 Ҳужжатлар
204 0

Ўзбекистон Республикасининг қонуни

Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 2 июлда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 23 августда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда.  Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш (бундан буён матнда атом энергиясидан фойдаланиш деб юритилади) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

атом энергияси – атом ядроларида мавжуд бўлган ва ядровий реакциялар ҳамда радиоактив парчаланиш чоғида ажралиб чиқадиган энергия;

атом энергетикаси – атом энергиясини ўзгартириш йўли билан электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи энергетика тармоғи;

атом энергиясидан фойдаланиш объектининг тўлиқ «ҳаётий» даври – атом энергиясидан фойдаланишнинг тегишли объектларини тадқиқ этиш, жойлаштириш, лойиҳалаштириш, конструкциялаш, ишлаб чиқариш, қуриш (шу жумладан монтаж қилиш, созлаш, ишга тушириш), улардан фойдаланиш, уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда уларнинг техник қурилмаларини, биноларини ва иншоотларини текширувдан ўтказиш, ушбу объектларни фойдаланишдан чиқариш (ёпиш), транспортда ташиш (ташиш), сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш;

ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи – ядровий реакторнинг фаол зонасидан бутунлай чиқариб ташланган ва техник хусусиятларига кўра ядровий қурилмада фойдаланиш учун мўлжалланмаган ядровий материал;

радиациявий манбалар – таркибида радиоактив моддалар мавжуд бўлган ёки ионлаштирувчи нурланиш чиқарадиган, ядровий қурилмалар жумласига кирмайдиган мажмуалар, қурилмалар, аппаратлар, ускуналар ва буюмлар;

радиоактив моддалар – ионлаштирувчи нурланишни тарқатадиган, ядровий материаллар жумласига кирмайдиган моддалар;

радиоактив чиқиндилар  – фойдаланиш учун мўлжалланмаган, йўл қўйилиши мумкин бўлган энг кўп миқдордан ошадиган фаоллик даражасига эга радионуклидларни ўз ичига олган ҳар қандай агрегат ҳолатидаги материаллар ва моддалар;

сақлаш пунктлари – ядровий қурилмалар жумласига кирмайдиган ҳамда ядровий материалларни ва радиоактив моддаларни сақлаш, радиоактив чиқиндиларни сақлаш ёки кўмиб ташлаш учун мўлжалланган стационар объектлар ҳамда иншоотлар;

ядровий ёқилғи – назорат қилинадиган ядровий бўлиниш реакциясини амалга ошириш ҳисобига ядровий қурилмада иссиқлик энергияси ва (ёки) нурланиш оқимларини олиш учун мўлжалланган ядровий материал;

ядровий материаллар – таркибида бўлинадиган (парчаланадиган) ядровий моддалар бўлган ёки уларни ҳосил қилишга қодир бўлган материаллар;

ядровий реакторнинг иссиқлик ажратувчи тўплами  – ядровий материалларни ўз ичига олган ва назорат қилинадиган ядровий реакцияни амалга ошириш ҳисобига ядровий реакторда иссиқлик энергиясини олиш учун мўлжалланган буюм;

ядровий қурилмалар – атом электр станциялари, тадқиқот ядро реакторлари, критик ва субкритик ядровий стендлари бўлган иншоотлар ҳамда мажмуалар, ядровий ёқилғидан ва ядровий материаллардан фойдаланиш ҳамда уларни ташиш учун мўлжалланган қурилмалар.

 

4-модда.Атом энергиясидан фойдаланишнинг асосий принциплари

Атом энергиясидан фойдаланишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш устуворлиги;

хавфсизликнинг таъминланиши;

ахборотнинг очиқлиги;

ядровий қурол ва бошқа ядровий портловчи қурилмалар ишлаб чиқаришнинг тақиқланиши.

5-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш объектлари

Атом энергиясидан фойдаланиш объектлари жумласига қуйидагилар киради:

ядровий қурилмалар;

сақлаш пунктлари;

ядровий материаллар;

радиациявий манбалар;

радиоактив моддалар;

ядровий ёқилғи;

ядровий реакторларнинг иссиқлик ажратувчи тўпламлари;

ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи;

радиоактив чиқиндилар.

6-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш объектларига бўлган мулк ҳуқуқи

Атом энергиясидан фойдаланиш объектлари давлат мулкида ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган юридик шахслар мулкида бўлиши мумкин. Давлат мулкида ёки юридик шахслар мулкида бўлиши мумкин бўлган атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг мулкдорлари ушбу объектларнинг бут сақланишини ва улардан белгиланган мақсадига мувофиқ фойдаланилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларининг ядровий материалларга, шунингдек ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғига бўлган мулк ҳуқуқини чет давлатга ёки чет давлатнинг юридик шахсига ўтказиш тўғрисидаги битимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда тузилади.

Атом энергиясидан фойдаланиш объектларини ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган рўйхатга киритилмаган юридик шахслар мулкига ўтказиш ҳақидаги битимлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларининг ядровий материалларга, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғига бўлган мулк ҳуқуқини чет давлатга ёки чет давлатнинг юридик шахсига ўтказиш ҳақида ушбу модданинг учинчи қисми талабларини бузган ҳолда тузган битимлари ўз ўзидан ҳақиқий эмас.

7-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолият турлари

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолият турлари жумласига қуйидагилар киради:

ядровий қурилмаларни ва (ёки) сақлаш пунктларини тадқиқ этиш, жойлаштириш, лойиҳалаштириш, барпо этиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни фойдаланишдан чиқариш;

радиациявий манбаларни барпо этиш, улардан фойдаланиш ва уларни фойдаланишдан чиқариш;

ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктлари учун ускуналарни конструкциялаш ҳамда тайёрлаш;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва (ёки) мазкур соҳадаги фаолиятнинг хавфсизлигини асослаш юзасидан экспертиза ўтказиш;

радиоактив моддалар, ядровий материаллар ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ядровий, радиациявий, саноат, ёнғин ва экологик хавфсизлигини таъминлаш;

мазкур соҳада илмий тадқиқотлар ўтказиш;

атом энергиясидан фойдаланиш объектлари жисман ҳимоя қилинишини таъминлаш;

мазкур соҳада давлат назоратини ва текширувини амалга ошириш;

ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктлари учун ядровий материалларни, ускуналарни ҳамда технологияларни олиб кириш ва олиб чиқиш;

мазкур соҳада хизматлар кўрсатиш;

радиациявий вазиятни мониторинг қилиш;

мазкур соҳада мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолият турларига фаолиятнинг бошқа турлари ҳам киритилиши мумкин.

2-боб. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасини тартибга солиш

8-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

мазкур соҳадаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш;

атом энергиясидан фойдаланиш чоғида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларини жисман ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга ошириш;

атом энергетикасини узоқ муддатли ривожлантириш;

мазкур соҳада инновацион технологиялар, илмий-техникавий ишланмалар жорий этилишини рағбатлантириш;

мазкур соҳада кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

9-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва мазкур соҳадаги фаолиятнинг хавфсизлиги талабларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади.

10-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ва атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи органлар томонидан амалга оширилади.

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, атом энергетикаси соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органи, атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари амалга оширади.

Атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солишни атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли орган ва атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат органлари (бундан буён матнда хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар деб юритилади) амалга оширади.

11-модда.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида давлат дастурлари ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этади;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;

ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти жойлаштириладиган жойни (ҳудудни) танлашга доир ишларни мувофиқлаштиради;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида илмий-техникавий ва инвестициявий фаолият амалга оширилишини ташкил этади;

атом энергиясидан фойдаланиш объектлари жойлашган ҳудудларда яшовчи ва (ёки) меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан чора-тадбирлар кўради;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

12-модда. Атом энергетикаси соҳасидаги

ваколатли давлат бошқаруви органи

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги атом энергетикаси соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат бошқаруви органи деб юритилади).

Ваколатли давлат бошқаруви органи:

атом энергетикасини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг атом энергетикасини ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

атом энергетикасини ривожлантиришга доир давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

атом энергетикасида хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқади;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади, шунингдек мазкур соҳадаги нормалар ва қоидаларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларида ёнғин хавфсизлиги чоралари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этади;

тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларини жисман ҳимоя қилишни таъминлаш чораларини кўради;

тасарруфидаги ядровий қурилмаларни ва (ёки) сақлаш пунктларини тадқиқ этишга, жойлаштиришга, лойиҳалаштиришга, барпо этишга ҳамда улардан фойдаланишга оид ишларни ташкил этади;

фундаментал тадқиқотларнинг, илмий-изланиш, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишларнинг лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда амалга оширишга, илғор технологияларни жорий этишга кўмаклашади;

тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларида радиациявий ва ядровий хавфсизлик тизимини яратади ҳамда такомиллаштиради;

тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларидаги ядровий материаллар ва технологияларнинг, радиоактив материалларнинг тарқалиб кетмаслиги, шунингдек радиациявий ҳамда ядровий хавфсизликни таъминлашга доир тадбирларни амалга ошириш юзасидан чоралар кўради;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларини эксплуатация қилиш учун зарур бўлган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этади, шу жумладан чет элда ташкил этади;

аварияга оид ташқи ва ички режани ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида радиациявий вазиятни мониторинг қилишнинг ягона автоматлаштирилган давлат тизимини ташкил қилишда ва унинг ишлашида иштирок этади;

ядровий материаллар, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича дастурларнинг шакллантирилишини ва рўёбга чиқарилишини таъминлаш устидан идоравий назоратни амалга оширади;

ядровий қурилмаларнинг ва (ёки) сақлаш пунктларининг бош (илмий, конструкторлик ва лойиҳалаштириш) ташкилотларини белгилайди, улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

атом энергетикаси соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ваколатли давлат бошқаруви органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

13-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлаторганлари, муассасалари 
ва ташкилотлари

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, илмий, конструкторлик ва лойиҳалаштириш ташкилотлари атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат органлари, муассасалари ва ташкилотларидир.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ўз ваколатлари доирасида:

радиациявий таъсирдан фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи сақланишини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, уларнинг мол-мулки, шунингдек атроф-муҳит ҳимоя қилинишини таъминлайди;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир фаолиятда иштирок этади;

ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктлари жойлашган ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ҳамда уларнинг экологик хавфсизлигига доир комплекс дастурларни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда иштирок этади;

тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ҳудудида радиациявий вазиятнинг мониторингини ташкил этади ва амалга оширади;

тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларида радиациявий ва ядровий хавфсизлик тизимларини яратади ҳамда такомиллаштиради;

тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлашга доир тадбирларни амалга оширади;

тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектлари жисман ҳимоя қилинишини таъминлаш чораларини кўради;

атом энергиясидан фойдаланиш чоғида фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда тасарруфидаги ташкилотлар ҳамда бўлинмаларнинг кучлари ва воситалари ҳаракат қилишга шайлиги таъминланишини ташкил этади, шунингдек бундай вазиятларнинг олдини олишга доир тадбирларнинг бажарилиши устидан идоравий назоратни амалга оширади;

атом энергиясидан фойдаланиш объекти билан боғлиқ авария оқибатларини бартараф этишга, чеклашга ва камайтиришга доир тадбирларни амалга оширишда иштирок этади.

14-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги масалаларнинг жисмоний ва юридик шахслар иштирокида муҳокама этилишини ташкил қилади ҳамда унда иштирок этади;

радиациявий таъсирдан фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи сақланишини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, мол-мулки ҳимоя қилинишини, шунингдек атроф-муҳит муҳофаза қилинишини таъминлашга доир тадбирларда иштирок этади;

аварияга оид ташқи режани ишлаб чиқишда иштирок этади;

ядровий қурилмаларни ва (ёки) сақлаш пунктларини қуриш учун ер участкаларини ажратиш бўйича ер кадастри материалларини тасдиқлайди;

тегишли ҳудудда атом энергиясидан фойдаланиш объекти билан боғлиқ авария юз берган тақдирда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳаракатлар қилишга шайлиги устидан давлат назоратини амалга оширади;

атом энергиясидан фойдаланиш объекти билан боғлиқ авария оқибатларини бартараф этишга, чеклашга ва камайтиришга доир тадбирларни ташкил этишда иштирок этади;

аҳолини тегишли ҳудуд доирасидаги радиациявий вазият ва амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

15-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш

Атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш радиациявий таъсирдан фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, мол-мулкини ҳимоя қилишга, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилгандир.

Атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, амалга киритиш ҳамда амалга ошириш;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги рухсат бериш фаолияти;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг ушбу соҳада белгиланган нормалар ва қоидаларга мувофиқлигини баҳолаш;

атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назорати;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг хавфсизлигини, жисман ҳимоя қилинишини таъминлаш устидан, шунингдек давлат бошқаруви органларининг ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи бошқа юридик шахсларнинг аварияга оид шайлиги устидан давлат назорати ва текшируви;

атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолият хавфсизлигини асослаш юзасидан экспертизани ташкил этиш.

Хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар қарорлар қабул қилишда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви органларидан мустақилдир.

16-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли орган

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли органдир (бундан буён матнда махсус ваколатли орган деб юритилади).

Махсус ваколатли орган ўз ваколатлари доирасида:

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини шакллантиради ва амалга оширади;

атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларида атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг хавфсизлигини таъминлаш устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширади;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди, амалга киритади ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг жисман ҳимоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширади;

ядровий қурилмаларда ва (ёки) сақлаш пунктларида пудратчилар томонидан бажариладиган ишларни қабул қилиб олишда иштирок этади;

ядровий қурилмаларда ва (ёки) сақлаш пунктларида радиоактив моддалар, ядровий материаллар ҳамда радиоактив чиқиндиларнинг ҳисобига риоя этилиши устидан давлат назоратини таъминлайди;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг хавфсизлигини асослаш юзасидан экспертизани ташкил этади;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялашни амалга оширади;

эксплуатация қилувчи ташкилотларнинг ходимларига ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи бошқа юридик шахсларнинг ходимларига атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ишларни олиб бориш ҳуқуқига доир рухсатномаларни ходимларнинг лавозимлари рўйхатига, шунингдек ишларнинг турлари рўйхатига мувофиқ беради;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг радиациявий ва ядровий хавфсизлигини таъминлаш юзасидан профилактика чораларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

аварияга оид ташқи режани ишлаб чиқишда иштирок этади ҳамда давлат бошқаруви органларининг ва атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи бошқа юридик шахсларнинг аварияга оид шайлиги устидан давлат назоратини таъминлайди;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларидаги нохуш ҳодисалар ва аварияларнинг сабабларини техник жиҳатдан текшириш тартибини тасдиқлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига атом энергиясидан фойдаланиш чоғидаги хавфсизлик масалалари юзасидан ахборот беради;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Махсус ваколатли орган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

17-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат органлари

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат органларидир.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган давлат органлари ўз ваколатлари доирасида:

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқади ҳамда уларни махсус ваколатли орган билан келишилган ҳолда тасдиқлайди;

ядровий қурилмаларни ва (ёки) сақлаш пунктларини жойлаштириш учун майдончаларни танлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишда иштирок этади;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг хавфсизлигини асослаш юзасидан экспертизани ташкил қилишда иштирок этади;

ядровий, радиациявий, саноат, ёнғинга оид, санитария-эпидемиологик ва экологик хавфсизлик талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ҳамда текширувини амалга оширади;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг жисман ҳимоя қилиниши, шунингдек давлат бошқаруви органларининг ва бошқа юридик шахсларнинг аварияга оид шайлиги устидан давлат назоратини амалга оширади.

18-модда. Хавфсизликни давлат томонидан тартибгасолувчи органлар мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органларнинг мансабдор шахслари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

эксплуатация қилувчи ташкилотлардан, шунингдек атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи бошқа юридик шахслардан текшириш (инспекция) ўтказиш жараёнида зарур бўлган ахборот ва ҳужжатларни сўраш ҳамда олиш;

хизмат гувоҳномасини ва хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) текшириш (инспекция) тайинлаш тўғрисидаги буйруғининг кўчирма нусхасини тақдим этгач, ядровий қурилмаларни ва (ёки) сақлаш пунктларини, ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктлари учун товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчи юридик шахсларни монеликсиз бориб кўриш ҳамда биноларни, хоналарни, иншоотларни, техник воситаларни, ускуналарни, дастурий таъминотни, материалларни кўрикдан ўтказиш, шунингдек тадқиқотлар, синовлар, экспертизалар, текширишлар ҳамда давлат назорати ва текширувига доир бошқа тадбирлар ўтказиш;

эксплуатация қилувчи ташкилотларга, шунингдек атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи бошқа юридик шахсларга мажбурий талабларнинг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўрсатмалар бериш;

эксплуатация қилувчи ташкилотларга, шунингдек ядровий қурилмада ва (ёки) сақлаш пунктида ишларни бажарувчи бошқа юридик шахсларга ушбу объектларда ядровий ва (ёки) радиациявий хавфсизликка, ходимларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда ишларни тўхтатиб туриш ҳақида кўрсатмалар бериш.

Хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органларнинг мансабдор шахслари ўз ваколатлари доирасида:

мажбурий талабларнинг бузилиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиши, маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқиши ва бундай бузилишларнинг олдини олиш юзасидан чоралар кўриши;

мажбурий талабларнинг бузилиши билан боғлиқ материалларни жиноятлар аломатлари бўйича жиноят ишларини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориши шарт.

19-модда.Махсус ваколатли органни илмий-техникавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни ташкил этиш

Махсус ваколатли орган илмий-техникавий кўмак олиш учун қуйидаги функцияларни амалга оширувчи тегишли ташкилотларни жалб этишга ҳақли:

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини бажариш ҳамда мувофиқлаштириш;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг хавфсизлигини асослашга доир экспертиза ўтказиш;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашиш.

20-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) эксплуатация қилувчи ташкилотларга, шунингдек атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи бошқа юридик шахсларга атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва олиб борилаётган ишлар хавфсизлигини таъминлаш шарти билан махсус ваколатли орган томонидан берилади.

Эксплуатация қилувчи ташкилотларнинг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги қуйидаги фаолияти лицензияланиши лозим:

ядровий қурилмаларни ва (ёки) сақлаш пунктларини барпо этиш ҳамда улардан фойдаланиш;

радиоактив моддалар, ядровий материаллар ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш.

Эксплуатация қилувчи ташкилот лицензияни олиши учун зарур бўлган асосий шартлар қуйидагилардан иборат:

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг хавфсизлигини асослаш юзасидан экспертизанинг ижобий хулосаси мавжудлиги;

эксплуатация қилувчи ташкилотда радиациявий таъсир туфайли етказилган зарар ўрнини қоплашнинг молиявий таъминоти мавжудлиги;

атом энергиясидан фойдаланиш объекти тўлиқ «ҳаётий» даврининг барча босқичларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида эксплуатация қилувчи ташкилотнинг молиявий барқарорлиги асосланганлиги.

Бошқа юридик шахсларнинг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги қуйидаги фаолияти лицензияланиши лозим:

ядровий қурилмаларни ва (ёки) сақлаш пунктларини лойиҳалаштириш ҳамда қуриш, радиациявий манбалардан фойдаланиш;

ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктлари, радиациявий манбалар учун ускуналарни конструкциялаш ҳамда тайёрлаш;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг хавфсизлигини асослаш юзасидан экспертиза ўтказиш;

радиоактив моддалар ва ядровий материаллар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, шу жумладан улардан фойдаланиш, уларни транспортда ташиш (ташиш) ва сақлаш;

радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, шу жумладан уларни қайта ишлаш, транспортда ташиш (ташиш), сақлаш ва кўмиб ташлаш;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларида илмий тадқиқотлар ўтказиш;

ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктлари учун ядровий материаллар, ускуналар ҳамда технологияларни олиб кириш ва олиб чиқиш;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида хизматлар кўрсатиш;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларини ишлатиш учун зарур бўлган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.

Янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг қабул қилиниши, шунингдек уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши бевосита лицензиянинг амал қилишини тугатишга ёки унинг амал қилиш муддати ўзгаришига олиб келмайди.

Лицензиялаш жараёнида махсус ваколатли органнинг илмий-техникавий жиҳатдан қўллаб-қувватловчи ташкилотлари атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги лицензияланадиган фаолиятнинг ва тегишли атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг хавфсизлиги юзасидан экспертиза ўтказади.

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи чет давлатнинг юридик шахсларига (эксплуатация қилувчи ташкилотлардан ташқари) махсус ваколатли органнинг қарорига кўра лицензия мазкур юридик шахслар рўйхатга олинган мамлакатда ваколатли орган томонидан уларга берилган худди шундай лицензиянинг амал қилиш муддатига берилиши мумкин.

21-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ишларни олиб бориш ҳуқуқини берувчи рухсатнома

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муайян ишлар эксплуатация қилувчи ташкилотларнинг ходимлари ва атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи бошқа юридик шахсларнинг ходимлари томонидан фақат уларда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ишларни олиб бориш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар мавжуд бўлган тақдирдагина бажарилиши мумкин.

Бажарадиган фаолиятига қараб атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ишларни олиб бориш ҳуқуқини берувчи рухсатномаларни олиши керак бўлган ходимлар лавозимларининг рўйхати, шунингдек амалга оширилиши учун атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ишларни олиб бориш ҳуқуқини берувчи рухсатномаларни олиш зарур бўлган ишлар турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

22-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш объектларида қўлланиладиган буюмларни, ускуналарни ва техник қурилмаларни сертификатлаштириш

Атом энергиясидан фойдаланиш объектларида қўллаш учун сертификатлаштирилиши лозим бўлган буюмлар, ускуналар ва техник қурилмалар сертификатлаштириш бўйича аккредитация қилинган органларда сертификатлаштирилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктлари учун етказиб бериладиган буюмларга, ускуналарга ҳамда техник қурилмаларга нисбатан етказиб берувчи мамлакатда берилган сертификатлар қўлланилиши мумкин.

23-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат назорати ва текшируви

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат назорати ва текшируви хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат назорати ва текшируви атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар, уларнинг раҳбарлари, бошқа мансабдор шахслари ҳамда ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ва атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар (бундан буён матнда мажбурий талаблар деб юритилади) бузилишининг олдини олишга, уларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилгандир.

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат назорати ва текшируви текширишларни (инспекцияларни) ташкил этиш ҳамда ўтказиш, аниқланган қоидабузарликларга барҳам бериш юзасидан чоралар кўриш, эксплуатация қилувчи ташкилотлар, шунингдек бошқа юридик шахслар томонидан мазкур соҳадаги фаолиятни амалга ошириш чоғида мажбурий талаблар ижроси устидан тизимли кузатиш, мажбурий талаблар ижросининг ҳолатини таҳлил ва прогноз қилиш орқали амалга оширилади.

Эксплуатация қилувчи ташкилот, шунингдек бошқа юридик шахс томонидан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш жараёнида хавфсизликни таъминлаш учун зарур бўлган мажбурий талабларга, лицензиянинг амал қилиш шартларига риоя этилиши, атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг мазкур соҳада белгиланган нормалар ва қоидаларга мувофиқлиги текшириш (инспекция) предметидир.

Ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктлари учун ядровий, радиациявий, саноат, ёнғинга оид, санитария-эпидемиологик, экологик хавфсизликни таъминлаш устидан тегишинча давлат назорати ҳамда текширувини амалга оширадиган хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органларнинг бевосита ядровий қурилмалардаги ва (ёки) сақлаш пунктларидаги доимий вакиллигини назарда тутувчи давлат назорати ва текшируви режими белгиланади.

Атом энергиясидан фойдаланиш объектларини жисман ҳимоя қилишни таъминлаш устидан давлат назорати ва текшируви хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар томонидан амалга оширилади.

Давлат бошқаруви органларининг ва бошқа юридик шахсларнинг аварияга оид шайлиги устидан давлат назорати махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Давлат бошқаруви органларининг ва бошқа юридик шахсларнинг аварияга оид шайлиги устидан давлат текшируви Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Атом энергиясидан фойдаланиш объекти билан боғлиқ бўлган авария содир бўлган тақдирда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳаракат қилишга шайлиги устидан давлат назоратини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли ҳудуд доирасида амалга оширади.

Ядровий қурилмаларни ва (ёки) сақлаш пунктларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда уларни фойдаланишдан чиқариш устидан давлат архитектура-қурилиш назорати Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

24-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш бўйича тадбирларда фуқароларнинг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг 
вафуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштироки

Фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари:

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларнинг, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини, ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктларини жойлаштириш, лойиҳалаштириш, барпо этиш, улардан фойдаланиш ва уларни фойдаланишдан чиқариш масалаларининг муҳокамасида иштирок этиши ҳамда таклифлар киритиши;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг хавфсизлигини асослаш юзасидан экспертиза ўтказишда иштирок этиш учун ўзининг ваколатли вакилларини тавсия этиши;

барпо этилиши мўлжалланаётган, лойиҳалаштирилаётган, барпо этилаётган, фойдаланилаётган ва фойдаланишдан чиқарилаётган ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктларининг хавфсизлиги тўғрисида тегишли давлат органлари ҳамда ташкилотлардан ахборот сўраши ва олиши, бундан давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар мустасно;

танишиш мақсадида ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ташриф буюриши;

атом энергиясидан фойдаланишга доир тадбирларнинг амалга оширилишига кўмаклашиши;

аҳоли ўртасида фуқароларнинг хабардорлигини, ҳуқуқий саводхонлиги ва экологик маданиятини оширишга қаратилган тушунтириш ишларини ўтказишда иштирок этиши мумкин.

Радиациявий таъсирга дучор бўлган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибда ва шаклда бериладиган нурланиш дозаси тўғрисида ҳужжатни олиш ҳуқуқига эга.

3-боб. ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини жойлаштириш ҳамда барпо этиш

25-модда. Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини жойлаштириш ҳамда барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилиш

Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини барпо этиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади.

Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини жойлаштириш учун майдонча танлаш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.

Махсус ваколатли орган танланган майдончанинг хавфсизлигини асослаш юзасидан давлат экспертизасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ташкил этади ҳамда майдончадан ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини жойлаштириш учун фойдаланишга доир рухсатнома беради.

Ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг атроф-муҳитга радиациявий таъсирини баҳолаш бўйича ҳужжатлар ваколатли давлат бошқаруви органи ёки эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан мазкур атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг лойиҳа ҳужжатлари таркибида атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг хавфсизлигини асослашга доир экспертиза учун тақдим этилади.

26-модда. Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини барпо этиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш

Атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг хавфсизлик даражаси пасайишига, атроф-муҳит ҳолатининг ёмонлашувига ёки бошқа салбий оқибатларга сабаб бўлувчи қўшимча омиллар аниқланган тақдирда, ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини барпо этиш тўғрисидаги қарор ушбу объектларнинг ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг хавфсизлигини асослашга доир экспертиза хулосалари асосида бекор қилиниши, уларнинг барпо этилиши эса, тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши керак.

Хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар, ваколатли давлат бошқаруви органи, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини барпо этиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш ҳақида атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг хавфсизлигини асослашга доир экспертиза асосида қўшимча омилларни асослантирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини барпо этиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан амалга оширилади.

Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини барпо этиш тугатилганлиги ёки тўхтатиб турилганлиги билан боғлиқ зарарларнинг ўрни ушбу омиллар қайси юридик шахсларнинг айби туфайли ўз вақтида аниқланмаган ҳамда ҳисобга олинмаган бўлса, ўша шахслар ҳисобидан суд тартибида қопланиши лозим. Барча бошқа ҳолларда мазкур объектларни барпо этиш тугатилганлиги ёки тўхтатиб турилганлиги билан боғлиқ зарарларнинг ўрни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши лозим.

27-модда. Санитария-муҳофаза зонасини, кузатув зонасини ва хавфсизлик зонасини белгилаш

Ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти жойлаштирилган ҳудудда хавфсизликни таъминлаш мақсадларида қуйидаги алоҳида ҳудудлар белгилаб қўйилади:

санитария-муҳофаза зонаси – алоҳида фойдаланиш режимига эга махсус ҳудуд;

кузатув зонаси – ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти ушбу зонада яшовчи аҳолига радиациявий таъсир кўрсатиши эҳтимоли мавжуд бўлган ҳудуд;

хавфсизлик зонаси – алоҳида ҳуқуқий режимга эга ҳудуд.

Санитария-муҳофаза зонаси ва кузатув зонасининг ўлчамлари ҳамда чегаралари атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг лойиҳасида белгиланади.

Санитария-муҳофаза зонасида яшаш учун мўлжалланган турар жойларни ва жамоат биноларини, болалар муассасаларини, шунингдек ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг ишлашига алоқадор бўлмаган ҳамда санитария-муҳофаза зонасининг тасдиқланган лойиҳасида назарда тутилмаган даволаш-соғломлаштириш муассасаларини, умумий овқатланиш объектларини, саноат объектларини, ёрдамчи ва бошқа иншоотларни ҳамда объектларни жойлаштириш тақиқланади.

Санитария-муҳофаза зонасида жойлашган мавжуд объектлар ва иншоотларнинг фойдаланиш соҳаси ўзгарган тақдирда, улардан хўжалик мақсадлари учун фойдаланишга эксплуатация қилувчи ташкилотнинг тақдимномасига кўра хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органларнинг рухсати билан йўл қўйилади.

Кузатув зонасида хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар томонидан хўжалик фаолияти учун чекловлар жорий этилиши мумкин.

Санитария-муҳофаза зонасида ва кузатув зонасида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ҳамда қоидаларга мувофиқ радиациявий хавфсизликнинг таъминланиши устидан назорат ва радиациявий вазият мониторинги амалга оширилади.

Хавфсизлик зонасининг ўлчамлари ва чегаралари атом энергиясидан фойдаланиш объектининг (ҳудуднинг) ҳимояланганлиги таъминланганлиги ҳақидаги ахборотни ҳамда ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти ҳудудида террорчилик ҳаракати содир этилишининг олдини олиш, унга чек қўйиш ва (ёки) ушбу объектларда террорчилик ҳаракатининг оқибатларини тугатишга доир тадбирлар рўйхатини ўз ичига олган ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг хавфсизлик паспорти ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Хавфсизлик зонасининг алоҳида ҳуқуқий режими қуйидаги чекловларни ўз ичига олади:

жисмоний шахсларнинг хавфсизлик зонаси ҳудудига киришига ва (ёки) унда бўлишига доир чекловларни, жисмоний шахсларнинг хавфсизлик зонаси ҳудудига киришини ва (ёки) унда бўлишини рад этиш учун асослар рўйхати белгилаб қўйилган ҳолда;

учувчи аппаратларнинг (шу жумладан ҳаво кемаларининг) хавфсизлик зонаси ҳудуди устидан парвозларига доир чекловларни;

жисмоний шахсларнинг хавфсизлик зонаси ҳудудига киришига ва (ёки) унда бўлишига доир чекловлар билан боғлиқ бўлган хўжалик ҳамда тадбиркорлик фаолиятини юритиш, табиий ресурсларга, кўчмас мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига доир чекловларни.

Санитария-муҳофаза зонаси, кузатув зонаси ва хавфсизлик зонаси белгиланганлиги туфайли етказилган зарарларнинг ўрни эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан ер тўғрисидаги ҳамда фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.

28-модда. Ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг лойиҳаси

Ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пунктининг лойиҳаси атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ҳамда қоидаларга мувофиқ ишлаб чиқилади.

Ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пунктининг лойиҳасида ер участкаси берилиши учун зарур бўлган ўлчамлар, лойиҳалаштирилаётган ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун ажратилган ер участкасидан фойдаланишга доир ҳуқуқларга чекловлар (юкламалар) белгилаш зарурлиги функционал капитал иморатларни (биноларни, иншоотларни), ишлаб чиқариш, транспорт, муҳандислик инфратузилмасининг бошқа объектларини жойлаштириш ва санитария-муҳофаза зонасини ҳамда кузатув зонасини, шунингдек хавфсизлик зонасини белгилаш ҳисобга олинган ҳолда асосланган бўлиши керак.

Ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пунктининг лойиҳасида уларни фойдаланишдан хавфсиз тарзда чиқаришга доир тадбирлар, радиоактив моддалар, ядровий материаллар ҳамда радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни хавфсиз амалга оширишга доир тадбирлар назарда тутилган бўлиши керак.

Ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пунктининг лойиҳаси эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тасдиқланади.

Ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пунктининг лойиҳаси атом энергиясидан фойдаланишнинг тегишли объекти хавфсизлигини тасдиқлайдиган атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг хавфсизлигини асослашга доир экспертизадан ўтказилиши лозим.

Эксплуатация қилувчи ташкилот атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг хавфсизлигини асослашга доир қўшимча экспертизаларни ўз ваколатлари доирасида ташкил этиши, шу жумладан мустақил халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ташкил этиши мумкин.

4-боб. Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини қабул қилиб олиш, ишга тушириш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни фойдаланишдан чиқариш

29-модда. Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини қабул қилиб олиш ҳамда ишга тушириш

Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини фойдаланишга қабул қилиб олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти лойиҳасида назарда тутилган барча ишлаб чиқариш ва маиший мақсадлар учун мўлжалланган объектлар билан комплекс равишда амалга оширилиши керак.

Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини ишга тушириш ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини ишга туширишнинг эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан кўрсатилган объектлар лойиҳалари асосида тасдиқланган ҳамда хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи тегишли органлар билан келишилган дастурга мувофиқ амалга оширилади.

Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини ишга тушириш эксплуатация қилувчи ташкилотда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини ишлатиш учун махсус ваколатли орган томонидан берилган лицензия мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

 

30-модда. Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилиш

Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилиш эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган ҳамда ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун масъул этиб тайинланган ҳамда ўз кучлари билан ёки бошқа юридик шахсларни жалб этган ҳолда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилишга қодир бўлган юридик шахс эксплуатация қилувчи ташкилотдир.

Эксплуатация қилувчи ташкилот ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг хавфсизлиги, шунингдек радиоактив моддалар, ядровий материаллар ҳамда радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишлар амалга оширилиши учун жавобгардир.

Эксплуатация қилувчи ташкилот лицензиядан маҳрум этилган тақдирда, у атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг хавфсизлиги учун бу объектлар бошқа эксплуатация қилувчи ташкилотга топширилгунига ёки янги лицензия олингунига қадар жавобгар бўлиб қолаверади.

Эксплуатация қилувчи ташкилот ўз фаолиятини амалга ошириш учун тегишли молиявий, моддий-техник ресурсларга ва кадрлар салоҳиятига эга бўлиши керак.

Ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, эксплуатация қилувчи ташкилотнинг ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилишга доир фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

31-модда. Эксплуатация қилувчи ташкилотнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Эксплуатация қилувчи ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини жойлаштириш, барпо этиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни фойдаланишдан чиқариш, ядровий материаллар, радиоактив моддалар ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш;

ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини барпо этиш ҳамда фойдаланишдан чиқариш, ядровий қурилмалар учун ядровий ёқилғини етказиб бериш, фойдаланишнинг сервис жиҳатдан қўллаб-қувватланишини таъминлаш, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи, радиоактив моддалар ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш учун шартномалар бўйича ягона буюртмачи вазифаларини бажариш;

атом энергиясидан фойдаланиш объектининг тўлиқ «ҳаётий» даври учун ядровий қурилмадан ва (ёки) сақлаш пунктидан фойдаланишни конструкторлик жиҳатидан таъминлаш учун шартномалар тузиш;

чет эл давлатларининг ваколатли органлари томонидан малакаси тасдиқланган ва махсус ваколатли орган томонидан ўзига атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ишларни олиб бориш ҳуқуқини берувчи рухсатнома берилган чет эллик мутахассисларни ишга қабул қилиш, шу жумладан атом энергиясидан фойдаланиш объектларини бошқариш учун ишга қабул қилиш.

Эксплуатация қилувчи ташкилот:

ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини жойлаштириш учун майдончадан фойдаланишга махсус ваколатли органдан рухсатнома олиш мақсадида хавфсизликни асослаш учун муҳандислик изланишларини ҳамда тадқиқотларини ташкил этиши;

атом энергиясидан фойдаланиш объекти тўлиқ «ҳаётий» даврининг барча босқичларида хавфсизликни таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқиши ҳамда амалга ошириши;

ядровий қурилмада ва (ёки) сақлаш пунктида радиациявий 
вазият мониторингини ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлиги устидан ишлаб чиқариш назоратини амалга оширувчи хизматларни ташкил этиши;

хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органларга ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг хавфсизлиги ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиши;

хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар мансабдор шахсларининг кўрсатмаларини бажариши;

тегишли атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг жисман ҳимоя қилинишини таъминлаши;

ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини барпо этиш,улардан фойдаланиш ҳамда уларни фойдаланишдан чиқаришнинг барча босқичларида сифатни таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиши ва амалга ошириши;

ядровий қурилмаларнинг ва (ёки) сақлаш пунктларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаши;

ядровий қурилмаларда ва (ёки) сақлаш пунктларида радиоактив моддалар, ядровий материаллар ҳамда радиоактив чиқиндиларнинг ҳисобини юритиши;

ядровий қурилмадаги ва (ёки) сақлаш пунктидаги аварияларнинг олдини олиш ҳамда ўз ходимлари ва жалб этиладиган ходимлар, уларга туташ ҳудудларнинг аҳолиси ва атроф-муҳит учун аварияларнинг салбий оқибатларини камайтириш юзасидан чоралар ишлаб чиқиши ҳамда амалга ошириши;

ядровий қурилмадан ва (ёки) сақлаш пунктидан фойдаланиш чоғида содир бўлган нохуш ҳодисалар ҳамда авариялар сабабларининг техник текширувини ўтказиши;

ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг аварияга оид ички режасини ишлаб чиқиши ҳамда тасдиқлаши ва уни бажариш учун ўз ходимларининг ҳамда жалб этиладиган ходимларнинг ва зарур бўлган моддий-техника воситаларининг шайлигини таъминлаши;

ўз ходимларининг ижтимоий кафолатларга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаши;

ўз ходимларининг ва жалб этиладиган ходимларнинг индивидуал нурланиш дозаларининг дозиметрик ҳисобини амалга ошириши;

ўз ходимларини ва жалб этиладиган ходимларни тегишли шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаши;

ўз ходимларининг тиббий кўригини ташкил этиши;

ядровий қурилмада ва (ёки) сақлаш пунктида ёнғиндан ҳимоя қилиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир тадбирларнинг дастурларини ишлаб чиқиши, тасдиқлаши ҳамда амалга ошириши;

ходимларни танлаши, тайёрлаши, қайта тайёрлаши ва уларнинг малакасини ошириши ҳамда ишлаб чиқаришда улар учун зарур ижтимоий-маиший шароитлар яратиши;

санитария-муҳофаза зонасидаги ва кузатув зонасидаги радиациявий вазият тўғрисида аҳолини хабардор қилиши шарт.

32-модда. Ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг хавфсизлигини даврий баҳолаш

Ядровий қурилмадан ва (ёки) сақлаш пунктидан фойдаланишда эксплуатация қилувчи ташкилот ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг хавфсизлигини даврий баҳолашни ўтказади.

Ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг хавфсизлигини биринчи марта баҳолаш фойдаланиш бошланганидан кейин ўн йил ўтгач амалга оширилиб, кейинчалик фойдаланиш якунлангунига қадар хавфсизлик ҳар ўн йилда даврий баҳоланади.

Ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг хавфсизлигини даврий баҳолашни ўтказиш тартиби ҳамда тегишли тадқиқотларнинг ҳажми махсус ваколатли орган томонидан белгиланади.

33-модда. Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини фойдаланишдан чиқариш

Ядровий қурилмаларни ва (ёки) сақлаш пунктларини фойдаланишдан чиқаришни таъминлашга доир тартиб ва чора-тадбирлар атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ҳамда қоидаларга мувофиқ ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти лойиҳасида назарда тутилган бўлиши керак.

Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини уларнинг ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти лойиҳасида белгиланган техник ресурси сарфланиб бўлгунига қадар фойдаланишдан чиқариш тўғрисидаги ёки улар ишининг лойиҳадаги техник-иқтисодий кўрсаткичларини чеклаш ҳақидаги таклифлар тегишли асослар ҳамда давлат экспертизаларининг хулосалари мавжуд бўлган тақдирда ваколатли давлат бошқаруви органи, хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан киритилиши мумкин.

Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини муддатидан илгари фойдаланишдан чиқариш тўғрисидаги қарор технологик жараёнлар ва эксплуатация қилувчи ташкилотнинг имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.

34-модда. Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини фойдаланишдан чиқариш жамғармаси

Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини фойдаланишдан чиқариш, муддатидан илгари фойдаланишдан чиқариш ёхуд фойдаланиш хусусиятларини чеклаш бўйича ишларни молиялаштириш учун эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини фойдаланишдан чиқариш жамғармаси тузилади.

Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини фойдаланишдан чиқариш жамғармасини шакллантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади ҳамда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини ишга туширишдан олдин белгиланган бўлиши керак.

Атом электр станцияси ёки унинг блоки учун Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини фойдаланишдан чиқариш жамғармаси электр ҳамда иссиқлик энергиясини сотишдан ва бошқа хизматларни кўрсатишдан олинадиган маблағлар, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини фойдаланишдан чиқариш жамғармасининг маблағларидан фақат ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини фойдаланишдан чиқариш, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғига доир ишларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш ҳамда ушбу объектларнинг хавфсизлигини асослаш ва ошириш бўйича илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишларини молиялаштириш учун фойдаланилади.

5-боб. Радиоактив моддалар, ядровий материаллар, ядровий ёқилғи, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш

35-модда. Радиоактив моддалар, ядровий материаллар ва радиоактив чиқиндиларнинг давлат ҳисоби

Радиоактив моддалар, ядровий материаллар ва радиоактив чиқиндилар ионлаштирувчи нурланиш чиқарадиган манбаларнинг муомаласи устидан давлат ҳисоби ҳамда назорати тизимида давлат ҳисобига олиниши лозим.

Ионлаштирувчи нурланиш чиқарадиган манбаларнинг муомаласи устидан давлат ҳисоби ва назорати тизимини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

36-модда. Радиоактив моддаларни, ядровий материалларни, ядровий ёқилғини, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини ва радиоактив чиқиндиларни транспортда ташиш (ташиш)

Радиоактив моддаларни, ядровий материалларни, ядровий ёқилғини, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини ва радиоактив чиқиндиларни транспортда ташиш (ташиш) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ҳамда қоидаларга, хавфли юкларни ташиш қоидаларига, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.

Радиоактив моддаларни, ядровий материалларни, ядровий ёқилғини, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини ва радиоактив чиқиндиларни транспортда ташиш (ташиш) қоидаларида жўнатувчининг, ташувчининг ҳамда олувчининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, транспортда ташиш (ташиш) чоғидаги хавфсизлик, жисман ҳимоя қилиш чоралари, ўровга, тамғалашга ҳамда транспорт воситаларига қўйиладиган талаблар, транспорт ҳодисаларига ва аварияларга йўл қўймасликка доир келишилган чора-тадбирлар тизими, эҳтимол тутилган аварияларнинг кенгайиб кетишига йўл қўймаслик ва уларнинг оқибатларини тугатиш тадбирлари назарда тутилган бўлиши керак.

Радиоактив моддаларни, ядровий материалларни, ядровий ёқилғини, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини ва радиоактив чиқиндиларни транспортда ташиш (ташиш) чоғидаги аварияларнинг кенгайиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда уларнинг оқибатларини тугатиш транспортда ташиш (ташиш) субъектларининг, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ихтисослаштирилган бўлинмаларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг тегишли функционал қуйи тизимларининг кучлари ҳамда воситалари орқали амалга оширилади.

37-модда. Радиоактив моддаларни, ядровий материалларни, ядровий ёқилғини, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини варадиоактив чиқиндиларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш

Ядровий материалларни, ядровий ёқилғини ва радиоактив чиқиндиларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳамда унинг ҳудудидан олиб чиқиш, шунингдек ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Радиоактив моддаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва унинг ҳудудидан олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига фақат илгари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетилган радиоактив чиқиндилар ва ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғидан олинган қайта ишлаш маҳсулотларини олиб киришга йўл қўйилади.

38-модда. Радиоактив моддаларни ва ядровий материалларни сақлаш

Радиоактив моддаларни ва ядровий материалларни сақлаш эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан амалга оширилади.

Радиоактив моддаларни ва ядровий материалларни сақлаш чоғида эксплуатация қилувчи ташкилотлар ходимларини, ядровий қурилмаларга ва (ёки) сақлаш пунктларига туташ ҳудудлардаги аҳолини ҳамда атроф-муҳитни радиациявий таъсирдан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ҳамда қоидаларга риоя этилган ҳолда ҳимоя қилиш таъминланиши керак.

39-модда. Радиоактив чиқиндиларни сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш

Радиоактив чиқиндиларни сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш лойиҳа ҳужжатларида ва (ёки) технологик ҳужжатларда назарда тутилиши керак ҳамда фақат бунинг учун махсус мўлжалланган сақлаш пунктларида йўл қўйилади.

Радиоактив чиқиндиларни сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш чоғида аҳолини радиациявий таъсирдан ҳимоя қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш учун бу чиқиндиларнинг хавфсизлиги ҳамда уларни атроф-муҳитдан ажратиб қўйиш таъминланиши керак.

6-боб. Атом энергиясидан фойдаланиш объектларини жисман ҳимоя қилиш

40-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг жисман ҳимоя қилинишини таъминлаш

Атом энергиясидан фойдаланиш объектларини жисман ҳимоя қилиш қуйидагиларга қаратилган техник ва ташкилий чоралар комплексини режалаштириш, мувофиқлаштириш, давлат томонидан назорат қилиш ҳамда текширишнинг, амалга оширишнинг ягона тизимини назарда тутади:

ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктлари ҳудудига рухсатсиз киришнинг, радиоактив моддалар, ядровий материаллар ҳамда радиоактив чиқиндилардан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олишга, шунингдек улар талон-торож қилинишининг ва шикастлантирилишининг олдини олишга;

радиоактив моддалар, ядровий материаллар ва радиоактив чиқиндиларнинг бир бутунлигига нисбатан ҳар қандай тажовузларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишга, ядровий қурилмаларнинг ва (ёки) сақлаш пунктларининг хавфсизлигига таҳдид қилувчи қўпорувчилик ҳамда террорчилик ҳаракатларини ўз вақтида аниқлашга ва уларга чек қўйишга;

йўқолган ёки ўғирланган радиоактив моддаларни, ядровий материалларни ва радиоактив чиқиндиларни топиш ҳамда қайтаришга.

Атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг жисман ҳимоя қилинишини таъминлашга доир талаблар атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар билан белгиланади.

Атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг жисман ҳимоя қилинишини таъминлаш лойиҳалаштиришнинг, барпо этишнинг, ишга туширишнинг, фойдаланишнинг ва фойдаланишдан чиқаришнинг барча босқичларида, шунингдек радиоактив моддалар, ядровий материаллар ҳамда радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни бажариш, шу жумладан уларни транспортда ташиш (ташиш) чоғида амалга оширилади.

Атом энергиясидан фойдаланиш объектларини жисман ҳимоя қилиш эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи тегишли органлар томонидан ўз ваколатлари доирасида таъминланади.

Зарур ҳолларда, атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг жисман ҳимоя қилинишини таъминлашга доир вазифаларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг тегишли бўлинмалари жалб этилиши мумкин.

Ядровий қурилмалардан ва (ёки) сақлаш пунктларидан фойдаланиш, шунингдек ишлаб чиқаришнинг, фойдаланишнинг, қайта ишлашнинг, транспортда ташишнинг ва сақлашнинг исталган босқичида турган радиоактив моддалар, ядровий материаллар ва радиоактив чиқиндилар билан ишларни амалга ошириш, агар уларнинг жисман ҳимоя қилиниши таъминланмаган бўлса, тақиқланади.

41-модда. Ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти ҳудудидаги шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш

Ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг жисман ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти жойлашган ҳудуддаги, шунингдек уларнинг санитария-муҳофаза зоналаридаги ҳамда хавфсизлик зоналаридаги шахсларнинг юриши ва ҳаракат қилиши чекланиши мумкин, уларнинг ашёлари ва транспорт воситалари эса кўздан кечирилиши, шу жумладан махсус воситалар қўлланилган ҳолда кўздан кечирилиши мумкин.

42-модда. Ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктлари ҳудудларида оммавий тадбирлар

Ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг санитария-муҳофаза зонасида ҳамда хавфсизлик зонасида рухсат этилмаган йиғилишлар, митинглар, намойишлар ва бошқа оммавий тадбирларни (бундан буён матнда оммавий тадбирлар деб юритилади) ўтказиш тақиқланади.

Ядровий қурилмаларнинг ва (ёки) сақлаш пунктларининг санитария-муҳофаза зонаси ҳамда хавфсизлик зонаси ташқарисида оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишга, агар бунинг натижасида ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг иш қобилияти бузилиши юз бериши мумкин бўлса, эксплуатация қилувчи ташкилотнинг ходимлари ўз хизмат мажбуриятларини бажариши қийинлашса ёхуд аҳоли ёки атроф-муҳит хавфсизлигига бошқа таҳдидлар юзага келса, йўл қўйилмайди.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган, ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг хавфсиз ишлашига таҳдид солувчи ҳаракатлар натижасида эксплуатация қилувчи ташкилотга етказилган зарарнинг ўрни айбдор шахслар томонидан суд тартибида қопланади.

43-модда. Шахсларнинг атом энергиясидан фойдаланиш объектларида ишлашига рухсат бериш

Атом энергиясидан фойдаланиш объектларида ўн саккиз ёшга тўлган ва бу иш учун тиббий жиҳатдан қарши кўрсатмаларга эга бўлмаган, тегишли малака талабларига жавоб берадиган, махсус ваколатли орган томонидан бериладиган атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ишларни олиб бориш ҳуқуқини берувчи рухсатномага эга бўлган, шунингдек мазкур ишга, агар иш давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлса, рухсат олган шахсларнинг ишлашига йўл қўйилади.

Тиббий жиҳатдан қарши кўрсатмаларнинг рўйхати ва улар татбиқ этиладиган лавозимларнинг рўйхати, шунингдек тиббий кўриклар ва психофизик текширувлар ўтказишга доир талаблар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

7-боб. Аварияга оид шайлик ва авария ҳолатида ҳаракат қилиш

44-модда. Аварияга оид шайликни ва авария ҳолатида ҳаракат қилишни ташкил этиш

Аварияга оид шайликни ва авария ҳолатида ҳаракат қилишни ташкил этиш аварияга оид ташқи ҳамда ички режалар билан белгиланадиган, аварияга оид шайликни таъминлаш ва авария ҳолатида ҳаракат қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишдан иборат.

45-модда. Аварияга оид режаларни ишлаб чиқиш тартиби

Аварияга оид режаларни ишлаб чиқиш тартиби, атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш чоғида юзага келган авария оқибатларини тугатиш, чеклаш ёки камайтириш чоралари, аҳолини хабардор қилиш усуллари, шунингдек аварияга оид шайликни текшириш чоралари махсус ваколатли органнинг ёки Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

46-модда. Аварияга оид ташқи режа

Аварияга оид ташқи режада авария ҳолатида ҳаракат қилиш зоналари ҳамда давлат бошқаруви органларининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими кучлари ва воситаларининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш чоғида юзага келган фавқулодда вазият ҳолатида жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатлари белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аварияга оид ташқи режа ишлаб чиқилишини ҳамда тегишли давлат бошқаруви органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими кучлари ҳамда воситалари томонидан уни амалга оширишга доир тадбирларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради.

Аварияга оид ташқи режа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

47-модда. Аварияга оид ички режа

Аварияга оид ички режа эксплуатация қилувчи ташкилотнинг ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини барпо этиш ёки ундан фойдаланиш чоғида юзага келган авария оқибатларини тугатишга, чеклашга ёки камайтиришга доир ҳаракатларини белгилайди.

Аварияга оид ички режа эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан аварияга оид ташқи режа ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар билан келишилганидан сўнг тасдиқланади.

Аварияга оид ички режа ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг режалаштирилган ишга туширилиши бошланишидан камида олти ой олдин тасдиқланиши керак.

Эксплуатация қилувчи ташкилот ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан аварияга оид ички режа тадбирларини ишлаб чиқади ҳамда унинг моддий-техника таъминотининг ва кадрлар билан таъминланишининг зарур даражасини сақлаб туради.

Аварияга оид ички режа ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти ишга туширилгунига қадар ҳамда бутун фойдаланиш муддати мобайнида махсус ваколатли орган ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан белгиланган даврийликда амалий текширувдан ўтказилади.

48-модда. Аварияга оид шайликни ва авария ҳолатида ҳаракат қилишни таъминлашга доир талаблар

Эксплуатация қилувчи ташкилот ўз ходимларини аварияга оид ташқи ва ички режалар билан таништириши ҳамда ходимларни ушбу режаларга мувофиқ мажбуриятларни бажаришга тайёрлаш юзасидан ўқув дастурини амалга ошириши шарт.

Ядровий қурилмада ва (ёки) сақлаш пунктида атроф-муҳитга радиациявий хавфсизликнинг белгиланган назорат даражаларидан ортиқ миқдорда радиоактив моддалар чиқишига олиб келган авария юзага келган тақдирда, эксплуатация қилувчи ташкилот:

тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигини, ваколатли давлат бошқаруви органини, хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органларни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, ҳудуднинг энг таҳдид солинаётган участкалари аҳолисини, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида радиациявий вазиятни мониторинг қилишнинг ягона автоматлаштирилган давлат тизими хизматларини радиациявий вазият тўғрисидаги тезкор ахборот билан таъминлаши;

радиациявий авария оқибатларини тугатиш, чеклаш ёки камайтириш бўйича аварияга оид ташқи ва ички режаларга мувофиқ ҳаракатлар қилинишини таъминлаши;

чет ташкилотларнинг ва эксплуатация қилувчи ташкилотнинг авария оқибатларини тугатишда банд бўлмаган ва иши хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ бўлмаган ходимлари эвакуация қилинишини таъминлаши;

радиоактив моддалар атроф-муҳитга чиқиб кетишининг узлуксиз мониторинг қилинишини таъминлаши;

аварияга оид ишлар амалга ошириладиган зоналарда дозиметрик назоратни таъминлаши;

авария оқибатларини тугатишда, чеклашда ёки камайтиришда иштирок этаётган шахсларга тўғри келадиган доза кўрсаткичларининг жорий мониторингини ва ҳисобга олинишини, шунингдек радиациявий хавфсизликнинг белгиланган назорат даражаларидан ортиб кетишига йўл қўймаслик юзасидан чоралар кўрилишини таъминлаши шарт.

Авария ривожланишининг олдини олишга ёки уни тугатишга доир ишлар бажарилаётганда эксплуатация қилувчи ташкилот ходимларининг радиациявий хавфсизликнинг белгиланган назорат даражаларидан кўпроқ нурланишига (лекин атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларда белгиланган потенциал хавфли нурланиш дозасидан юқори бўлмаган миқдорда) йўл қўйилиши мумкин.

Эксплуатация қилувчи ташкилот мазкур ишларда иштирок этаётган ходимларни радиациявий хавфсизликнинг белгиланган назорат даражаларидан кўпроқ нурланишнинг юз бериши мумкин бўлган хавфи тўғрисида олдиндан хабардор қилиши ва бунга уларнинг ёзма розилигини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсатномасини олиши шарт.

8-боб.  Радиациявий таъсир туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

49-модда. Жисмоний ва юридик шахсларга радиациявий таъсир натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

Жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган ҳамда радиациявий таъсир билан боғлиқ ёхуд радиациявий таъсирнинг заҳарли, портловчи ёки бошқа хавфли таъсирлар билан уйғунлашувига боғлиқ бўлган зарарнинг ўрни қопланиши лозим.

Агар радиациявий таъсир туфайли етказилган зарар билан бир қаторда радиациявий таъсир сабабли етказилган зарардан асосланган равишда ажратилиб қўйилиши мумкин бўлмаган бошқа зарар етказилган бўлса, бундай зарарнинг ўрни атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қопланиши лозим.

Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан радиациявий таъсир туфайли етказилган зарарнинг ўрни эксплуатация қилувчи ташкилотнинг айбидан қатъи назар қопланади.

Эксплуатация қилувчи ташкилот атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш чоғида радиациявий таъсир орқали жисмоний ва (ёки) юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплайди.

Эксплуатация қилувчи ташкилот енгиб бўлмас куч ёки ҳарбий ҳаракатлар натижасида юзага келган радиациявий таъсир туфайли етказиладиган зарарнинг ўрнини қопламайди.

Қайси шахснинг қасддан содир этилган ҳаракатлари ушбу шахснинг ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказилишига олиб келса, эксплуатация қилувчи ташкилот шу шахсга радиациявий таъсир туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қопламайди.

Битта радиациявий авария натижасидаги радиациявий таъсир туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплашнинг энг кўп умумий суммаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган миқдордан кўп бўлиши мумкин эмас.

50-модда. Радиациявий таъсир натижасида атроф-муҳитга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан йўл қўйилган, радиациявий таъсир натижасида атроф-муҳитга етказилган зарарнинг ўрни атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қопланади.

Зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар эксплуатация қилувчи ташкилотга давлат бошқаруви органлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тақдим этилади.

 

51-модда. Радиациявий таъсир туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплашнинг молиявий таъминоти

Эксплуатация қилувчи ташкилот радиациявий таъсир туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун ўз молиявий маблағларидан ва (ёки) суғурта полисидан (шартномасидан) иборат бўлган молиявий таъминотга эга бўлиши шарт.

Радиациявий таъсир туфайли етказилган зарар учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликни суғурта қилиш шартлари ва тартиби, суғурта жамғармасини тузиш тартиби ва манбалари қонун ҳужжатларида белгиланади.

На эксплуатация қилувчи ташкилот, на радиациявий таъсир сабабли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун ушбу моддага мувофиқ молиявий таъминотни тақдим этган суғурталовчи:

молиявий таъминотни тўхтатиб туришдан ёки бекор қилишдан уч ой олдин бу ҳақда махсус ваколатли органни ва ваколатли давлат бошқаруви органини ёзма шаклда хабардор қилмасдан туриб;

бундай молиявий таъминот радиоактив моддаларни, ядровий материални ва (ёки) радиоактив чиқиндиларни транспортда ташишга (ташишга) тааллуқли бўлса, радиоактив моддаларни, ядровий материални ва (ёки) радиоактив чиқиндиларни транспортда ташиш (ташиш) даври мобайнида молиявий таъминотни тўхтатиб туришга ёки бекор қилишга ҳақли эмас.

52-модда. Радиациявий таъсир туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплашда давлатнинг иштироки

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси радиациявий таъсир туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш суммалари тўловининг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида эксплуатация қилувчи ташкилот учун белгиланган тўловдан ортиқ миқдори ёхуд енгиб бўлмас куч ёки ҳарбий ҳаракатлар натижасида юзага келган зарарнинг ўрнини қоплаш суммалари тўланишини таъминлайди.

 

9-боб.  Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

53-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида чет давлатлар, халқаро ташкилотлар биланахборот алмашиш

Чет давлатлар, халқаро ташкилотлар билан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ахборот алмашиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

54-модда. Ядровий қурилмадаги ва (ёки) сақлаш пунктидаги авария ҳақида чет

давлатларни хабардор қилиш

Ядровий қурилмадаги ва (ёки) сақлаш пунктидаги авария ҳақида чет давлатларни хабардор қилиш ваколатли давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

55-модда. Ядровий қурилмада ва (ёки) сақлаш пунктида авария содир бўлган тақдирда халқаро ёрдам кўрсатиш

Ядровий қурилмада ва (ёки) сақлаш пунктида авария содир бўлган тақдирда унинг оқибатларини чеклаш ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш мақсадида халқаро ёрдам кўрсатиш ҳамда олиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

10-боб. Якунловчи қоидалар

56-модда. Атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

57-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

58-модда. Қонун ҳужжатларини

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

59-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                      Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри,

2019 йил 9 сентябрь

№ ЎРҚ—565


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019