АҚШ Савдо вазири Уилбур Росс: “АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги тижорий ва иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун зарур имкониятлар мавжуд”

13:59 19 Июнь 2019 Иқтисодиёт
172 0

Жорий ҳафта Американинг йирик 13 та компаниясини ўз ичига олган АҚШ Савдо вазирлиги расман тасдиқлаган савдо делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Меҳмонлар мамлакатимиздаги бизнес ва инвестиция муҳити билан яқиндан танишиш, масъул мутасаддилар, тегишли вазирлик ва идоралар, давлат корхоналари ва бошқа компания вакиллари билан учрашишни мақсад қилган.

Делегация таркибидан бутун дунёда тан олинган “GE”, “Bechtel”, “Procter & Gamble”, ва “John Deere” каби компаниялар вакиллари жой олган. Улар ўзлари учун савдо ва инвестиция имкониятлари очилишига умид қилади.

“АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми 2017 йилда қарийб 150 миллион доллар, 2018 йилда эса 300 миллион доллардан ортиқни ташкил этиб, икки баравар ошган бўлса ҳам, тижорий ва иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун зарур имкониятлар мавжуд”,- дея таъкидлади Савдо вазири жаноб Росс.

“Ўзбекистон ҳукуматининг жиддий саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистоннинг иқтисодий қиёфаси тез ўзгариб бормоқда. Тобора кўпроқ америкалик компаниялар ўзбек бозори имкониятлари билан танишмоқда. Биз АҚШ ва Ўзбекистон хусусий секторлари ўртасида янада чуқурроқ ва кенгроқ муносабатлар ўрнатилишини қўллаб-қувватлаймиз,”- деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм.

“Мамлакат ўз иқтисодини диверсификациялаш ва Марказий Осиё юрагидаги стратегик жуғрофий ўрнидан фойдаланишга интилар экан, кўплаб бизнес сектор вакилларидан иборат АҚШ савдо делегациясининг иштироки Ўзбекистондаги савдо ва инвестиция имкониятлари ўсиб бораётганидан далолат бермоқда,”- дея қўшимча қилди элчи.

Савдо миссияси ўз ишини АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Розенблюм ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов бошчилигидаги юқори лавозимли расмийлар қатнашган брифинг билан бошлади. Энергетика, транспорт ва соғлиқни сақлаш вазирлари ўз соҳаларидаги инвестиция имкониятлари ҳақида тақдимот қилиб, савдо делегацияси саволларига жавоб берди.

“Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон Республикасининг стратегик ҳамкоридир, - деди С.Умурзақов. — Мамлакатларимиз ўртасида икки томонлама ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, илмий-техник ҳамкорликни янада кенгайтириш алоқаларимизни мустаҳкамлашдаги муҳим қирралардан биридир. Ишончим комилки, бундай тадбирлар мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги муносабат ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, ҳамкорликнинг янги соҳаларини топишга ёрдам беради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019