АҚШ қишлоқ хўжалиги департаменти Ўзбекистондан 10 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишга рухсат берди

20:19 19 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
299 0

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси томонидан АҚШ Ҳайвонлар ва ўсимликлар саломатлигини назорат қилиш хизматининг (APHIS) Европа, Буюк Британия, Туркия ва Ҳиндистон мамлакатлари департаменти савдо директори Пракаш Хеббар ҳамда АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги халқаро ҳамкорлик хизматининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича масъул ходимлари билан музокаралар ўтказилди.

Онлайн мулоқотда Ўзбекистоннинг Америка бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун фитосанитария рухсатномаларини олиш бўйича тақдим этган аризасининг кўриб чиқиш жараёни ҳақида сўз кетди.

Элчи Жавлон Ваҳобов Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясининг мазмун-моҳияти, божхона ва чегара пунктларини мева- сабзавот маҳсулотларини фитосанитария назорат қилиш учун замонавий ва илғор ускуналар билан жиҳозланаётгани, шунингдек санитар ва фитосанитар назорат бўйича миллий ҳуқуқий базани Жаҳон савдо ташкилоти талаблари ва мақсадли ташқи бозорлар стандартлари билан мувофиқлигини таъминлаш орқали қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берди. Хусусан, Ўзбекистоннинг ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро Конвенцияга қўшилгани қайд этилди.

Узоқ хориждаги янги бозорларни ўзлаштириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш истиқболларига алоҳида урғу берилди. Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2019 йил 2017 йилга нисбатан қишлоқ хўжалиги экспорти икки баробарга ошгани, хусусан, йилига 10 миллион тоннадан ортиқ сабзавот, 17 миллион тоннадан зиёд бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шунингдек 2,5 миллион тонна гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришилгани алоҳида таъкидланди.

Ўз навбатида, Пракаш Хеббар Ўзбекистоннинг фитосанитария тизимини такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, мева-сабзавотчилик бўйича «Ўздавкарантин» инспекцияси томонидан тақдим этилган техник маълумотларни таҳлил қилиш асосида АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистондан Америка бозорига 10 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан, ловия, мош, нўхат, ёнғоқ, ерёнғоқ, бодом, майиз, олхўри, туршак ва қуритилган анжирни экспорт қилиш учун рухсатнома беришга қарор қилганини маълум қилди.

APHIS савдо директори элчихонанинг ўзбек қовунини АҚШга экспорт қилиш бўйича мурожаатига тўхталиб, бу борада тақдим этилган техник ҳужжатлар олти босқичли ўрганишнинг учинчи босқичида ҳар томонлама таҳлил қилинаётганини қайд этди. Америкалик экспертнинг таъкидлашича, тадқиқот натижалари олингач АҚШга қовун олиб кириш бўйича сертификат жорий йил охирига қадар берилади.

Бундан ташқари, Пракаш Хеббар ўз бўлимининг Ўзбекистон барча фитосанитария ҳужжатларини тақдим этиши биланоқ, бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, дуккакли маҳсулотлар экспортига рухсат бериш масаласини кўриб чиқишни бошлашга тайёрлигини билдирди.

Онлайн-мулоқотда, шунингдек, зараркунандаларга қарши курашнинг илғор биологик усулларидан фойдаланиш бўйича АҚШ тажрибасининг жорий этилиши ва Ўзбекистонда уларни стерилизация қилишга ихтисослаштирилган биозавод яратиш истиқболлари муҳокама қилинди. Шу муносабат билан Пракаш Хеббар ўзбекистонлик мутахассислар учун америкалик етакчи экспертларни жалб этган ҳолда биофабрика яратиш бўйича тренинг ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.

Элчихона маълумотига кўра, APHIS ўзбекистонлик мутахассислар учун видеоконференсалоқа воситасида ўсимликлар саломатлиги тизимларини таҳлил қилиш мавзусига бағишланган махсус курслар ташкил этишни режалаштирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?