Андижондаги қалъа нимаси билан аҳамиятли? (Фото)

10:38 23 Октябр 2019 Маданият
1637 0

Андижон вилоятида зиёрат масканлари кўп. Шу боис ҳудудда ички сайёҳлик салоҳиятини ошириш имкониятлари бисёр. Бироқ, тарихий обидалар кам. Бу эса чет эллик меҳмонлар эътиборини жалб қилиш учун бироз тўсқинлик қилади. Ахир, ҳар қандай хорижлик мамлакатнинг тарихига қизиқади! Лекин Андижон шаҳрида шундай бир маскан борки, уни бармоқ билан санарли тарихий обида, дея тан олиш даркор. “Қалъа” номи билан аталувчи бу масканнинг аҳамияти нимада?

Чор Руссия мудофааа қўрғони

Қалъа меъморчилик ёдгорлиги 1880-1881 йилларда Чор Руссия ҳарбий қисми учун мудофаа қўрғони сифатида бунёд этилган. Унинг 10 метрдан ортиқ баландликка эга бўлган деворидан Андижон шаҳри кафтдек кўриниб турган. Бу эса шу жойдан туриб исёнларни ўз вақтида бостириш имконини берган.Қалъа ўз вақтида 1,5 гектар майдонни эгаллаган. Таркибида қурол аслаҳа омборлари, ошхона, тўпхоналар мавжуд бўлган. Шунингдек, Чор Руссия армиясининг Туркистон асосий мунтазам ҳаракатдаги батальонининг 4- ва 5-роталари шу жойда жойлашган. Ушбу роталарда эса250 дан зиёд аскарлар қўним топган.

Тарихнинг қонли тўқнашувларига гувоҳ деворлар

Қалъа билан танишган киши тарихдан гувоҳлик берувчи бу салобатли деворлар не бир воқеаларга шоҳид эканлигини яхши билмайди. Аслида у130 йил давомида жуда кўп тарихий, фожиали воқеаларнинг гувоҳидир. Масалан,1898 йил Чор Руссияни хавотирга солиб келган Андижон қўзғолони юзага келди. Бугунги кунда Дукчи Эшон номи билан тарих зарварақларидан жой олган мингтепалик Муҳаммадали Эшонбошчилигидаги миллий озодлик ҳаракати исёнчилари Қалъадаги рус аскарларига қарши ҳужум уюштиришди. Натижада 23 нафар рус аскари ўлдирилди. Қалъа забт этилди, бироқ, рус армияси томонидан уюштирилган қўзғолон туфайли Қалъа шаҳидлар манзилига айланди.Муҳаммадали Эшон бошлиқ 19 нафар қўзғолончи Қалъа майдонида осиб ўлдирилди. 330 нафар қўзғолончилар 4 йилдан 20 йилгача бўлган муддатдаги қамоқ жазосига тайин этилди.Кўплаб ватандошларимиз Сибирга сургун қилинди.

Тарихий ёдгорлик тарих солномаси манзилига айлантирилди

Қалъа мажмуаси ёдгорлик сифатида 1980 йилда таъмирланиб,вилоят ўлкашунослик музейининг филиали, сўнг Андижон вилояти адабиёт ва санъат музейининг қўлёзмалар, кейинчалик тасвирий санъат бўлими сифатида фаолият олиб борган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги “2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий - техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан Андижон вилоят ўлкашунослик музейи ҳамда Андижон вилоят Адабиёт ва санъат музейлари бирлашиб, унинг негизида Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи қайта ташкил этилди. ХозирдамузейнингТасвирий санъат бўлими айнан мана шу ёдгорлик мажмуасида фаолият олиб бормоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги қарорининг 3 иловасида белгиланган 2018-2027 йилларда давлат музейлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг манзилли дастурига асосан музей бўлимида 2023 йилда мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган. Кейинчалик ёдгорликда“Миллий озодлик ҳаракатлари“ бўлимини ташкил этиш режалаштирилган.

Қабрга айлантирилган қудуқ

Айни пайтда ёдгорлик ҳудудида тарихдан ҳикоя қилувчи қудуқ ва зиндон сақланиб қолган. Зиндон тор йўлак ва икки хонадан иборат бўлиб, аслида аскарлар учун гауптвахта сифатида бунёд этилган. Кейинчалик, асир олинган ўзбек қўзғолончилари учун зиндон вазифасини ўтаган. Зах ва қоронғи хонада ўша давр муҳитини намойиш этувчи ҳолат ўз аксини топган.

Аскарларни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қурилган қудуқдан эса сув чиқмаган. Боиси, Қалъа ер сатҳидан анча баландликда жойлашгани боис қудуқдан фойдаланиш имкони бўлмаган. Шу боис қўзғолон пайтида ҳалок бўлган бир қанча аскарларнинг мурдаси мана шу қудуққа ташлаб юборилган ва уларнинг суяклари яқин ўтмишгача шу ерда сақланган.

Бир пайтлар рус аскарлари учун ётоқхона вазифасини ўтаган казармада айни пайтда ўзбек рассомларининг энг сара асарлари сақланмоқда. Қўшни хонада эса ўша пайтдаги русларнинг Ўзбекистондаги ҳаётини акс эттирувчи экспонатлар жой олган.

Қўрғонни ҳимоя қилувчи баланд девордан ташқарига қараган киши учун Андижон шаҳри ҳали ҳам кафтда намоён бўлгандек гўё. Бу жойдан назар солар экансиз, ўша даврнинг рухини ҳис этгандек бўласиз. Ўзбекистон тарихини бугунги авлодга уқтиришда бу каби обидаларнинг аҳамияти жуда катта. Зеро, нафақат университетнинг тарих факультети талабаларини, балки, мактаб ўқувчиларини ҳам ушбу масканга олиб келиб, у билан боғлиқ маълумотлардан огоҳ этиш орқали ёш авлоднинг билим савиясини ошириш ва Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантириш мумкин.

Қалъа вақти келиб Андижон вилоятининг сайёҳлар қадами аримайдиган энг гавжум жойлардан бири бўлмоғи керак.

Бир сўз билан айтганда, тарих ортда қолган хотира эмас. У келажагимизни белгилаб берувчи сабоқдир. Шундай экан, ўтмиш билан боғлиқ ҳар қандай хотирага муносабат ўзлигимизни намойиш этувчи ифодадир.

Саминжон ҲУСАНОВ,
(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?