Андижонда 56 нафар ўқитувчи коронавирусдан даволанмоқда

14:16 19 Сентябр 2020 Жамият
211 0

Республикамизда янги ўқув йилининг бошланиши энг аввало, ота-оналарни қувонтирган бўлса, уларнинг ташвишланишига ҳам сабаб бўлди. Зеро, пандемия шароитида ҳеч ким фарзандининг азият чекишини истамайди. Айниқса, ўқитувчиларнинг коронавирус юқтириб олганлиги тўғрисидаги хабарлари хушёрликка чорлайди.

Андижон вилоятида бу борадаги вазият қандай? Мактаблар янги ўқув йилига қандай тайёргарлик кўрдию, бу ерларда карантин қоидаларига қай даражада риоя этилмоқда? Ўқитувчилар ўқувчилар саломатлигини ҳимоя қилишга астойдил бел боғлаган бир кезда ўзларининг соғлигини қай даражада ҳимоялай олмоқдалар?

Маълум бўлишича, шу кунагча 96 нафар ўқитувчиларда коронавирус аниқланган. Олиб борилган тиббий муолажалар натижасида уларнинг 40 нафари батамом соғайган ва хизмат фаолиятини давом эттиришга лойиқ, деб топилган. Айни пайтда 56 нафар устоз коронавирусдан даволанмоқда.

Мактабларда карантин қоидаларига риоя этиш учун барча шароитлар яратилди. Жумладан, вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ҳар бир мактаб антисептик ва ҳарорат ўлчовчи воситалар билан таъминланди. Санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш учун зарур бўлган шароитлар яратилди. Айниқса, тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 100 фоизга етказилди.

Айтиш жоиз, вилоятда 764 та мактаблар мавжуд бўлиб, уларнинг 61 тасида 7 сентябрь кунидан бошлаб синов тариқасида ўқишлар бошланган. Халқ депутатлари вилоят кенгаши томонидан бошқа таълим муассасаларидаги шароитлар атрофлича ўрганиб чиқилди ва 15 сентябрдан бошлаб яна 383 та мактаб фаолиятини бошлашига рухсат берилди.

Мактабларда ўқиш жараёнлари қатъий интизом ва қаттиқ назорат остида олиб борилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?