“Ал-Ямама”: “Ўзбекистон  — ипакчилик , кулолчилик ва алломалар юрти”

14:22 20 Июнь 2019 Welcome to uzbekistan
265 0

Саудия Арабистонининг “Ал-Ямама” журнали саҳифаларида Ўзбекистон ҳақида туркум мақолалар чоп этилди. Бу бежиз эмас. Гап шундаки, шу йилнинг 25 май — 5 июнь кунлари 11 нафар фарғоналик журналист ушбу мамлакатга зиёрат ва ижодий сафар уюштирди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу сафар давомида дастлаб Умра амаллари тўла-тўкис адо этилди. Сўнгра Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консулхонасида Саудия Арабистонининг йирик газеталари, журналлари бош муҳаррирлари, машҳур тележурналист ва интернет сайтлари раҳбар ҳамда блогерлари билан ўзаро тажриба алмашув, Ўзбекистон имижини хорижий ОАВларда тарғиб қилиш мавзуида ижодий анжуман бўлиб ўтди.

Саудиялик журналистларга Ўзбекистонда турли соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, матбуотдаги сўз эркинлиги, фикрлар хилмахиллиги борасида, интернет сайтлари ҳамда блогерларга яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шуниси эътиборлики, биз Ўзбекистондаги ислоҳотлар, Фарғонадаги янгиланишлар хусусида бир неча мақолалар ёзиб, уларни араб тилига таржима қилиб, фотосуратлар илова этган ҳолда олиб келган эдик. Учрашув чоғида уларни саудиялик ҳамкасбларга тақдим қилдик. Уларнинг аксарияти “Ал-Ямама” журналида нашр этилди.

“Ал-Ямама” араб дунёсидаги энг катта тиражда нашр этилиб, энг кўп тарқаладиган журналдир. Бинобарин, у 1963 йилда Саудия Арабистонида биринчи ташкил этилган, ҳозирги кунда мамлакат ичкарисида ва хорижда 60 та филиали, 1500 нафар ижодий жамоаси бўлган Подшоҳликнинг энг йирик ахборот-матбуот мажмуаси ҳисобланади. “Ал-Ямама” араб тилидан ўгирилганда, хабар элтувчи кабутар маъносини англатади.

“Ал-Ямама” матбуот муассасаси таркибида араб тилидаги“Ар-Риёд” кундалик газетаси, “Ал-Ямама” ҳафталик журнали, инглиз тилида “Riyadh Daily” кундалик газетаси, “Дот” газетаси (инглиз, урду тилларида) ҳамда “Ар-Риёд” наш­риёти бор. Шунингдек, “Ал-Ямама” муассасасида маълумотлар ва ­тадқиқотлар маркази мавжуд.

Бу журнал орқали араб ўқувчиси Саудия Арабистони халқининг бугунги муаммолари, уни қизиқтирган масалалар, дунё мамлакатлари, уларнинг халқлари ҳаёти билан танишиб боради.

Нашрнинг ҳар бир сони 45 — 50 минг нусхада чоп этилади.

“Ал-Ямама” журналининг 2019 йил 13 июнь кунги 2562-сони муқовасида “Ўзбекистон — ипакчилик, кулолчилик ва алломалар юрти” сарлавҳаси ўрин олган бўлиб, у журналнинг бош мавзуси сифатида урғуланган.

Журнал “Фарғона — Марказий Осиё гавҳари” мақоласи билан бошланади. Шунингдек, унда ­“Бурҳониддин Марғиноний — тириклайин дафн этилган олим”, “Мар­ғилон — ипакчилик пойтахти” ва “Риштон — кулолчилик санъати” сарлавҳали мақолалар Ар-Риёддаги Ахборот ва араб-рус тадқиқотлари марказининг академик директори, Подшоҳ Сауд университети ассоциат-профессори, ҳамюртимиз Муртазо Сайдумаров таржимасида нашр этилган.

“Ал-Ямама” журнали таҳририяти раҳбари (бош муҳаррири) ­Абдулло Ҳамад ас-Сайхан бундан кейин ҳам бу нашр Ўзбекистондаги ислоҳотлар, унинг муқаддас зиё­ратгоҳлари, буюк алломалари, гўзал саёҳат масканлари ҳақида мақолалар бериб боришга тайёрлигини билдирди.

Дарвоқе, Ўзбекистон Журна­листлари ижодий уюшмаси Фар­ғона вилояти бўлими делегацияси ­Саудия Арабистони Подшоҳлигида бўлган кунлари мамлакатдаги газета, телевидение ва интернет сайт­ларининг машҳур жарналистларидан тўрт нафарини Ўзбекистонга таклиф этди. Фарғонага келадиган саудиялик журналистлар сафида “Ал-Ямама” ахборот марказининг бош муҳаррири ва журналистлари ҳам бўлиши кутилмоқда.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019