Агросаноатда “Бухоро тажриба”. У нимаси билан аҳамиятли?

18:44 16 Март 2020 Иқтисодиёт
533 0

“Халқ сўзи ONLINE”

“Халқ сўзи ONLINE”. Истам Иброҳимов/Бухоро. Мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёев шу йилнинг 12–13 март кунлари Хоразм вилоятида бўлиб, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишганди. Давлатимиз раҳбари вилоятда ижтимоий–иқтисодий жабҳада рўёбга чиқарилаётган кенг қамровли ишларни кўздан кечириш асносида қўшни Бухоро вилояти тажрибасини ўрганиш ва уни амалда қўллаш юзасидан тавсия ва топшириқ ҳам берди. Шундан келиб чиққан ҳолда Хоразм вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация Бухоро вилоятига ташриф буюрди.

“Халқ сўзи ONLINE”

Делегация аъзолари дастлаб ”BCT Cluster“ хорижий корхонаси таркибида Ромитан туманида ташкил этилган “BCT CLUSTER AGROKOMPLEKS” масъулияти чекланган жамиятига қарашли далаларда бўлиб, дала–деҳқончилик ишларини ташкил этиш жараёни билан яқиндан танишдилар. Юзма-юз мулоқотлар жараёнида агрокластер усули афзалликлари, унинг деҳқон манфаатдорлигини таъминлашдаги ўрни, замонавий техникалар ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлинди. Яратилган қулайликлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Далада меҳнат қилаётганларнинг ўртача ойлик маоши 2,1 миллион сўм эканлигининг ўзи ҳам кўп нарсадан дарак беради, албатта. Шундан сўнг делегация аъзолари мазкур ишлаб чиқариш жараёнининг узвий давоми саналган Бухоро шаҳридаги“Bukhara Cotton Textile” қўшма корхонасида бўлдилар. Бу ердаги биргина тўқимачилик корхонасида минг нафардан зиёд йигит-қиз меҳнат қиляпти. Умуман эса пахта-тўқимачилик кластерида жами 4,5 мингта иш ўрни яратилган.

“Халқ сўзи ONLINE”

– Биз чигитни экишдан тортиб, пахтани қайта ишлаш, толани ип-калавага, кейин матога айлантириш, матони пардозлаш, ундан жаҳон стандартларига жавоб берадиган тайёр маҳсулот тайёрлашгача бўлган мураккаб жараённи қамраб оладиган технологик жараённи йўлга қўйдик, – дейди биз билан суҳбатда мамлакатимиздаги биринчи пахта-тўқимачилик кластери таъсисчиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Муртазо Раҳматов. – Пахтани чуқур қайта ишлашдек мураккаб жараённи амалга ошириш борасида икки йил давомида катта тажрибага эга бўлдик. Бу бошқалар учун тайёр андаза вазифасини ўтайди. Шу маънода Президентимизнинг “Бухоро тажрибаси”ни ўрганиш юзасидан берган топшириқлари айни муддао. Биз бир-биримиздан жуда кўп нарсани ўргандик. Билмаганни ўрганиш эса жуда катта аҳамиятга эга. Хоразмлик дўстларимиз “Наҳотки, бу сифатли жинси шимлар шу ерда ишлаб чиқарилди,” дея ҳайратларини яшира олишмади. Бу эътирофдан қувондик. Бир далилга эътиборни қаратмоқчиман. Битта жинси шимни тайёрлашда 17 нафар чевар қалб қўри, кўз нурини сарфлайди. Айтмоқчи, ҳозир биз матоларнинг 38 та коллекциясини яратдик. Ҳар биридан тайёр маҳсулот чиқарилмоқда. Улар яқин орада экспортга жўнатилади.

Делегация аъзолари бу йирик мажмуадаги иш жараёнини синчковлик билан кузатдилар.Ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдилар. Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, Хоразмда келгуси йилда пахтани қайта ишлаш даражасини 100 фоизга, калава ипни уч йилда 35 фоиздан 70 фоизга етказиш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда. Бу мақсадга етишда Бухорода тўпланган тажриба асқатиши мумкин.

– Амалий семинар давомида биз Президентимиз топшириқларига кўра, Бухоро шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободончилик ишлари билан танишишдик, – дейди Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ш. Тўлаганов. – Шунингдек, ушбу пахта-тўқимачилик кластерида ҳам бўлдик. Бу ерда юқори технологиялар асосида турк мутахассислари кўмагида маҳаллий ёшлар томонидан сифатли, бозорбоп маҳсулотлар чиқариляпти. Муҳими, далада ишловчилар қўшимча қийматдан баҳраманд. Кластер тизимининг устувор жиҳатларидан бири ҳам шунда. Бу ердаги бой тажрибани ҳар бир тадбиркор ўрганиши керак. Бизда ҳам шунга ўхшаш корхоналар бор. Ўрганганларимизни вилоятимизда ҳам албатта, татбиқ этамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?