Аграр соҳани барқарор ривожлантиришда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси қандай роль ўйнайди?

22:22 21 Май 2020 Жамият
102 0

Тошкент давлат аграр университетида профессор-ўқитувчи ва ёш олимларнинг III онлайн илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Мазкур анжуман “Аграр соҳани барқарор ривожлантиришда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси“ мавзусига бағишланди. Зеро, бу йўналиш “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили“ мазмун-моҳиятига ҳам тўла мос келади.

Айтиш жоизки, тадбир ZOOM канали орқали юқори савияда ўтказилди.

Анжуманда университет Агрологистика кафедраси мудири, иқтисод фанлари доктори, профессор М.Саидов модераторлик қилди. Онлайн анжуман ташаббускори, Тошкент давлат аграр университети ректори академик Б.Сулаймонов анжуман қатнашчиларига табрик сўзини ўқиб берди. Шундан сўнг конференция аграр тармоқнинг асосий йўналишларини ўз ичига олган 7 та шўъбага бўлинган ҳолда давом эттирилди. Уларда 750 дан ортиқ мақолалар қабул қилиниб, муҳокама этилди. 
Таъкидлаш жоиз, коронавирус пандемияси шароитида профессор-ўқитувчилар томонидан мақолаларни нашр эттиришда бу каби анжуманлар муҳим аҳамият касб этмоқда. 
Ўзбекистонда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларини жадал ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида рақамли иқтисодиётни қўллаш кўламини кенгайтириш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, уларни сақлаш ва қайта ишлаш ҳамда истеъмолчиларга экологик хавфсиз маҳсулот етиштиришга замонавий технологияларни жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу ислоҳотлар бераётган самаралар эса жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этиб келиняпти.

Анжуманда Тошкент давлат университети, унинг Андижон, Нукус ва Термиз филиаллари, юртимизнинг бошқа олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот институтлари олимлари фаол иштирок этишдилар.

Профессор М.Саидов онлайн анжуман иштирокчиларига “Кластерларни шакллантириш асосида миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш” мавзусида маъруза қилди.

Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали директори Э.Торениязов бугунги кунда филиал олимлари томонидан Оролбўйи ҳудудини яхшилаш учун амалга оширилаётган илмий-тадқиқотлар тўғрисида, ТошДАУ Андижон филиалининг Илмий-тадқиқотлар, инновациялар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи Л.Тиркашев “Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясида янги инновацион технологияларнинг роли”, ТошДАУ Термиз филиали доценти, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори С.Болтаев “Ўзбекистон тупроқларининг ҳозирги унумдорлик ҳолати, уни сақлаш ва яхшилаш чоралари”, ТошДАУ Агробиотехнология кафедраси мудири А.Хакимов “Университетлар халқаро рейтингини баҳоловчи ташкилотлар ва ининг маҳаллий ва уларни рейтингни баҳолашдаги асосий индикаторлари”, ТошДАУ докторанти А.Азизов “Мева–сабзавотчилик, узумчилик уларни сақлаш ва қайта ишлашда, маҳсулотлар сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш” ТошДАУ Ипакчилик ва тутчилик кафедраси мудири Ч.Беккамов   “Тут ипак қуртини мавсумий боқишда фойдаланиладиган навдор кўчатларни тут дарахтининг қаламчасидан кўпайтириш агротехникаси ва афзалликлари” тўғрисида маърузалар қилди.

Таъкидланганидек, аграр соҳада ҳосилдорлик ва меҳнат унумдорлигини янада ошириш мақсадида Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. Унда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳада илғор технологияларни қўллаш бўйича қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланди.

Қишлоқ хўжалиги тармоқларида кластер тизими яхши самара бермоқда. Хусусан, шунинг натижасида пахтачиликка янги технологиялар кириб келди, ҳосилдорлик ўтган йиллардагига нисбатан 20-30 фоизга кўтарилди, моддий манфаатдорлик ошди. Охирги мавсумда пахта ҳосилининг 73 фоизи пахта-тўқимачилик кластерлари ҳиссасига тўғри келгани бунинг тасдиғидир.

Кластерлар томонидан ташкил қилинадиган интенсив боғ, токзор ҳамда иссиқхоналарни аҳоли ва тадбиркорларга имтиёзли шартлар асосида бериш, боғ-роғлар ҳосилга кириб, эгаси даромад кўргунча уларга кредит тўловлари бўйича енгиллик яратиш муҳимлиги қайд этилди.

Зеро, давлат раҳбари бўш турган ерлар, самарасиз боғ ва токзорлар ўрнида ҳосилдор плантациялар ташкил этиш, мева-сабзавотларни экспортёрлар талаби асосида етиштириш ва экспортни кенгайтириш асосий вазифа бўлиши зарурлигини таъкидлаб келяпти.

Озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда “Global GAP”, “Organic”, “Halal”, “HACCP”, “ISO 22000” халқаро стандартлар талабларини кооперация иштирокчилари, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда агрокластерларда жорий қилиш бўйича муайян амалий ишлар олиб борилди.

Бугунги кунда аграр тармоқни инновацион ривожлантириш ва кластерлаш тизимини жадаллаштириш бўйича қатор тавсиялар берилди.  

Хусусан:

— Қишлоқ хўжалигида кластер моделини жорий этиш орқали экспорт салоҳиятини ошириш, валюта тушумини купайтириш, аҳолининг сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминланиш даражасини ошириш;

— Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва ташиш бўйича мавжуд инфратузилмадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

— Яратилаётган ишлаб чиқариш-сотиш занжирларининг барқарор ва уйғун ишлашини ошириш учун сақлаш ва қайта ишлаш қувватларини янгилаш ва модернизация қилиш;

— Маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, транспорт ва экспорт харажатларини камайтириш учун рентабелликни ошириш ва бозорда шаффоф шартномавий муносабатларни жорий этиш, келгусида халқаро бозор талабларига мос бизнес амалиётини йўлга қўйишни шакллантириш мақсадида ишлаб чиқарувчиларнинг турли шаклдаги бирлашмаларига (кооперативлар, уюшмалар, кластерлар ва бошқ.) кўмаклашиш;

— Нарх шаклланишининг бозор механизмларига босқичма-босқич ўтиш орқали қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини тартибга солиш амалиётидан воз кечиш шулар жумласидандир.

“Мақсадли” давлат кредит ресурсларини ажратиш амалиётини бекор қилиш, моддий-техник ресурслар етказиб бериш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги ностратегик давлат корхоналарини хусусийлаштириш ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этиши эътироф этилди. Бу эса ресурслар бозорида рақобат муҳитини яратиш ҳисобига ишлаб чиқарувчиларга кўпроқ танлаш эркинлиги ва мослашувчанликни таъминлаш имконини беради.

Бу борада мамлакатимиздаги университетлар рейтингини ошириш алоҳида ўрин тутади. Зотан, бу олий таълим муассасалари ривожланишига, таълим сифатини яхшиланишига, рақобатбардош кадрлар тайёрланишига, дунё бозорига чиқишига йўл очиб беради.

Модомики, шундай экан, бизнинг юртимизда ушбу соҳани ривожлантириш учун қуйидаги ишларни амалга ошириш фойдадан холи бўлмайди:

— университетлар кафедраларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

— ОТМ ни молиялаштиришнинг янги усулларни топиш;

— университетиларда илмий тадқиқот ишларини кучайтириш ва самарадорлигини оширишда хорижий ҳамкорликни йўлга қўйиш. 
Шу ўринда тан олиш керак, профессор ўқитувчиларни хорижий тиллар, асосан рус ва инглиз тилини яхши билмаслиги ўз ўзидан замонавий янги адабиётларни ўз вақтида ўзлаштира олмаслигига олиб келади. Бундан ташқари, илмий мақолалар чоп этишда, чоп этилган адабиётлардан фойдаланишда, Web of Science, Google Scholar, Scopus, ORCID, ResearchID, Researchgate ва бошқаларда рўйхатдан ўтишда, маълумотлар базасини доимий тўлдириб боришда жуда муҳим саналади.

Бундан ташқари, мотивация ҳамда бошқа профессор-ўқитувчиларга стимул бўлиши учун IELTS, CFER каби сертификатларга эга бўлган профессор-ўқитувчиларни бир марталик моддий рағбатлантириш, илмий тадқиқот ишларини хорижий ҳамкор илмий тадқиқот муассасалари билан биргаликда олиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Университетлар илмий салоҳиятини, рейтингини уни тайёрлаган кадрлари, сифатли ва юқори савияда, халқаро талаблар даражасида тайёрланган ўқув ва илмий адабиётлари, халқаро тан олинган маълумотлар базаси рўйхатига кирган журналларда чоп этилган мақолалари ва уларнинг иқтибослиги, моддий техник таъминоти, ишлаб чиқариш билан интеграцияси билан баҳолаш асосий мезонлиги таъкидланди.

— Республикамизда барча имконият ва шароитлар бўлишига қарамасдан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифат ва хавфсизлиги бўйича халқаро стандартларга мувофиқлиги таъминламас экан, уларнинг экспорт географиясини кенгайтириб бўлмайди, — деди Тошкент давлат аграр университети “Агрологистика” кафедраси мудири, иқтисод фанлари доктори профессор Муҳаммад Али Саидов. — Илмий техниканинг ривожланиш даврига қадар инсоният фақат органик маҳсулотлар истеъмол қилишган. Аммо қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда замонавий илмий ёндашувлар қўлланила бошлангандан кейин, уларга эскича усул сифатида қаралиб, деярли қўлланилмай қолди. Чунки асосий эътибор ҳосилдорлик, технологик ва органолептик кўрсаткичларнинг юқори бўлишига асосий эътибор қаратилди.

Натижада қишлоқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда бирмунча ютуқларга эришилди, жумладан, ҳосилдорлик сезиларли даражада ошди, селекция ишларни натижасида истиқболли нав ва зотлар яратилди, ўсимликларнинг вегетацион даври қисқаришига эришилди. Кўп навлар интродукция қилинди.

Аммо кутилмаганда шундай муаммолар пайдо бўлдики, бу бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб қўйди. Булар — етиштирилаётган маҳсулотларнинг таркиби сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича инсоният учун маълум даражада хавфли эканлиги маълум бўлди. Яъни истеъмол қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари натижасида инсон организмида турли хил касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Бунга асосий сабаб эса маҳсулотни етиштириш даврида қўлланилган кимёвий ўғитлар, турли хил препаратларнинг маҳсулот таркибидаги қолдиғи, биостимуляторларнинг салбий оқибатлари ва ҳоказолар бўлиб чиқди. Бундан ташқари, ернинг тупроқ структурасига, атроф-муҳитнинг экологик кўрсаткичларига ҳам сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли маҳсулот етиштириш бўйича халқаро нормалар ишлаб чиқилиб, халқаро миқёсдаги маҳсулот реализацияси учун асосий меъёрий ҳужжат сифатида қўлланила бошланди.

Ҳозирда қишлоқ хўжалиги бўйича энг кўп қўлланилаётган халқаро стандартлар Organic ва Global G.A.P. халқаро стандартлари ҳисобланади. Статистик маълумотларга қараганда бугунги кунда жаҳонда органик маҳсулотлар билан шуғулланувчи корхоналар сони 700 мингдан ортиқлиги аниқланиб, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи мамлакатлар Австралия (12,3 млн.га), Хитой (2,3), Аргентина (2,2), АҚШ (1,9), Германия (0,83), Англия (0,6) кўрсаткичлар билан етакчилик қилиб келмоқда.

Бугунги анжуманнинг асосий мақсади аграр соҳани барқарор ривожлантиришда чуқур назарий, ҳамда инновацион тадқиқотлар олиб бориш бўйича фикр алмашиш, тайёрланаётган кадрларни аграр соҳада эришилган ютуқлар, олиб борилаётган илмий тадқиқотлар билан яқиндан таништириш ва уларни бу соҳага жалб қилиш асосида юқори малакали кадрларни тайёрлашга қаратилган. Шунингдек, ёш кадрларга таълим беришда олий ўқув юрти ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатиш, “устоз-шогирд” анъаналари асосида узвий тадқиқотлар олиб бориш, бу соҳани жадал ривожлантиришга хизмат қилади.

"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?