Афғонистонда Ўзбекистон билан ҳамкорликда ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

23:07 14 Май 2020 Сиёсат
255 0

Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида ўсимлик ёғи ишлаб чиқариладиган модулли корхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Таъкидлаш жоизки, қайта ишлаш ускуналари Афғонистонга Ўзбекистоннинг “Al-Taminot” корхонаси томонидан етказиб берилди.

Тадбирда Афғонистон молия вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ходи Аргандевол, Балх вилояти ҳокимлиги ва афғон ишбилармон доиралари вакиллари, шунингдек, маҳаллий журналистлар иштирок этди.

Абдул Ходи Аргандевол Афғонистон иқтисодиётини тиклашга кўрсатаётган кўмаги учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдириб, икки томонлама ҳамкорлик юқори даражада ривожланиб бораётганини қайд этди.

— Ана шундай қийин вазиятда бўлса-да, ушбу ишлаб чиқариш тармоғининг очилиши Ўзбекистоннинг афғон халқига нисбатан дўстона муносабатини яна бир бор намойиш қилди, – деди вазир.

Ўз навбатида, Балх вилояти ҳокими Исҳоқ Рахгузар Ўзбекистон томони билан биргаликда амалга оширилаётган турли инфратузилмавий лойиҳаларга тўхталиб, уларнинг Афғонистон иқтисодиётини тинч ва барқарор ривожлантиришдаги ўрнини юқори баҳолади.

Маълумот ўрнида, мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича “Амалий чора-тадбирлар режаси” ўтган йилнинг июль ойида “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси билан Афғонистон Ислом Республикаси Молия вазирлиги бошқармаси ўртасида имзоланган эди.

Ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси доирасида Афғонистонда мавжуд учта ёғ-мой корхонасини модернизация қилиш, қайта таъмирлаш ҳамда янгиларини барпо этиш кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?