Адабиёт ва маърифат хиёбони

12:29 22 Май 2020 Маданият
588 0

2017 йил 3 февраль куни эди. Тўсатдан қўнғироқ бўлиб, тезда Миллий боғнинг кунботар томонига келишимни айтишди. Бордим. Бир гуруҳ ижодкорлар йиғилган, давлат раҳбарининг ташрифи кутилаётган эди. Ёмғир шивалаб ёғаётган, ҳаво анчайин совуқ. Чоғроққина чодир остида йиғилдик. Дам ўтмай, Президентимиз кириб келди. Суҳбат адабиётга эътибор хусусида бўлди. Юртбошимиз ижодкорларга тўлиқ шароитлар яратишдан тортиб, адибларга янги бино қуриш, шу ҳудудда адабиётимиз равнақига умрини бағишлаган адиблар хотирасига боғ яратиш режаси билан ўртоқлашдилар.

Давлатимиз раҳбарининг ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ниятлари, самимий руҳда ўтган суҳбат барчамизни бениҳоя тўлқинлантирди. Ахир ўтган уч ўн йилликда эътибордан четда қолган, кўз нури, меҳр қўрини бериб ёзган асарлари дунё юзини кўрмай, чанг босиб ётган, чоп этилганда ҳам тўртта одамдан бошқаси бехабар қолган ижодкор учун бу кутилмаган руҳий қувват эди. Бир пайтлар шаҳарнинг қоқ марказидаги салобатли биносидан айрилиб, йиллар давомида дарбадар кўчманчи каби ижарама-ижара, бинодан-бинога кўчиб юрган Ёзувчилар уюшмасига алоҳида бино қурилиши хор бўлган етимнинг бошини силагандек бир гап эди. Кўзларга беихтиёр ёш қалқди.

...Адиблар хиёбонига ажратилган ҳудуд катта қурилиш майдонига айланди. Тез фурсатларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биноси қад кўтарди, атрофда нодир асарлари билан халқимизнинг қалб тўридан жой олган марҳум ижодкорларнинг ҳайкаллари бирин-кетин ўрин ола бошлади. Хиёбон ҳудуди пухта ўйланган режа асосида кўкаламзорлаштирилди.

2017 йилнинг 25 декабрь куни уюшма биносининг очилишига шахсан Президентнинг ўзи ташриф буюрди. Яна бир самимий суҳбат бўлиб ўтди. Биринчи суҳбатдан кейин ўтган даврда ижодкорларга берилган имтиёзлар, уй-жойлар, ижод учун яратилган имкониятларга миннатдорлик туйғуси иштирокчиларнинг кўзларидаги қувончдан яққол кўриниб турарди. Бу гал Юртбошимиз ўзларининг галдаги режаларидан сўз очдилар. Буюк адабиётимизни дунёга олиб чиқиш, таржима қилиш, оммалаштириш, Адиблар хиёбонини ёшларнинг доимий маърифий масканига айлантириш бўйича зарур топшириқларни бердилар. Суҳбат якунида “бу ҳали бошланиши, менинг кўнглимда режаларим кўп. Армонларим, ниятларим бор. Вақти келса, ­ўзларингиз кўрасизлар. Сизлар билан ҳали кўп учрашамиз...” дея хайрлашдилар.

Бу гап ижодкорлар орасида анча муҳокама бўлди. “Ахир адабиётга бўлган эътибор бундан зиёд бўладими, бино берилди, боғ бунёд этилди. Неча йиллардан бери хор бўлган ижодкорларнинг обрўсини шунчалар кўтариб, уй-жой бериб, қалам ҳақигача оширган бўлсалар, унвонлару мукофотларга тавсиялардан бош айланади. Яна қандай режалари бор экан?” деган ўй ҳамманинг фикри-зикрида бўлди.

Адиблар хиёбонида қурилиш тўхтамади. Ободончилик ишлари давом этаверди...

Куни кеча Адиблар хиёбонига бориб, оғзимиз ланг очилиб қолди. Президентимизнинг ижодкорларни ўйлантирган саволларига жавоб топгандек бўлдим. Адиблар хиёбонининг гўзаллигига маҳлиё бўлмасликнинг иложи йўқ. Ўзбек адабиётининг Алишер Навоийдан кейинги беш юз йиллик тарихи кафтдек намоён. 24 нафар буюк сўз санъаткорининг мис ва бронзадан қуйилган ҳайкаллари, улар атрофидаги сўлим боғчалар, киши таъбини қувнатадиган анвойи гуллар ифоридан бошингиз айланади, ўзингизни қандайдир фирдавсмонанд масканга кириб қолгандек ҳис этасиз. Боғни кезар экансиз, бежирим кўшкларга кўзингиз тушади. Ҳар бир ҳайкал атрофида бир кўшк, атрофи чаман. Ҳайкаллар орасидан ўтиб юқорилай бошлайсиз. Марказий йўлакка ўтишингиз билан боғ чўққисида ҳазрат ­Алишер Навоийнинг маҳобатли ҳайкали. Ие, энди у боққа тескари эмас, бурилиб, Адиблар хиёбонига қараб турибди. Ҳайкал пойига кўтарилдик. Орқамизга ўгирилиб, тош қотдик. Ҳайкал пойида бутун адабиётимиз намояндалари ­ҳайкаллари улуғ бобокалонимизга қараб, ­таъзим қилаётгандек, гўё. Ҳаяжон босди. ­Юртбошимизнинг қалбидаги армон ва ниятларини сезгандек бўлдим.

Адиблар хиёбонининг гўзаллиги беқиёс, аммо унинг замирида ётган мазмун-моҳият бизни янада қаттиқ тўлқинлантирди. Ҳазрат Навоий юксакликдан қуёшга боқмоқда. Қуёш, бу — нур манбаи, мажозий маънода, илм ва маърифат манбаи. Навоий бир умр зиёга, илм­га интилган ва ундан ўзи зиёланиб, маърифатни тарғиб этган. Ўз даврида “Шамс ул-миллат”, яъни миллат қуёши, деб улуғлангани ҳам шундан. Унинг пойида бутун ўзбек адабиёти намояндалари, адабиёт тарихи тўлиқ гавдалантирилган. Ҳаммаси Навоийга таъзимда, Навоий уларни юксакликдан туриб, маърифатга, зиёга тарғиб этиб турибди. Бу боғ, боғ эмас, ўзбек ада­биёти тарихи дарслигининг кўргазмали манзараси-ку! Бу ерда ёш авлод биз бир йил маъруза қилиб юрадиган мавзуларимизни бир соатда ўзлаштириши мумкин. Ўзбек адабиёти билан таниш бўлмаган одам бир айланишдаёқ адабиётимизнинг яловбардорларини ­эслаб қолади, ўзбек адабиёти тарихи ҳақида тасаввурга эга бўлади. Шу маънода, ушбу ­хиёбон нафақат адабиёт, балки билим ва ­маърифат масканига ҳам айланди, десак, адаш­маймиз.

Нимасини яширамиз: кўпчилик бадиий асар ўқиш у ёқда турсин, ўз адибларимиз, ўзимизнинг буюк адабиётимиз борлигидан ҳам бехабар эди. Маънавиятдан тобора узоқлашиб, чет эл маданиятига сиғиниш бошланганди. Ёшларни айтмасак ҳам бўлади. Юртбошимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш бўйича олиб борган сиёсати натижасида ёшлар китоб ўқий бошлади. Китоб мутолааси, адабиёт тарғиботи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Барибир ҳамма бирдек киришган дея олмаймиз. Аммо бу боғни айланган ёшларда адибларнинг ҳайкаллари билан таниша туриб, уларнинг асарларини олиб ўқишларига иштиёқ пайдо бўлишига ҳеч шубҳа йўқ. Уларга қўшилиб ота-оналар ҳам ўқий бошлайди.

Адабиёт — тарбия воситаси. Адабиётнинг бош вазифаси — инсон қалбини гўзаллаштириш, унинг маънавиятини юксалтириш. Китоб — зиё манбаи, бадиий асар ўқувчи кишига алоҳида тарбиячи керак эмас. Асар руҳининг ўзи тарбиялаб қўяди. Инсоннинг маънавияти ўзгаради, маърифати ошади, ватанпарварлик ҳисси жўш уради. Бу боққа кирган одам нафақат дам олади, нафақат буюк адабиётимизга меҳр боғлайди, балки бу ердан руҳ олади, мафкураси ўзгаради, миллий ғурури кучаяди. Она тилимизни, адабиётимизни, миллатимизни шарафлаган буюк бобокалонимизнинг хизматларини чуқур ҳис қилади ва сидқидилдан пойига гуллар қўйиб, таъзим бажо келтиради. Президентимизнинг чуқур ўйланган режаларига қойил қолмасликнинг иложи йўқ.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг бир байтлари ёдга тушди:

Эрур чун олам ичра жоҳ фоний, яхши от боқий,

Бас, эл комин раво айла ўзунгни комрон кўргач.

Ушбу байтда, соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, шундай маъно мужассам: 

Бу дунёдан ўтгуси ҳар мансаб, яхши от қолгай,

Бас, эл орзусин рўёб қил, ки отинг тоабад қолгай!

Куни кеча Адиблар хиёбонида Президентимиз билан учинчи самимий суҳбатда қат­нашиш шарафига муяссар бўлдик. Мукаммал меъморий ечимга эга бўлган ушбу боғ очилишига барча ижод аҳли билан бирга, олий таълим муассасалари ректорлари ҳам таклиф этилган эдилар. Давлатимиз раҳбари суҳбатидан ректорлар бежиз таклиф этилмаганини сездик. “Адабиёт — халқнинг юраги ва маънавияти”, деб таъкидлади Президент. — Соҳавий йўналишидан қатъи назар, барча олий таълим муассасаларида ўзбек адабиётини ўқитиш, ўқув режасига Алишер Навоийга бағишланган махсус фан — Навоийшунослик фанини киритиш, адабий тўгараклар, театр-студиялар ташкил этиш, ўзбек адабиёти намояндаларининг музейларини очиш, адибларга бағишланган фильмлар яратиш вазифалари топширилди. Очиқ осмон остидаги аудитория — Адиблар хиёбони ҳамиша очиқ дарслар билан банд бўлиши, ёшларнинг қадами канда бўлмаслиги, энг асосийси, бу ердаги руҳ барча йигит-қизларнинг қалбига сингишига эришиш ҳаммамизнинг бош вазифамиз бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланди. Бу вазифалар ҳар биримизни масъулиятни янада чуқур ҳис қилишга, ишимизга янгича кўламда, юқори даражада ёндашишга ундайди.

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори,
Адабиёт соҳасида 1-даражали Давлат мукофоти лауреати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?