Абдулла Қодирий Отабек ролида кимни кў​ришни хоҳ​лаганди?

11:34 11 Сентябр 2019 Маданият
274 0

Улуғ ўзбек адиби Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романида мухтасар шаклда ёзган кириш сўзида, жумладан, шундай деган эди: “Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсунда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз ва шунга ўхшаш достончилиқ, рўмончилиқ ва ҳикоячилиқларда ҳам янгаришға, халқимизни шу замоннинг “Тоҳир-Зуҳра”лари, “Чор дарвеш”лари, “Фарҳод-Ширин” ва “Баҳромгўр”лари билан танишдиришка ўзимизда мажбурият ҳис этамиз”, деган эди.

Адибдан “Ўткан кунлар”нинг кино варианти ҳақида сўрашганида, у Отабек ролини ўзи ўйнашини орзу қилганини айтгани ҳам адабиёт тарихидан маълум. Ҳақиқатан ҳам, бу бежиз бўлмай, ўз қаҳрамонининг қувонч-ташвишлари, орзу-ўйлари, азоб-изтироблари унга жуда яқин бўлгани табиий бир ҳол. Бугунги кунда ўзбек киноси ривожланиш йўлида. Соҳага кенг шароитлар яратиб берилмоқда. Лекин ўзбек киноси ҳали бундай имкониятларга эга бўлмаган кезларда таниқли режиссёр Йўлдош Аъзамов талқинида яратилган “Ўткан кунлар” фильми ҳанузгача томошабинлар қалбини титроққа солиб келади. “Меҳробдан чаён” фильми ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Кейинчалик ҳам бу асар сюжети асосида талай спектакллар, телевизион фильмлар яратилди, аммо Солиҳ махдум образини ҳеч ким Раззоқ Ҳамроевчалик чуқур талқин қилиб бера олмади. Ташқи кўринишидан сипо бўлгани билан Солиҳ махдумнинг ички оламида кечаётган мураккаб жараёнлар қизи Раънони Анварга узатаман деб турган чоғида ­хондан совчи келиши билан ўзгариб қолишлари Раззоқ Ҳамроев ­талқинида жуда табиий, ишонарли тарзда чиққанки, бу фильм юксак санъат асари ­сифатида томошабинларни ҳамон ҳайратга солиб келади.

“Ўткан кунлар” фильмида Раззоқ ­Ҳамроев, Наби Раҳимов, Аббос Бакиров, Ёқуб Аҳмедов турли ролларни шу қадар маҳорат билан ижро этишганки, уларнинг ҳар бири бугунги ўзбек киноси учун ибрат мактаби, дейиш мумкин.

Шу ўринда кино яратишдаги дубляж, яъни овозлаштириш жараёнига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Гарчи бу фильмда маҳоратли театр актёри Обид Юнусов бирон-бир эпизодик ролни ижро этмаган бўлса-да, аммо унинг дубляждаги иштирокисиз бу фильмни мукаммал тасаввур этиб бўлмасди. Обид Юнусов фильмда бешта персонажга катта маҳорат билан овоз бериб, унинг миллийлиги ва ўзига хослигини таъминлашда катта ҳиссасини қўшади.

Отабек ролини Ўлмас Алихўжаев, ­Кумуш ролини Гулчеҳра Жамилова, ­Анвар ролини Исамат Эргашев маҳорат билан ижро этиб, ўзбек киносида ўзига хос ёрқин из қолдиришди ва бу образлар ўзбек миллий тимсолига айланди. Халқи­миз орасида минг-минглабОтабеклар, Кумушлар, Анварлар, Раънолар етишиб чиқди. Улар бугунги кун яратувчилари, фидойилари, бунёдкорлари, ёнимиздаги қаҳрамонлардир. Бу ҳам улуғ ўзбек ёзувчиси даҳоси самараси ўлароқ қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.

Улуғ ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий халқимиз миллий онгининг таркибий қисмига айланган бетимсол адиб эди. Унинг асарларига қайта-қайта мурожаат қилиш нафақат кино санъатига, балки санъатнинг бошқа турларига ҳам жиддий таъсир ўтказади. Бу, айниқса, бугунги кунда биз учун жуда муҳимдир. Унинг асарлари ҳали янги-янги талқинларини топади, деб умид қиламиз.

Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ,
кино ва дубляж актёри.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019