9 май — Хотира ва Қадрлаш куни: Ўзбек удумлари ошуфтаси

15:15 02 Май 2019 Маданият
898 0

Таниганимдан сўнг орадан йиллар ўтса ҳамки, ўша-ўша бир хил, ораста кийинган, лабида нимтабассум билан кўзлари кулиб боқиб турадиган Маҳмуд ака билан қаерда бўлмасин кўришиб қолсак, гап айланиб унинг “Ўзбек удумлари” китоби ҳам, албатта, эсланар эди. Тўғри, Маҳмуд Сатторов кўпчилик эътироф этганидек, журналист, олим сифатида қатор асарлар ёзган, ношир сифатида бошқаларнинг китоблари чоп этилишига кўмаклашган, аммо “Ўзбек удумлари” кўз ўнгимда йўргакланиб, тетапоя қилиб, улғайиб, ўзига-ўзи мустақил йўл топиб кетгани боис унга дахлдорлигимни эслатиб қўйишни муаллиф асло унутмасди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирларида бўлса керак, аввалги “Юлдузча”, ҳозирги Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижод уйида ўз номи билан ижод қайнаб-тошар, энг ками 30 минг, бу ёғи 60 минг, ҳаттоки 120 минг нусхада чоп этилаётган китоблар қўлма-қўл бўлиб, халқимиз орасида тарқалиб кетар эди. Ўша маҳалларда бошқа турдош муассасаларда бўлгани каби анъанага кўра, бизнинг нашриётимизнинг ҳам асосий раҳбарлари таниқли ижодкорлар, шоир-ёзувчилардан иборат бўлган.

Нашриёт раҳбари ижодкор бўлса, ҳақиқий асарларнинг савия-баҳосини яхши билади, нимани чиқарсам экан, деб бош қотириб юрмайди ёки қўлига тушган маза-матрасиз битикларни ҳам китоб қилиб чоп эттириб, ўқувчи дидининг ўтмаслашиб-тўмтоқлашиб кетишига йўл қўймайди. Қисқаси, ўша саодатли кунларнинг бирида хонамизга ўзи каби ингичкагина қўлёзма кўтариб Маҳмуд Саттор кириб келди. Кейинчалик маълум бўлишича, у бўлим мудиримиз билан қалин ошна экан. Аммо бошқаларнинг кўзи учун бўлса керак, мудиримиз ўшанда уни сиполик билан қаршилаб, қандай қўлёзма олиб келганини сўради. Маҳмуд ака айтди. Бўлим мудиримиз ўрнидан туриб, боши билан, юринг, ишорасини қилганча уни ортидан эргаштириб, хонадан олиб чиқди. Кўп ўтмай мени Бош муҳаррир ўринбосари Тоҳир Малик йўқлаётганини айтишди.

— Бу қўлёзманинг мавзуси яхши экан, — деди Тоҳир ака одатдаги босиқлик билан. — Муаллиф билан ишланг, ҳали олдинда истаганча вақт бор, кейинги йилнинг режасига киритамиз.

Шу баҳонада Маҳмуд Сатторов билан тез-тез учрашиб турадиган бўлдик. У киши жуда дилкаш, давраларни севадиган, яқинларига, айниқса, устозларига садоқати баландлиги билан ажралиб турарди. Аста-секин қадрдонлашиб кетганимизни сезмай қолдик ва ҳатто, дам олиш кунларида ҳам учрашиб, Маҳмуд аканинг “Волга”сида ёввойи саёҳатларга ҳам чиқиб турадиган бўлдик. Маҳмуд ака жўяли таклифга ҳеч қачон рад жавобини бермас, фурсати бўлмаган тақдирда ҳам кўнгил олиш йўлини билар эди. “Билар эди” деяпману, бу ибора ўрнига тушмаётгандек, нафсиламрини айтганда, у инсонларга чексиз меҳр-муҳаббати туфайли барча билан баробар эди.

Энди-энди узумлар ғўра бўла бошлаган пайтида бир куни Маҳмуд ака қўнғироқ қилиб:

— Ғўроб дегани нима эканлигини биласизми? — деб қолдилар дабдурустдан томдан тараша тушгандек.

Ҳеч эшитмаган эдим. Нима деяримни билмай чайналиб қолганимни пайқаб:

—Кеча Китобдан келдим, — дея тушунтириш бера бошлади. —Бизнинг жойларимиз Ҳазрати Башир тоғига яқин, Қашқадарё дарёси бош ўзанининг икки соҳилида жойлашган. Паландара деб эшитганмисиз?

Менинг ўйланиб қолганимни сезган Маҳмуд ака, Паландаранинг луғавий маъноси йўлбарслар дараси эканлигини айтиб, ўзининг ҳам ўша қишлоқдан эканлигини билдирди.

— Сизнинг ҳам жимгина юриб қўққисдан катта бир ишларни бошлаб юборишингиз шунинг учун экан-да, — дедим ҳазиллашгим келиб.

Аммо Маҳмуд ака буни жиддий қабул қилди.

— Тўғри айтасиз, — деди маъқуллаб. — Йўлбарсдара дейишади, йўлбарслар юрган йўл ҳам дейишади, насиб қилса, бир олиб бораман, ўз кўзингиз билан ҳам кўриб, қойил қоласиз. Мен сизга айтаётганим ғўроб дегани ҳам фақат бизда тайёрланади, узумнинг пишмагани — ғўрасининг суви, ярим литрлик бутилкага солиб келганман, ўзиям иштаҳа очар зўр нарса, эртага Икромжонни топиб, шуни биргаликда баҳам кўрсак девдим.

У-бу баҳона топиб пайсалга солишимни пайқаб қолдими, Маҳмуд ака беозор оҳангда:

— Вақтингизга қаранг, — деди кўнгилга боқаётгандек. — Аммо-лекин атаб олиб келганман, қачон бўлмасин, уччовимиз шу ғўроб баҳонасида бир гурунглашамиз деганман.

Келгуси дам олиш кунида Икром Отамурод ҳамроҳлигида Маҳмуд аканинг “Волга”сида Тошкент шаҳридан чиқаверишдаги, Қозоғистон Республикаси ҳудудидаги “Чернеявка” томон кетдик. Ғўробнинг нималиги, қанақа тайёрланишидан бошланган суҳбатимиз генерал Чернеяевнинг кимлиги, қанақа босқинчиликлар қилганига уланиб кетди. 1865 йили 17 майда Тошкент шаҳри чор қўшини саркардаси генерал Чернеяевга таслим бўлгани, босқинчининг шарафига ҳозирга қадар мана шу жой “Чернеявка” деб аталиши борасида ҳам талай гаплар қилинди. У маҳалларда, ҳали бир куни келиб, мустабид тузумдан қутулиб, мустақил бўламиз деса, биров ишонмас эди. Аммо пешқадам шоир-ёзувчилар, ижодкорлар энди эскича яшай олмасликдан ташқари эскичасига яшашни хоҳламасликларини ҳам ўз асарларида гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона намойиш эта бошлашганди. Миллий тил, эркин адабиёт, миллий қадриятлар, урф-одатлар энди ижодий мавзуларнинг бош йўналишига айланиб бораётган кезларда Маҳмуд Сатторов “Ўзбек удумлари”ни ёзишга бел боғлагани кейинчалик ҳам ўзини оқлаб, бу китобга умрбоқийлик бахш эта олди. Ўшанда қизғин гурунг устида билдирилган фикр-мулоҳазаларни Маҳмуд Сатторов диққат билан тинглаб, уларнинг аксариятини китобига киритган эди. Ундан сўнг “Ўзбекнинг гапи қизиқ” тўплами бевосита аввалгисининг давоми сифатида дунёга келди.

Ҳужжатли фильмлар устаси Темур Аҳмадхўжаев бир куни “Ўзбек удумлари”ни олиб келиб, кўрсатаркан:

— Бу китоб билан танишмисиз? — деб сўради.

Мен унга китобга муҳаррирлик қилганимни айтдим.

— “Ўзбеккино”да шуни фильм қилиб беринг деяпти,— деди Темур ака суюнгандек. — Бир йигит бор экан, чет эллар учун, фестивалларни мўлжаллаб кўп қисмли ҳужжатли фильмлар тайёрласак, деяпти.

— Таклифига кўндингизми?

— Ҳайронман, — кифт қисди Темур ака ўз одатига кўра билиб-тушуниб турган нарсасини билмаслик-тушунмасликка олиб. — Кўп қисмли фильм бўладиган бўлса, бунга давлатнинг қанчадан-қанча маблағи кетади, қандайдир фестивални кўзлаб эмас, аввало, ўзимизнинг халқимизга маъқул бўладиган фильм яратишимиз керак, десам, бу гапни унчалик ёқтиришмади.

Маҳмуд Сатторов ҳам кейинчалик фильм яратиш борасида ғалати тавсияномаларни эшитиб, Темур аканинг сўзларини қўллаб-қувватлади. Уларнинг ҳар иккиси ҳам бу оламни тарк этишди. Иккиси ҳам ўз халқининг дарду ҳасратларини, қувончу ташвишларини яхши биладиган ижодкорлар, камтарин инсонлар эди. Темур Аҳмадхўжаев ўзи севган улуғ аждодларимиз, спорт мавзуларидан ташқари халқ удумлари борасида ҳам талай ҳужжатли фильмлар яратди, у ўзбек киноси жаҳон кино санъати анъаналаридан фойдаланган ҳолда янги босқичларга чиқишини кўришни орзу қилган ҳақиқий кино ижодкор эди. Афсуски, унинг орзулари ҳам орзулигича қолиб кетди.

Ўзбек удумлари ошуфтаси Маҳмуд Сатторов китобларидаги мавзулар халқимиз ҳаётида қанчалик кўп асқатса, унинг руҳи шунчалик шод бўлади — чунки, у ўзбек удумларининг ҳақиқий ошуфтаси эди!

Шойим БЎТАЕВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019