8 мўъжизанинг бири

12:34 12 Сентябр 2019 Welcome to uzbekistan
734 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Дунёда мўъжизалар кўп.Инсон ақлу заковати билан яратилган ана шундай осори атиқалардан бири қадимий Бухоро шаҳридаги Пойи Калон меъморий мажмуасидир.Унинг яқинда Пекин шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли тадбирда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 8 та мўъжизаси рўйхатига киритилгани ҳам бежиз эмас.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Шу ўринда Масжиди Калон, Мир Араб мадрасаси ва Минораи Калон обидаларидан иборат мажмуа тарихига қисқача назар ташлаш фойдадан холи эмас.

Масжиди Калоннинг қурилиши Қутайба ибн Муслим (милодий 712 -713 йиллар) даврига бориб тақалади.Лекин у 1514 йилга келибгина ҳозирги кўринишни олади.Буни турли босқинлар билан изоҳлаш мумкин.Иншоотнинг“Масжиди Калон” яъни “Катта Масжид” деб аталиши унинг маҳобатли ва муҳташам эканлигидадир.Масжид ғишт билан терилган 208 та устунга таянганининг ўзиёқ кўп нарсани англатади.Усти эса 288 та ясси гумбаз билан беркитилган.Масжид хонақоҳидаги нафис кошинкор безакли меҳробни кўрсангиз санъат ичидаги санъат дейишингиз тайин.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Масжиди Калон рўпарасида қад ростлаган Мир Араб мадрасаси Убайдуллахон (1530 -1536 йиллар)ҳукмронлик қилган пайтда ўз даврининг зукко инсонларидан бири шайх Абдулла ( Мир Араб) шарафига бунёд этилган.Унинг меъморий шакли тўртбурчак шаклида қурилгани боис Қуръон китобини эслатади.Ҳужралари сони 114 та.Бу Қуръон суралари сонига мос келади.Мадраса ранг – баранг кошинлар, сиркор парчинлар билан безатилган.Унда миллий меъморчиликнинг ноёб унсурларини учратиш мумкин.Мир Араб мадрасаси мана, неча юз йилдирки, илму маърифат, диний ва дунёвий билимлар тарқатувчи даргоҳ вазифасини ўтаб келмоқда.Бу ерда ҳозир ҳам ислом билим юрти фаолият кўрсатяпти.Ушбу маскандан ислом оламининг кўплаб намоёндалари етишиб чиққан.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Мажмуадаги энг қадимий обида шубҳасиз, бу Минораи Калондир.У 1127 йилда қорахоний ҳукмдор Арслонхон фармонига кўра бунёд этилган.Баландлиги 47,5 метр, диаметри эса 9 метрни ташкил этади.105 та пиллапоя орқали юқорига кўтарилиш мумкин.Кўплар уни инсонинг хушбичим қоматига монанд қилиб қурилган, дейди.Оддий ғиштдан шунақанги зеб – зийнатлар берилганки, ҳайратда қоласан, киши.Қадимда у савдо карвонлари учун маёқ вазифасини бажарган.Қизиғи,Бухорога келадиган йўлларнинг барчаси минорага олиб борган.Қурилганига салкам 900 йил бўлган минорага маъжозий маънода “Боши тошдан” дея таъриф берсак ҳам адашмаймиз.Чунки шўролар босқини пайтида у тўпга тутилган, аэропландан туриб бошига бомба ташланган.Минора қаттиқ шикастланган.Аммо талотўплардан омон қолган.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Сирасини айтганда,бундай меъморий обидаларнинг урушлар, табиий офатлар, асрлар синовидан бизга қадар омон – эсон етиб келиши тақдирнинг катта иноятидир.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

-Ҳар сафар она – шаҳрим Бухорога келганимда сайёҳлар билан гавжум саккиз мўъжизанинг бири -- Пойи Калон меъморий ансамблини кўриб, руҳим қанақадир енгил тортади,-дейди изланувчан ёш олим, Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Комилжон Раҳимов.- Хорижий сайёҳларнинг минора остида турган кўйи унинг алп қоматига, рангин нақшларига, мовий осмонимизга тўймай тикилишганига шоҳидман.Бу ёдгорликлар ота – боболаримизнинг юксак ақл – заковат, билим эгаси, тинчликсевар, элпарвар бўлишганидан далолат беради.Шуларни ўйлаганингда қалбингда ғурур ҳиссини туясан, киши.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Ҳа, масжиду мадрасаларни китобга муқояса қилиб бунёд этган, комил инсонни шарафлаб миноралар қурган аждодларимиздан ҳар қанча фахрлансак арзийди.Муҳими, уларга муносиб фарзанд бўлмоқликдир.

Истам ИБРОҲИМОВ,
(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?