Ўзбекистонда илк “Битирувчилар жамғармаси” ташкил этилди

11:08 13 Iyun 2019 Jamiyat
101 0

Марказий Осиёда ягона ҳисобланган, юксак салоҳиятли кончиларни тайёрлашга ихтисослашган Навоий давлат кончилик институтида янги жамғарма – битирувчилар жамғармаси ташкил этилди. Мазкур жамғарма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги “Таълим муассасаларида уни битириб, юксак ютуқларга эришган номдор шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобига шакллантириладиган битирувчилар жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилди ва Жамғарма низоми тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, Жамғарма маблағлари иқтидорли, билимли ўқувчи ва талабаларнинг ўз билимларини янада мустаҳкамлашлари учун зарур бўладиган ўқув ва илмий адабиётлар ҳамда жиҳозлар харид қилиш, иқтидорли, билимли талабларнинг ўз устида ишлашлари ва билимларини мунтазам ривожлантиришга интилишларини моддий қўллаб- қувватлаш ва рағбатлантириш, талабаларнинг туманлар, вилоятлар , республика ва халқаро миқёсида ўтказиладиган турли мусобақаларда фаол иштирокини таъминлаш, кам таъминланган оилалар ва етим болалар тоифасига кирувчи ўқувчи ва талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш каби қатор мақсадларга йўналтирилиши кўзда тутилган.

— Бугунги кунда олийгоҳда 300 дан ортиқ профессор ўқитувчилар 3000 дан зиёд талабаларга таълим бермоқда,- деди НКМК Бош директори, Навоий давлат кончилик институти ректори, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов. — Олийгоҳимиздан юксак илмий салоҳият эгалари чиққан. Ёш фан докторлари, ёш академиклар билан бугун ҳақли равишда фахрланамиз. Кончилик институтини битирган 1000 дан ортиқ кадрларнинг 258 нафари бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинатида меҳнат қилмоқда. Олийгоҳни доимо қўллаб турамиз. Янги замонавий бинога эга бўлган институтга яқинда 6 миллион АҚШ долларига замонавий лаборатория жиҳозлари сотиб олинди, 2 миллиард сўмлик компьютер жиҳозлари олинди. Педагогларни рағбатлантириш учун комбинат томонидан 11 миллиард сўм ажратилди. Навоий кон-металлургия комбинатидек улкан салоҳиятли корхона негизидаги институтни, педагог ўқитувчиларни, талабаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қурбимиз етади. Аммо Юртбошимиз таъкидлаганидек, илм фан ютуқлари- тараққиётнинг муҳим омили экан, илмий салоҳиятни янада кучайтириш учун ҳар йили ўнлаб китобларни таржима қилиш ва қўлланмалар чиқаришга тўғри келади. Ҳозирги кунда кутубхонамизда 20 минг номли электрон китоблар ҳамда 200 минг турдаги китоблар бор.Бугун тузилган жамғарма маблағларини айнан ана шу мақсадларга китобларни кўпайтиришга сарфласак айни муддао бўлади, деб ўйлайман.

Қ. Саноқуловнинг таклифига биноан олийгоҳда Битирувчилар кенгаши ҳам тузилди.

— Бу маърифат ташаббусига чин юракдан қўшиламиз, — дейди техника фанлари доктори, Федерал давлат автоном таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали директори. Евроосиё кончилик фанлари академиясининг энг ёш академиги. Фарҳодбек УМАРОВ. - Ўрта Осиёдаги ягона олий таълим даргоҳи бўлган Навоий давлат кончилик институтининг биринчи битирувчиларидан бири эканлигим билан фахрланаман. Битирувчилар кенгашига ҳам аъзо бўлдим. Ўзим таҳсил олган қадрдон даргоҳимдан, устозларимдан ҳаётда эришган барча ютуқларим учун миннатдорман.


Izohlar

Hozircha hech kim fikr bildirmagan. Balki Siz birinchilardan bo'larsiz?