Ўзбекистон — умумий уйимиз
  • 17 Ноябрь 2017

Ўзбекистон — умумий уйимиз

 

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик, миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Бу Конституциямизда ифодаланган “...барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”, деган қоиданинг ҳаётий тасдиғи бўлди.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари томонидан ўтказилган навбатдаги сўров истиқлол йилларида мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни ривожлантириш ҳолати ҳамда тенденциялари, уларнинг ўзгариш суръатига бағишланди. Унинг натижалари шуни кўрсатдики, юртдошларимиз жамиятда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро ҳамда фуқаролараро тотувликни қатъий қўллаб-қувватлайдилар. Ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги (99,8 фоизи) ушбу фазилатларни юртимизнинг мустақиллик йилларида эришган энг қимматли бойлиги ва ютуғи, деб билади. Уларнинг фикрича, давлатимиз миллий ҳамда ижтимоий сиёсати, халқимизга хос бағрикенглик, олижаноблик, раҳмдиллик ва хайрихоҳлик каби азалий хусусиятлар, оддий инсонларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий соҳалардаги барқарор ривожланиш суръатлари жамиятимизда миллатлараро ва фуқаролараро бирдамликни таъминловчи асосий омиллар ҳисобланади. Бу жамиятимизда миллатлараро ҳамда диний бағрикенглик муҳитини яратишга имкон берди.

Тадқиқот иштирокчилари Ўзбекистонни ўз жонажон Ватани, деб билади. Респондентлар халқимизнинг тарихий илдизлари билан узвий боғлиқлигини ҳис қилишади.

Жамоатчилик фикри мониторинги кўрсатишича, респондентларнинг мутлақ кўпчилиги, яъни 97,9 фоизи Асосий Қонунимизда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини юқори баҳолайдилар. 54,9 фоизининг назарида, улар учун миллат ҳам, фуқаролик ҳам бирдек муҳим.

Аксарият қатнашчилар (89,4 фоиз) Ўзбекистон фуқароси эканидан фахрланади. Бу ёши ҳамда эътиқодидан қатъи назар, -барча миллат ва элатлар вакилларида фуқаролик ҳамда ватанпарварлик туйғулари юқори эканидан далолатдир.

Сўров юртдошларимиз миллатлараро муносабатларни ижобий баҳолашида барқарорлик мавжудлигини кўрсатди. Масалан, респондентлар мамлакатдаги миллатлараро муносабатларни жуда яхши (52,4 фоиз) ва яхши (41,8 фоиз), деб баҳолайдилар.

Тадқиқот натижалари жамоатчилик фикрида мамлакатимизда олиб борилаётган самарали ва оқилона сиёсат туфайли миллий руҳдаги келишмовчиликларга асос йўқ, деган тасаввур устунлигини кўрсатди.

Мисол учун, респондентларнинг мутлақ кўпчилиги (83,4 фоизи) турли миллатлар вакиллари ўртасида низолар пайдо бўлмайди, деб билади. Айни пайтда миллатлараро мулоқот маданиятини ҳамда бошқа миллатларнинг анъаналари ва урф-одатларига нисбатан бағрикенгликни тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Ушбу мақсадда таълим муассасаларида ҳамда миллий маданият марказларида турли тадбирлар ўтказилиши айни муддаодир.

Сўров иштирокчиларининг 80 фоизи жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик муносабатлари келажакда ҳам мустаҳкам сақланиб қолишига ишонади.

Тадқиқот натижалари Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий вазият барқарор эканлигини кўрсатди. Мамлакат аҳолисининг миграциявий кайфиятлари ҳам бундан далолат беради. Сўралганларнинг мутлақ кўпчилиги доимий яшаш учун Ўзбекистондан бошқа мамлакатларга кетишни истамайди (98,5 фоиз).

Сўровда, шунингдек, тинчлик, миллатлараро ва фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлашда маҳалланинг роли ошиб бораётганлиги аниқланди. Буни респондентларнинг 68,7 фоизи алоҳида қайд этишган. Юртдошларимизнинг маҳалладаги жамоатчилик тадбирларида фаоллиги ортмоқда.

Таъкидлаш жоизки, респондентларнинг 90 фоиздан зиёди аҳоли билан фаол ҳамда очиқ мулоқотнинг янги тизими жорий қилингани, давлатимиз раҳбарининг виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилганлигини жамиятимизда миллатлараро ҳамда фуқаролараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминловчи муҳим омиллардан, деб ҳисоблайди.

Тадқиқот натижалари қатнашчиларнинг 95,1 фоизи мамлакатимизнинг истиқлол йилларида жамиятда тинчлик ҳамда барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик бўйича эришган ютуқларини юқори баҳолашини намоён этди. Президентимизнинг шу йил 19 майдаги Фармонида юртимизда миллатлараро муносабатларни янада такомиллаштириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар фуқароларимизда кўп миллатли катта оила туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn