XS.UZ
Мамлакатимиз тўқимачилик ва енгил саноатининг экспорт салоҳияти Ўзбекистон — Туркия: Икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам «Ўзбекистон янги марраларни кўзламоқда» Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Адлия вазирларининг бешинчи мажлиси тўғрисида ахборот Ёш халқаро шахмат устаси Жавоҳир Синдоровга Президентимиз совғаси топширилди Битим имзоланди Сўз ва амал уйғунлиги — улуғ фазилат Тил — миллат кўзгуси Корхона ривожи таъминланади Илм-фан фидойисига эҳтиром Ер — бебаҳо хазина Тафаккур дунёсига йўл Олтинкўлда ХVI-XVII асрларга тааллуқли тангалар топилди Замонавий шифохона Жаҳон чемпионати совриндори Нуфузли мусобақа арафасида Тажрибали рақибидан устун келди “Халқ сўзи” ва “Народное слово” таҳририяти ходимлари пахта йиғим-теримида фаол иштирок этмоқда Агрепина Шин Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири ЕТТБ тадбиркорлик субъектлари учун кредитлар тақдим этади Депутатлар ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар Инновацион ишланмалар нефтни қайта ишлаш соҳаси ривожини жадаллаштиради Савдо-иқтисодий муносабатлар янада мустаҳкамланади Ҳарбийларимиз “Кембрия патрули” халқаро танловида совриндор бўлди «Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросиман!» Мактабгача таълим соҳасида замонавий тизим яратилади Илғор тажрибалар ва бозор механизмлари Юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар Токиода муҳокама қилинди Фойдаландингизми, ҳақини ҳам тўланг Шавкат Мирзиёев Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
  • 13 Октябрь 2017

Ҳалолликдан барака топасан, акси бўлса...

Барчамиз бозорга ёхуд дўконларга борганимизда, албатта, сифатли маҳсулотларни сотиб олишни истаймиз. Табиийки, харид қилишдан олдин “Бунинг сифати яхшими?” деб сўраймиз. Бундай ҳолатларда сотувчилар ҳеч қачон сифатсиз маҳсулот сотаяпмиз, демайди. Аксинча, ўз товарларини мақтаб-мақтаб харидорларга “ўтказади”. Хўш, сотувчиларнинг гаплари қай даражада асосли? Ҳақиқатан ҳам, маҳсулотлар сифати талабга жавоб берадими?

Энди фикримизни қуйидаги мисол билан бошласак. Бухоролик Раҳима Бозорова фарзандлари учун тансиқ егулик тайёрлаш мақсадида тумандаги ишлаб чиқариш корхонасидан сут маҳсулотлари харид қилади. Аммо уйига келгач, унинг сифати бузилганига амин бўлади. Шунда истеъмолчи тадбиркорга сотаётган сут маҳсулотлари сифатсиз эканини кўрсатиб, тўлаган пулининг қайтарилишини сўрайди. Аммо корхона раҳбари бундан бош тортади...

Ушбу воқеани мисол тариқасида бежиз келтирмадик. Демак, аҳолига сотилаётган маҳсулотларнинг ҳаммаси ҳам сифатли эмас. Шу боис ҳар қандай буюмни, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишдан олдин унинг сифати ва яроқлилик муддатини текширишни унутманг. Бу ҳам оилангиз саломатлигига, ҳам ҳамёнингизга фойдалидир.

Бугун мамлакатимизда аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш ҳажмини кўпайтириш, ички бозорни сифатли ҳамда арзон истеъмол моллари билан тўлдириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани эътиборга молик. Айниқса, мазкур соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёзлар тақдим этилганки, пировардида ишбилармонлар сафи йил сайин кўпаймоқда.

 

Истеъмолчини алдаган мижозини йўқотади

Дарҳақиқат, юртимизнинг қай бир гўшасида бўлманг, ҳар қадамда савдо шохобчаларини учратасиз. Улардан кундалик ҳаётимиз учун зарур бўлган исталган турдаги озиқ-овқат маҳсулотини топиш мумкин. Бу — бизнинг ютуғимиз. Лекин масаланинг иккинчи томони борки, у ҳам бўлса, дўконларда, савдо расталарида сотилаётган маҳсулотларнинг сифати қўйилган талабларга мувофиқми?

“Ўзстандарт” агентлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш юзасидан олиб борилган таҳлил натижалари шу саволга ойдинлик киритиш -имконини берди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 170 дан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва сотувчи тадбиркорлик субъектларида стандартлаштиришга оид ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талаблар, метрология ҳамда сертификатлаштириш қоидаларининг бажарилиши устидан давлат назорати ўтказилди. Натижа эса...

Гап шундаки, текширувларда 340 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги синовдан ўтказилган бўлса, шундан 80 турдагиси амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига номувофиқ, деб топилган. Уларнинг аксарияти кундалик ҳаётимизда истеъмол қиладиган — нон ҳамда нон маҳсулотлари, ичимликлар, колбаса маҳсулотлари эканлиги ачинарли ҳол, албатта. Ахир талабга жавоб бермайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари инсон саломатлиги учун хавф туғдиришини, наҳотки, “устомон” ишбилармонларимиз билмаса?! Бу ишончни суиистеъмол қилишдан бошқа нарса эмас.

— Бунга ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг стандартлар билан таъминланмагани, белгиланган физик-кимёвий кўрсаткичлари талаб даражасида эмаслиги, ёрлиқланиши ва қадоқланиши, ишлаб чиқариш санаси кўрсатилмаслиги, сифатли сақлаш қоидаларига риоя этилмаслиги каби қатор омиллар сабаб бўлмоқда, — дейди “Ўзстандарт” агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Зоир Аманов.

 

Ҳуқуқини билган ютқазмайди

Яқинда наманганлик Рашида Муҳаммадалиева Ғишткўприк маҳалласида жойлашган “Алишер-Абдуқаҳҳор” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дўкондан ун сотиб олиб, ноқулай аҳволга тушиб қолди. Сабаби, ун истеъмолга яроқсиз экан.

— Ҳар иккала харидор истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат этди, — дейди Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари, ижрочи директори Нодирбек Юсупов. — Аризалар мутахассислар томонидан ўрганилганда, ҳақиқатан ҳам, сут, шунингдек, ун ҳамда бошқа ёрма маҳсулотлар талаб даражасида сақланмагани боис истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолгани тасдиқланди. Ачинарлиси, бундай мисоллар учраб туради.

Қинғир йўл, барибир, қинғир-да. Мўмай даромад топаман, деб ана шундай нопок йўлни танлаган ишбилармонларнинг фаолияти узоққа чўзилмайди. Бугун бу майдонда фақат аҳоли манфаатини ўйлаб, қонунга итоат қилганларгина фаолият олиб бориши мумкин.

 

Тарози адолат мезони эмасми?

Мувофиқлик сертификатига эга бўлмасдан, ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўйиб бизнесини юритаётган ва алдамчи йўллар билан ишлаб чиқараётган маҳсулотини савдо расталарида сотаётган “уддабурон” тадбиркорлар ҳам, афсуски, орамизда йўқ эмас.

— Халқимизда “Тарози — Яратган рози”, деган пурмаъно нақл бор, — дейди пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги “Тонг” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Равшан Тўраев. — Бунинг маъноси шуки, тарозига қўйилган ҳар қандай буюм оғирлиги адолатли, ўта аниқликда белгиланиши лозим. Тарозидан уриб қолиш эса ўзгалар ҳақига хиёнатдир. Бундан ҳеч ким рози бўлмайди.

Айтиш жоизки, идора ходимлари томонидан жами 12 мингдан ортиқ ўлчов воситалари назоратдан ўтказилганда, улардан 1572 таси қиёсланмаган, яроқсиз ҳолда фойдаланиб келинаётгани аниқланган.

Синов лабораторияларида ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, 2016 йилнинг биринчи ярмида жами 2 миллиард сўмликдан ортиқ, жорий йилнинг ўтган даврида эса 1 миллиард сўмликка яқин озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз, деб топилди.

Мазкур ҳолатлардан ким жабр кўради? Албатта, истеъмолчилар.

“Қарс икки қўлдан”, деганларидек, озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилаётган истеъмолчидан ҳам ҳушёрлик талаб этилади. Улар маҳсулотнинг яроқлилик муддатига, сақланиш ҳолати, қадоқланиши ва сифатига эътибор қаратишлари лозим.

Истеъмолчи ушбу тамойилга доимо амал қилса, юз бериши мумкин бўлган кўплаб кўнгилсизликлар, оворагарчилик ҳамда асаббузарликларнинг олди олинади. Энг муҳими, истеъмолчи андишага бормай, ҳақ-ҳуқуқини талаб этса, муаммога ўрин қолмайди.

 

Тарғиботнинг аҳамияти катта

— Ўрганиш натижаларига мувофиқ, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига камчиликларни бартараф қилиш бўйича 120 маротаба, 

32 ҳолатда номувофиқ бўлган маҳсулотлар сотилишини тақиқлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди, — дейди “Ўзстандарт” агентлиги бош директори ўринбосари -Жасур Шукуров. — Шунингдек, 170 та мансабдор шахс жавобгарликка тортилиб, уларга нисбатан 38 миллион 628 минг сўмдан ортиқ маъмурий жарималар қўлланилди. Албатта, муаммонинг ечими фақат жазода эмас, балки ишбилармонлар, қолаверса, аҳоли ўртасида тарғибот тадбирларини янада кучайтиришда. Ўз вақтида етарлича тарғибот ишларини олиб бормаганимиз — бизнинг айбимиз. Келгусида ишни аниқ режа, янгича усул ҳамда ёндашувлар асосида ташкиллаштиришни режалаштирганмиз.

Президентимизнинг 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги муаммоларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Хусусан, истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза этиш, “Ўзстандарт” агентлиги фаолиятини тубдан такомиллаштириш, иш самарадорлигини кучайтириш, халқаро стандартлар ҳамда техник регламентларни амалиётга жорий қилиш орқали маҳсулотлар сифатини ошириш ташқи бозорларда уларнинг рақобатдошлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.

 

“Ҳалол” стандарти жорий этилади

Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини янада ривожлантириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш, тадбиркорлар ҳамда аҳолига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари турларини кенгайтириш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишга алоҳида аҳамият берилаяпти.

Ж. Шукуровнинг билдиришича, йил якунига қадар, хорижий давлатларда бўлгани каби, бизнинг мамлакатимизда ҳам “ҳалол” стандартларини қўллаш мўлжалланган. Айни пайтда бу борада тегишли дастур ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишга киришилган. Бу маҳсулотларимизнинг экспорт салоҳиятини кучайтириши билан бирга, юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг уларга бўлган ишончини ҳам оширади.

Қолаверса, синов лабораторияларини модернизациялаш учун 11 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирилган бўлиб, жорий йилда 2096 та, шундан 1265 та экспортчи корхонада сифат менежменти тизимини ўрнатиш режалаштирилган.

Бундай саъй-ҳаракатлар аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, уларнинг саломатликларини ҳимоя қилиш, миллий бренд остида ишлаб чиқарилаётган товарларимизни жаҳонга танитиш ҳамда экспортни кенгайтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган