Она замин саховати
  • 11 Сентябрь 2017

Она замин саховати

Боғбону соҳибкорларимизнинг кўп йиллик тажрибаси, улкан салоҳияти юртимизда етиштирилган мева-сабзавотларга берилаётган эътирофларда намоён бўлмоқда.

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазма мажмуасида ўтказилган II Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси давомида республикамизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти бўйича кўплаб шартномалар имзоланди. Бу мазкур нуфузли тадбир кутилганидек самарали ўтганидан яққол далолатдир.

Юртимизда мева-сабзавотчилик ва полизчилик тармоқларига интенсив ҳамда инновацион технологиялар изчил қўлланилиб, янги боғ-роғлар барпо қилинаётгани, озиқ-овқат экинлари майдонлари кенгайтирилиб, серҳосил, эртапишар навлар жойлаштирилаётгани туфайли ноз-неъматлар етиштириш ҳажми йил сайин кўпаймоқда. Сифат кўрсаткичлари юқори бўлган маҳсулотларимизни харид қилиш, боғбон ва -фермерлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида дунёнинг йирик озиқ-овқат компаниялари, халқаро савдо тармоқлари вакиллари айни пишиқчилик мавсумида мамлакатимиз томон ошиқадилар.

Бу йил ҳам шундай бўлди. “Ўзэкспомарказ” мажмуасининг барча кўргазма павильонлари уч кун давомида ҳамюртларимиз ҳамда хорижликлар билан гавжум бўлди.

Улар 150 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, мева-сабзавотни қайта ишлаш корхоналарининг маҳсулотлари билан яқиндан танишиб, шу йил ва келгуси йил ҳосилидан харид қилиш учун кўплаб келишувларга эришдилар. Мисол учун, Бухоро вилоятидан ташриф буюрган 40 нафарга яқин фермеру тадбиркорлар кутилганидан-да кўпроқ натижаларни қўлга киритишди.

Вилоят ҳокимлиги масъул ходими Аъзамжон Тилавовнинг билдиришича, ярмарка янги савдо йўлларини очишда қўл келди. Чунончи, ҳудудда етиштирилган 52 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги ҳамда полиз маҳсулотларини Россия, Иордания, Покистон, Қозоғистон каби ўнлаб давлатларга етказиб бериш бўйича 44,5 миллион АҚШ долларилик шартномалар имзоланди.

Бирлашган Араб Амирликларининг “Ашвак” компанияси бош менежери Марк Волмаранснинг айтишича, мазкур ярмарка ҳали тўлиқ ишга солинмаган имкониятларни юзага чиқаришга хизмат қилди.

— Бизда Ўзбекистондан келтирилган боғ ва дала неъматлари алоҳида қадрланади, севиб истеъмол қилинади, — дейди у. — Аҳолимизга нафақат сархил меваларингиз, балки қайта ишланган ва қуритилганлари ҳам харидоргир. Шу боис ярмаркада катта миқдорда сабзавот ва кўкатлар сотиб олиш бўйича шартнома имзоладик.

Тадбир доирасида ўтказилган анжуманлар, учрашувлар, музокаралар, самимий мулоқотлар чоғида хорижлик инвесторлар ҳамкорликда иш юритиш истагини кўп бора таъкидлашди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида, айниқса, боғдорчилик, сабзавотчилик, полизчиликда кўп йиллик тажриба, юксак салоҳиятга эга мамлакатдир.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn