ЖССТ экспертлари силга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолашди
  • 17 Ноябрь 2017

ЖССТ экспертлари силга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолашди

Шу кунларда Москва шаҳрида “Барқарор тараққиёт даврида силни тўхтатиш: кўп тармоқли ёндашув” мавзуида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг вазирликлар даражасидаги биринчи халқаро глобал конференцияси ўтказилмоқда.

Анжуманнинг очилиш маросимида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин сўзга чиқди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ҳам иштирок этмоқда.

ЖССТ маълумотлари кўра, ҳар йили дунё миқёсида сил билан касалланган 10 миллион бемор рўйхатга олинади. 

Силга қарши глобал кураш тўғрисида эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, дунё аҳолисининг қарийб учдан бир қисми ушбу хасталикнинг бошланғич кўриниши билан оғриган.

Халқаро анжуманда сўзга чиққанлар силга қарши кураш бўйича Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолашди.

Чунки мамлакатимизда сил хасталикларининг олдини олиш ва даволаш бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилган. Фтизиатрия хизматининг тўғри йўлга қўйилиши ва касалликларнинг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюросига аъзо 53 давлат орасида 3-ўринни эгаллаб, халқаро миқёсда эътироф этилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИВ/ОИТС масалалари бўйича қўшма дастури ижрочи директори Мишель Сидибе, БМТнинг сил касаллиги масаллари бўйича махсус элчиси Эрик Гусби сил касаллиги ва ОИВ инфекциясини даволаш, олдини олишда Ўзбекистон тажрибаси бўйича Марказий Осиё учун Ўзбекистонда халқаро анжуман ўтказиш таклифи билан чиқди.

Тадбир доирасида Алишер Шадманов ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесус, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова билан учрашиши режалаштирилган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn