Рустам Жангабоевга Президент совғаси – “Nexia” автомобилининг калити топширилди
  • 16 Ноябрь 2017

Рустам Жангабоевга Президент совғаси – “Nexia” автомобилининг калити топширилди

Жорий йилнинг сентябрь ойида Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳри мезбонлик қилган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида мамлакатимиз спорт делегацияси юксак натижага эришди. Ана шу муваффақиятга қорақалпоғистонлик атлетлар ҳам қатор совринлари билан муносиб ҳисса қўшди.

Нукус шаҳридаги янгидан бунёд этилган Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган олий спорт маҳорат мактабида уларни тақдирлашга бағишланган маросим ўтказилди. Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, мураббийлар, ёшлар қатнашди.

Маросимда сўз олганлар мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, спортчилар ҳамда уларнинг мураббийларини рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. 

V Осиё ўйинларида оғир атлетика бўйича куч синашган Рустам Жангабоев даст кўтаришда 199, силтаб кўтаришда 243, иккикураш якунига кўра 442 килограмм натижа кўрсатиб, олтин медаль билан тақдирланди. Бундан ташқари, у Қатарнинг Доха шаҳрида уюштирилган Осиё кубоги мусобақасида, апрель ойида Туркманистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ҳам биринчи ўринни эгаллаганди.

Халқаро майдонларда Ўзбекистон номини янада улуғлашга муносиб улуш қўшаётган Рустам Жангабоевга тадбирда “Nexia” автомобилининг калити тантанали топширилди.

— Мамлакатимизда биз, спортчилар учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиб берилаётанидан беҳад хурсандмиз, — дейди Р. Жангабоев. — Кўрсатилаётган юксак ғамхўрлик учун Президентимиздан чексиз миннатдормиз. Келгусида ҳам юртимиз байроғини баланд кўтаришга астойидил интиламиз.

Шунингдек, V Осиё ўйинларида бронза медални қўлга киритган спортчилар — муайтай бўйича Уббиниёз Турениязов, эркин курашчилар Даулетбика Жақсимуратова ва Севара Ешмуратова, уларнинг мураббийлари Мансур Чашимов, Қутлимурат Жуманов, Дамир Ҳасанов ҳамда Нукусбой Данияровга телевизорлар тақдим қилинди.

Ғолиб ва совриндорларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов табриклаб, совғалар топширди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn