XS.UZ
Янги даврни бошлаб берган тарихий ташриф Самимий қутлов Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи жаҳон оммавий ахборот воситалари нигоҳида Аграр соҳа ривожида муҳим босқич Депутатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар Халқ билан мулоқотнинг ноёб тизими Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади Замонавий қурилмалар ва интерактив хизматлар Ҳаракатлар стратегияси: дастлабки натижалар халқимиз ҳаётида намоён бўлмоқда Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни юксак баҳоламоқда Россия Федерацияси делегацияси Самарқандда Тиббий-илмий янгиликлар ва истиқбол Мурожаатлар ижроси бўйича батафсил ахборот берилди Келажак тараққиётимизнинг муҳим омили Тинчлик — энг улуғ неъмат Биохилмахилликни асраш Илғор тажрибалар оммалаштирилаяпти Ҳарбий спортчилар: «Муваффақиятларимиз — жонажон Ватанимизга чексиз меҳр-муҳаббатимиз ифодаси» Вакилларимизнинг муносиб иштироки Яна бир нуфузли мусобақа Маърифат чароғбони Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШга ташрифи самарали бўлди Ўзбекистон — АҚШ бизнес форуми Россия Федерацияси делегацияси ташрифи Ўзбекистон — дунё нигоҳида Тараққиёт ва фаровонлик йўлида Орол фожиаси — глобал муаммо Бюрократик тўсиқлар барҳам топмоқда Яхши қўшничилик ва мустаҳкам дўстлик ифодаси
  • 11 Сентябрь 2017

Ижтимоий ҳимояга йўналтирилган маблағлар депутатлар муҳокамасида

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботда келтирилган рақамлар, айниқса, Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга доир Давлат дастури доирасида ижтимоий соҳа ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар яқинда парламент қуйи палатасида бўлиб ўтган сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Чунончи, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида тақдим этилган ҳисоботда қариялар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилгани ҳамда ушбу мақсадлар учун жами 82,1 млрд. сўм ажратилгани ижобий баҳоланди.

Депутатлар аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишига эътибор қаратди. Ҳисоботда қайд этилганидек, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси даромадлари 21,4 млрд. сўм, харажатлар 21,1 млрд. сўмни ташкил қилган. Тушган маблағларнинг 81,3 фоизи Бандликка кўмаклашиш марказлари ва бюроларни сақлаш ҳамда моддий рағбатлантириш жамғармаси учун ажратилган. Мазкур маблағларнинг асосий қисми Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига йўналтирилгани депутатларнинг қизғин мунозарасига сабаб бўлди. Фракция аъзоларининг фикрича, тушган маблағнинг 7,8 фоизи ишсизларни касбга тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишга, 

7,5 фоизи ишсизлик нафақаларини тўлаш ва ишсизларни ҳақ тўланадиган ишларга жалб қилишга сарфланганини ҳисобга олганда, бу борада ҳақли савол туғилиши, табиий.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий муҳофаза этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар қониқарли эмаслиги депутатлар томонидан қайд этилди. Уларнинг айтишича, туғма ҳамда наслий касалликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар кутилган натижани бермаётир. Шунингдек, ёш болаларни комплекс скрининг кўригидан ўтказишни ташкил этиш ҳамда олиб боришда йўл қўйилаётган камчиликлар реабилитация тадбирларини амалга ошириш учун қулай фурсатнинг бой берилишига ва болалар ногиронлиги пайдо бўлишига олиб келаётир.

Йиғилишда тиббий-ижтимоий ёрдам бериш тизимини янада такомиллаштириш, ногиронларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, таълим олиш ҳамда ишга жойлашишда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш, улар учун реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

* * *

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида депутатлар, мутасадди вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг масъул раҳбар ходимлари қатнашди.

Фракция аъзолари Бош молиявий ҳужжат ижросини бандма-банд муҳокама қилиш асносида ижтимоий соҳа ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар мақсадли сарфланишини атрофлича кўриб чиқишди.

Ҳисобот даврида таъкидланганидек, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджети умумий харажатларининг 55,5 фоизи миқдорида маблағ сарфланган. Уларнинг асосий қисми таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантиришга йўналтирилган.

Таълим соҳасига ажратилган маблағлар ижроси фракция аъзолари диққат-эътиборида бўлди. Чунончи, илм-фанни ривожлантиришга 103,1 млрд. сўмлик маблағ ажратилган. Бу, депутатлар эътироф этганидек, мамлакатимизнинг илмий, илмий-техникавий салоҳиятини янада ривожлантириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ҳамда ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашда муҳим аҳамият касб этади.

Фракция аъзолари “Адолат” СДП сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлар ижросини ҳам муфассал кўриб чиқишди. Ушбу мақсадларга ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 

24,2 фоизи йўналтирилгани аҳоли кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, аёллар ҳамда болалар саломатлигини муҳофаза этиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, фракция аъзолари ўз сайлов округларидаги амалий ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, таълим муассасаларидаги тиббий хизмат хоналарини керакли тиббий воситалар ҳамда бирламчи дори-дармонлар билан таъминлаш, болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун йўналтирилаётган маблағларнинг мақсадли ижросини кафолатлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди.

Йиғилишда ушбу соҳаларга ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилишини таъминлаш ва бюджет интизомига риоя қилиниши юзасидан назоратни кучайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу борада Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Таълим ва тиббиёт муассасаларининг молиялаштириш механизмини ва давлат молиявий назорат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори таълим ҳамда тиббиёт муассасаларида молиявий шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши айтилди.

Шунингдек, ҳудудларни ичимлик суви билан таъминлаш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ва ички йўлларни таъмирлаш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.

* * *

Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишида ҳам ушбу ҳисобот атрофлича кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, жорий йил биринчи ярим йиллигида атроф-муҳитни муҳофаза этишга сарфланган харажатлар миқдори 316,8 млрд. сўмни ташкил қилган. Шу билан бирга, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ҳам муайян миқдорда маблағ йўналтирилган.

Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари томонидан атроф-муҳитни муҳофазалашга ажратилаётган маблағнинг самарадорлигини ошириш, унинг мақсадли сарфланишини таъминлаш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилишларда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи қўллаб-қувватланди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган