XS.UZ
Ватан тараннуми «Гул олмаган гўзаллар» Истеъдодли ёшлар — юрт келажаги Аграр соҳа ривожида муҳим босқич Касбидан эъзоз топган устоз Ғамхўрликдан обод кўнгиллар Эзгулик зиёси Дўстона ва амалий руҳдаги учрашувлар Депутатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар Халқ билан мулоқотнинг ноёб тизими Янги даврни бошлаб берган тарихий ташриф Самимий қутлов Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи жаҳон оммавий ахборот воситалари нигоҳида Янги даврни бошлаб берган тарихий ташриф Самимий қутлов Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи жаҳон оммавий ахборот воситалари нигоҳида Аграр соҳа ривожида муҳим босқич Депутатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар Халқ билан мулоқотнинг ноёб тизими Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади Замонавий қурилмалар ва интерактив хизматлар Ҳаракатлар стратегияси: дастлабки натижалар халқимиз ҳаётида намоён бўлмоқда Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни юксак баҳоламоқда Россия Федерацияси делегацияси Самарқандда Тиббий-илмий янгиликлар ва истиқбол Мурожаатлар ижроси бўйича батафсил ахборот берилди Келажак тараққиётимизнинг муҳим омили Тинчлик — энг улуғ неъмат Биохилмахилликни асраш
  • 25 Июль 2017

Самимий қутловлар

2017 йил 24 июль куни хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табрикладилар.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти билан дунёнинг кўплаб давлатлари раҳбарлари ўртасида нафақат расмий, балки шахсий дўстлик муносабатлари ҳам ўрнатилган. Давлатимиз ­раҳбари номига келган табрикларда ҳам бу ўз тасдиғини топган.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпинь табригида бундай дейилган: «Сизга туғилган кунингиз муносабати билан ўзимнинг самимий табрикларим ва эзгу тилакларимни билдириш менга катта мамнуният бағишлайди».

«Хитой ва Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратаман, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни биргаликда ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида Сиз билан яқин ҳамкорликни давом ­эттиришга тайёрман», деб таъкидлаган Хитой раҳбари.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Президентимизни 60 ёши билан телефон орқали самимий табриклаб, мустаҳкам соғлиқ, давлат ­раҳбари сифатидаги фаолиятида муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Ўзбекистон ва Россия Президентлари олий даражадаги мунтазам учрашувлар халқларимиз ўртасидаги алоқалар тарихида янги саҳифани бошлаб берганини, икки мамлакатнинг ўзаро дўстона ва ишончли муносабатлари, иттифоқчилик ва стратегик шерикликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратганини мамнуният билан таъкидладилар.

Президентлар учрашувлар чоғида имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувларни изчил амалга ошириш Ўзбекис­тон билан Россия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов телефон орқали мулоқотда Шавкат Мирзиёевни юбилейи билан самимий муборакбод этиб, эзгу тилаклар изҳор этган, 2017 йилнинг биринчи ярми қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасида воқеаларга бой ва самарали бўлганини таъкидлаган.

Шу йилнинг март ва май ойларида икки мамлакат Президентларининг самарали учрашув ва музокаралари якунлари, шунингдек, турли вазирлик ва хўжалик субъектлари раҳбарлари ўртасидаги изчил алоқалар сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга янги руҳ, янги мазмун ва янги қувват бағишлади.

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев телефон орқали мулоқот чоғида Шавкат Мирзиёевни юбилейи билан самимий табриклаб, давлат раҳбари сифатидаги фаолиятида янги муваффақиятлар тилаган.

Томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатлари кўп асрлик умумий тарихимиз, маданиятимиз, тилимиз, анъана ва урф-одатларимиз яқинлиги асосида муваффақиятли ва самарали ривожланаётганини юксак мамнуният билан қайд этдилар.

Давлат раҳбарлари суҳбат чоғида мамлакатларимиз кўплаб соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаол ривожлантиришга тайёр эканини турли даражадаги изчил алоқалар тасдиқлашини таъкидладилар.

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон телефон орқали суҳбатда кейинги пайтларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани ва мавжуд масалалар азалий дўстлик, анъанавий яқин қўшничилик тамойиллари ­асосида ва манфаатлар инобатга олинган ҳолда изчил ҳал этилаётгани билан ажралиб туришини таъкидлаган.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кен­гайтириш, транспорт-транзит соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш борасида аниқ мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон корхоналари маҳсулотларининг Душанбеда ўтказилган кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доиралари, маданият ва санъат вакиллари иштирокидаги қатор форумлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда янги имкониятларни очиб берди.

Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари янги шароитларни инобатга олган ҳолда, ўзаро ҳамкорликни янада кен­гайтириш ва чуқурлаштиришга тайёр эканини таъкидладилар.

Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев телефон орқали мулоқотда Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади, Ўзбекистон Президентининг халқларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қўшаётган улкан ҳиссасини Қир­ғизистонда юксак қадрлашларини таъкидлаб, мамлакатларимиз ўртасида ўзаро қўллаб-қувватлаш ва тушунишга асосланган кўп асрлик муносабатлар бундан буён ҳам манфаатли ҳамкорлик асосида янада ­ривожланишига қатъий ишонч билдирган.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг табригида бундай дейилган: «Сизни муҳим сана — 60 йиллик юбилейингиз билан самимий муборакбод этаман ва ўзимнинг эзгу тилакларимни йўллайман».

«Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстлик маънавий қадриятлари муштарак икки қардош халқнинг хоҳиш-иродасига асосланган. Бугун давлатларимиз ўртасида мустаҳкам асосда йўлга қўйилган муносабатлар алоҳида аҳамиятга эга», деб таъкидлаган Озарбайжон раҳбари.

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг табригида бундай дейилган: «Сизни Беларусда ­фуқаролари ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, жонажон мамлакати фаровонлигини таъминлаш, унинг иқтисодий қудрати, халқаро майдондаги обрўсини, жамиятда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш учун куч ва имкониятларини аямайдиган тажрибали ва доно давлат арбоби сифатида билишади».

Беларусь раҳбари «икки томонлама ­мулоқотни фаоллаштириш Беларусь ва Ўзбекистон манфаатларига мос келиши ва халқларимиз ўртасидаги анъанавий мустаҳкам дўстлик ва ўзаро англашув асосида серқирра шерикликни янада ­чуқурлаштиришга хизмат қилиши»га ишонч билдирган.

Украина Президенти Пётр Порошенко табригида «Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида муваффақиятли амалга оширилаётган ислоҳотлар мустақил Ўзбекистон тараққиётида янги босқич бўлади. Давлатни изчиллик билан модернизация қилиш мамлакатингизнинг халқаро обрўсини янада мустаҳкамлаш ва меҳнаткаш халқингиз фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда», деб таъкидлаган.

«Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги амалий мулоқотни жадал ривожлантиришга ҳар икки томоннинг тайёр экани халқларимиз фаровонлиги йўлида дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади. Фурсатдан фойдаланиб, ўзингизга қулай вақтда Украинага ташриф буюришингизни таклиф этаман», деб қайд ­этган Украина раҳбари.

Болгария Республикаси Президенти Рамен Радев ўз табригида Ўзбекистон Республикаси Президентини 60 йиллик юбилейи билан самимий табриклаб, эзгу тилакларини йўллаган.

«Қулай фурсатдан фойдаланиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва анъанавий дўстлик муносабатлари умумий саъй-ҳаракатлар билан халқларимиз фаровонлиги учун янада ривожланиши ва бойишига ишонаман», деб таъкидлаган Болгария Президенти.

Россия Федерацияси ҳукумати ­Раиси Дмитрий Медведев Ўзбекистон Президентини 60 ёши билан Россия ҳукумати ва шахсан ўз номидан самимий ­табриклаган.

«Ўзбекистонда Сизнинг раҳбарлигингизда миллий иқтисодиёт салоҳиятини тўлиқ очиб берадиган ва етакчи халқаро шериклар билан ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқадиган кенг кўламли давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилмоқда», деб таъкидлаган ­Россия ҳукумати раҳбари.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий ­давлатлар ва ҳукуматлар, парламентлар раҳбарлари, таниқли сиёсий арбоблар, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг раҳбарлари, фуқаролардан самимий ­табриклар келиши давом этмоқда.

 

ЎзА.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган