XS.UZ
Мамлакатимиз тўқимачилик ва енгил саноатининг экспорт салоҳияти Ўзбекистон — Туркия: Икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам «Ўзбекистон янги марраларни кўзламоқда» Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Адлия вазирларининг бешинчи мажлиси тўғрисида ахборот Ёш халқаро шахмат устаси Жавоҳир Синдоровга Президентимиз совғаси топширилди Битим имзоланди Сўз ва амал уйғунлиги — улуғ фазилат Тил — миллат кўзгуси Корхона ривожи таъминланади Илм-фан фидойисига эҳтиром Ер — бебаҳо хазина Тафаккур дунёсига йўл Олтинкўлда ХVI-XVII асрларга тааллуқли тангалар топилди Замонавий шифохона Жаҳон чемпионати совриндори Нуфузли мусобақа арафасида Тажрибали рақибидан устун келди “Халқ сўзи” ва “Народное слово” таҳририяти ходимлари пахта йиғим-теримида фаол иштирок этмоқда Агрепина Шин Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири ЕТТБ тадбиркорлик субъектлари учун кредитлар тақдим этади Депутатлар ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар Инновацион ишланмалар нефтни қайта ишлаш соҳаси ривожини жадаллаштиради Савдо-иқтисодий муносабатлар янада мустаҳкамланади Ҳарбийларимиз “Кембрия патрули” халқаро танловида совриндор бўлди «Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросиман!» Мактабгача таълим соҳасида замонавий тизим яратилади Илғор тажрибалар ва бозор механизмлари Юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар Токиода муҳокама қилинди Фойдаландингизми, ҳақини ҳам тўланг Шавкат Мирзиёев Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
  • 11 Октябрь 2017

Мамлакатимиз тарихи ва халқимиз хотирасида чуқур из қолдирган инсон

Юртимизда таниқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидовнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Сенатининг қарори билан Жиззах туманига унинг номи берилди. Шароф Рашидов ёдгорлик мажмуаси ва мемориал уй-музейи ташкил этилаяпти, адибнинг “Сайланма” китоби нашрга тайёрланиб, ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратилмоқда. Шунингдек, ёш авлодни бу улуғ инсоннинг ҳаёт йўли билан кенгроқ таништиришга қаратилган маънавий-маърифий, илмий-амалий тадбирлар ўтказилаётир.

Шароф Рашидовнинг қизи, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Полимерлар кимёси ва физикаси институти директори, академик Сайёра Рашидова билан суҳбатимиз ҳам буюк ватандошимизнинг ёрқин хотирасига бағишланди.

— Сайёра Шарофовна, суҳбатимизни уч йўналишда, яъни Рашидов-раҳбар, Рашидов-ёзувчи ва Рашидов-ота ҳақида олиб борсак. Зеро, уларнинг ҳар бирида мамлакатимиз тарихи ҳамда халқимиз хотирасида чуқур из қолдирган инсонга хос фазилатларни кўриш мумкин.

— Аввало шуни айтиш лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши нафақат дадамга, балки халқимизга, ўша даврда яшаб, меҳнат қилган, ижод билан шуғулланган кишиларга нисбатан юксак эҳтиром намунаси бўлди. Шу боис ҳам қарор катта мамнуният билан қарши олинди. Зеро, нафақат мен фарзанд сифатида, балки у кишини билган, бирга ишлаган, ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳамда ижоди билан қизиққанларнинг ҳаммаси бир овоздан таъкидлашича, бу инсон ўзида кенг дунёқараш, кўп қиррали истеъдод, одамларни ўз ортидан етаклаш ва узоқни кўра билиш сингари ноёб қобилиятларни мужассамлаштирган. Бундай баҳо, албатта, чексиз фахр-ифтихор уйғотади, аммо шу билан бирга, ота-онага муносиб бўлишдек катта масъулиятни ҳам юклайди.

Шароф Рашидов раҳбар ҳамда ўз халқининг содиқ фарзанди сифатида туғилиб ўсган диёри чинакамига “Шарқ юлдузи”, “Дўстлик ва ҳарорат пойтахти” деган ном билан оламга машҳур бўлиши учун бор кучи ҳамда билимини аямади. Масалан, Тошкентда юз берган даҳшатли зилзиладан кейин олиб борилган улкан бунёдкорлик ишларини эслайлик. Ёки бўлмаса, Шароф Рашидовнинг дипломатик маҳорати туфайли республикамиз пойтахтида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида музокаралар ташкил этилгани, унинг якуни бўйича имзоланган Тошкент декларацияси эса томонларнинг ярашувига, тинчлик ўрнатилишига олиб келгани ҳам маълум.

— Шароф Рашидов раҳбарлик қилган йиллар мамлакатимизда энг мураккаб давр эди. Аҳамиятли томони, собиқ тузум таркибида бўла туриб, у дадил ва қатъий равишда Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилди.

— Дарҳақиқат, ўша пайтда 15 та совет республикасидан бири бўлган Ўзбекистон ўзининг табиий бойликлари ҳамда ишчанлик салоҳияти, тарихи ва маданияти билан алоҳида ажралиб турарди. Собиқ марказ эса мамлакатимизни фақат пахта базаси, хом ашё етказиб берувчи қўшимча восита, деб ҳисобларди. Ана шундай оғир шароитда дадам Ўзбекистонни аграр ўлкадан кучли аграр-индустриал республикага айлантириш йўлида бор имкониятларни ишга солдилар. Кимё, энергетика, машинасозлик ҳамда саноатнинг бошқа тармоқларини шакллантириш бўйича фаол саъй-ҳаракатлар олиб бордилар. Негаки, бу пахтачилик билан бир қаторда, қишлоқ хўжалигининг бошқа йўналишлари — чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, боғдорчилик ва сабзавотчиликни ҳам ривожлантиришга хизмат қиларди.

Янгиликка интилувчи инсон бўлган республика раҳбари, шунингдек, тоғ-кон, металлургия, қурилиш ҳамда қайта ишлаш саноатини тараққий топтириш учун интеллектуал, молиявий, моддий ва бошқа ресурсларни жалб этди, электрон, космик машинасозликка асос солди. Ўзбекистонда кўплаб йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда тракторлар, экскаваторлар, пахта териш машиналари ҳамда тўқимачилик саноати учун ускуналар тайёрлана бошланди. Кенг турдаги саноат маҳсулотлари бошқа республикалар ва мамлакатларга экспорт қилинарди. Барпо этилган ижтимоий ин-фратузилма объектларини айтмайсизми?! Биргина Тошкент метрополитени ҳақида гапирарканмиз, унинг қурилишига рухсат олиш дадамдан қанчалар меҳнат, қобилият ҳамда маҳорат, қатъийликни талаб қилгани ёдга тушади.

Илм-фан соҳасининг вакили сифатида у киши тиббиётдан тортиб, астрономиягача бўлган турли фан тармоқларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшганлар. Мисол учун, мен ўзимнинг соҳамга яқин бўлгани учун Иммунология институтининг очилишига гувоҳ бўлганман. Жиззах вилоятидаги Суффа платосида тадқиқотлар ўтказишга мўлжалланган “RT-70” радиотелескопининг қурилиши ҳам айнан у кишининг қўллаб-қувватлаши туфайли бошланган.

— Яқинда Шуҳрат Эргашев муаллифлигида чоп этилган китоб Шароф Рашидовнинг шеъридан олинган сатр билан, яъни “Эрк истар кўнгил” деб номланди. Бу сўзлар унинг ҳаёти мазмунини англатган, шундай эмасми?

— Китобда Шароф Рашидовнинг журналистликдан республика раҳбарлигигача бўлган ҳаёт йўли ҳамда у ишлаган даврдаги мураккаб тарихий шароит ҳақида ҳикоя қилинади. Раҳбар пахта тайёрлаш бўйича “юқори”дан тасдиқланадиган режанинг бажарилишини таъминлашга мажбур эди. Пахта учун тўланадиган ҳақ эса жуда оз миқдорда бўлган. Бир вақтнинг ўзида дадам эркинликни севадиган, сиёсатнинг нозик томонларини билувчи, ўз фикрининг тўғрилигига бошқаларни ишонтира олиш маҳоратига эга инсон эди. Бу хислатлар асосий нарсада — ўз халқи манфаатларини муҳофаза этишда ёрдам берган. У киши одамлар фаровон ва бахтли ҳаёт кечиришларини, юксак маънавиятли, чуқур билимга эга, ҳар томонлама ривожланган бўлишларини чин дилдан истаганлар. Бу йўлда ўзларини аямаганлар.

Юқорида айтилган китобда илгари кўп ҳам гапирилмаган тарихий фактлар келтирилган. Хусусан, собиқ марказ Ўзбекистонни фақат “оқ олтин” етиштирувчи республика сифатида тан олар, унда ҳақиқий олтин — қимматбаҳо металл қазиб олиш имконияти мавжудлигига ишонмасди. Шароф Рашидов Мурунтов конини ўзлаштириш бўйича лойиҳани қатъият билан илгари суриб, тегишли қарор қабул қилинишига эришган. Натижада республикамиз дунёдаги энг йирик олтин қазиб олувчи давлатлар ўнталигига “ёриб” кирди.

Ўйлайманки, дадам комилликнинг бундай баланд даражасига ўзларининг ҳар бир нарсага қизиқувчанликлари ҳамда дунёни англашга бўлган интилишлари туфайли эришганлар. Турли соҳа вакиллари билан уларнинг “ўз тилида” гаплашиш мақсадида ҳар доим ўз устиларида ишлаганлар. Айнан шу йўл билан, яъни шахсий намуна орқалигина бошқаларга таъсир ўтказа олиш мумкин, деб ҳисоблар эдилар. Шунингдек, асли ўқитувчи бўлганликлари сабабли ўз билимларини улашишда масъулият сезганлар. Чинакам самимийлик, ўткир зеҳн ва хотира, одамларни севиш ҳамда уларга ишониш каби фазилатлар орқали атрофдагиларни эргаштирганлар.

— Шароф Рашидовнинг адабиёт, маданият ва санъатни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ҳақида ҳам суҳбатлашсак...

— Дадам ижодкор ҳамда романтик шахс эдилар. Ҳар бир янги асарни диққат билан кузатар, олимлар, ёзувчилар, рассомлар — қисқаси, ижодкор зиёлиларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, халқимиз миллий маданиятининг юксалишига хизмат қилганлар. Энг яқин инсони — онамиз билангина ўртоқлашиши мумкин бўлган ҳис-туйғуларини ўз бадиий асарларида акс эттирганлар. Шароф Рашидовнинг қаламига мансуб шеърий тўплам, роман ва қиссалар ўзбек адабиёти хазинасига кирган. Масалан, “Қудратли тўлқин” романида Фарҳод ГЭСининг ёш қурувчилари, даҳшатли уруш шароитида уларнинг характери қандай шакллангани ҳақида ҳикоя қилинади. “Бўрондан кучли” романи эса чўлни ўзлаштириш мавзусига бағишланган, унда пахтакорларнинг фидокорона меҳнати тараннум этилади.

Бундан ташқари, катта авлод вакиллари Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро кинофестивалларни ҳам яхши эслашади. Анжуманда турли мамлакатларда суратга олинган юксак бадиий савияга ҳамда тарбиявий аҳамиятга эга фильмлар намойиш этиларди.

— Шароф ака жуда юқори мартабага эришган, нафақат Ўзбекистон, балки чет элларда ҳам катта обрў қозонган бўлишига қарамай, ҳамиша оддий ва камтарин инсон бўлиб қолган. У киши уйда қандай эдилар? Кўпинча ишдан кеч қайтишлари, хизмат сафарларида бўлишлари ҳам табиий ҳол бўлса керак...

— Жудаям банд бўлсалар-да, биз учун, яъни фарзандларининг ҳар бири учун вақт топар эдилар. Хизмат сафаридан қайтганларида таассуротларини сўзлаб берар, ҳамиша ёшлар билан фахрланар, келажак ёшларники эканига ишонч билдирардилар. Дадам бизларни ҳам билимларимизни бойитишдан ҳеч қачон чарчамасликка даъват этардилар. Кечқурунлари самимий суҳбатлар бўларди. Айнан ўша мулоқотлар бизда ахлоқ-одоб қоидаларини шакллантирганини фақат кўп йиллар ўтгандан кейингина тушуниб етдик.

Баъзан дадам партия раҳбари сифатида айрим масъулиятсиз ходимларни жазолашга ҳам тўғри келишини айтиб берардилар. Шундай ҳолатларда, энг аввало, уларнинг оила аъзолари, фарзандларининг келажаги ҳақида қайғурардилар. Бу бир пайтнинг ўзида ҳам инсонпарварлик, ҳам адолат олдидаги жавобгарликнинг ифодаси эди.

Уйимизда ўзбек халқининг урф-одатлари, анъаналарига риоя қилинарди. Мени, укам ва сингилларимни шунга ўргатишган. Энг асосий анъана эса — инсонни қадрлаш ҳамда катталарга ҳурмат. Дадам оиламиз бошлиғи бўлсалар, онам бизларни отага ва бир-биримизга ҳурмат руҳида тарбиялаганлар. Ота-онамизни яхши кўрардик, уларнинг ўзаро илиқ муносабати эса бизга ҳамиша ибрат бўлган.

Машкура ЗОҲИДОВА суҳбатлашди.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган