Очиқ осмон остидаги концерт
  • 11 Сентябрь 2017

Очиқ осмон остидаги концерт

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг янги 88-ижодий мавсуми очилиши муносабати билан пойтахтимизда I Миллий симфоник “Open air” концерти бўлиб ўтди.

Унинг ўзига хослиги шундаки, барча классик куй-қўшиқлар театр саҳнасида эмас, балки махсус барпо қилинган майдонда, турли ёритиш ускуналари, декорациялар, махсус лазер технологиялари, камалакранг тусдаги фаввора фонида ижро этилди. Очиқ осмон остида юртдошларимиз, хорижлик меҳмонлар, умуман, санъат шинавандалари учун энг -дилрабо тароналар янгради.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда маданият ва санъат соҳаси ривожига қаратилаётган юксак эътибор ҳақида сўз юритишди. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 3 август куни республикамиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашуви чоғида ижодий ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида “дўстлари клуби” тузилиб, унга юртимизнинг етакчи компаниялари, банклари, корхоналари ҳомий сифатида бириктирилгани соҳа тараққиётини таъминлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри томонидан “TOP Congress” компанияси кўмагида уюштирилган концерт дастурида “Дилором”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Гўзал Тошкентим” каби опералардан ариялар ижро этилди. Штраус, Чайковский, Кальман, Гершвин сингари мумтоз композиторлар томонидан яратилган мусиқий асарлар кечага -янада файз киритди.

— Томошабинлар икки кун мобайнида санъатнинг энг гўзал намуналаридан баҳраманд бўлишди, — дейди театр дирижёри Бобомурод Худойқулов. — Дастурларимиздан ўрин олган опера ва балет намойиши, шу билан бирга, Консуэла Веласкес Торреснинг “Besame Mucho”, Андреа Бочеллининг “Love in Portofino” тароналари ҳамда шу каби бошқа қўшиқлар ҳам барчага манзур келганидан мамнунмиз.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn