Ўзбекистон байроғи Нью-Йоркнинг молиявий маркази узра баланд ҳилпирамоқда
  • 08 Сентябрь 2017

Ўзбекистон байроғи Нью-Йоркнинг молиявий маркази узра баланд ҳилпирамоқда

2017 йил 2 сентябрь куни Нью-Йоркнинг молиявий маркази — Уолл-стритда мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги шарафига Ўзбекистоннинг Давлат байроғи кўтарилиши муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги доимий ваколатхонаси ва мамлакатимизнинг Нью-Йоркдаги бош консуллиги томонидан Туркистон — Америка ассоциацияси билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Нью-Йоркнинг ижтимоий-сиёсий доиралари, оммавий ахборот воситалари, ўзбек диаспораси вакиллари ҳамда шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари қатнашди.

Кўплаб юртдошларимиз маросимга ўзбек миллий либосларида келдилар. Мамлакатимиз Давлат мадҳияси садолари остида Ўзбекистон Давлат байроғи баланд кўтарилди.

Тантанали маросим чоғида Ўзбекистон Республикаси сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда демократик ўзгаришларни ҳаётга татбиқ қилиш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенглик, конструктив мулоқот ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган вазмин ва тинчликсевар ташқи сиёсат юритиш борасида салмоқли муваффақиятларни қўлга киритгани таъкидланди.

Унда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларга, жумладан, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг -бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон кўз қорачиғидек асраладиган ҳамда қадрланадиган бой маданий-тарихий меросга эга эканлиги қайд этилди.

Тантанали маросимда сўзга чиққан Туркистон — Америка ассоциацияси раиси Абдулла Хўжа Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириб бир дақиқа сукут сақлашни таклиф қилди. У Америка Қўшма Штатларида яшайдиган ўзбекистонликлар республикамиз мустақиллигининг 26 йиллиги байрамини катта шодлик ҳамда фахр билан нишонлаётганини айтиб ўтди.

— Ўзбек халқи ишонч билан эркинлик ва фаровонлик йўлидан бормоқда, — деди Туркистон — Америка ассоциацияси раиси Абдулла Хўжа. — Бугунги кунда -мустақиллик туфайли Ер юзининг барча қитъасида, дунёнинг каттаю кичик шаҳарларида, жумладан, Нью-Йоркда ҳам Ўзбекистон байроғи мағрур ҳилпираб турибди.

Тинчлик, барқарорлик, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатлик ҳамда бирдамлик таъминлангани Ўзбекистон мустақиллик йилларида қўлга киритган энг улкан ютуқлардан бири эканлиги сўзга чиққанлар томонидан эътироф этилди. Таъкидланганидек, юртимизда маънавий қадриятлар, Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қиладиган халқларнинг урф-одат ва анъаналари қайта тикланди.

Маросимнинг кўп сонли иштирокчилари олдида анъанавий ўзбек халқ ашула ҳамда рақсларидан иборат маданий дастурнинг миллий либосларда намойиш этилгани жаҳоннинг турли бурчакларидан келган юзлаб сайёҳлар эътиборини ҳам жалб қилди. Шу тариқа улар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги байрами Нью-Йоркда тантанали равишда, ўзига хос шукуҳ билан нишонланганининг гувоҳига айланишди.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи 7 кун мобайнида Уолл-стрит узра ҳилпирайди.

«Жаҳон» АА.

Нью-Йорк

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn