Маҳаллийлаштириш дастури самаралари
Маҳаллийлаштириш дастури самаралари Ҳасан Пайдоев олган сурат
  • 17 Ноябрь 2017

Маҳаллийлаштириш дастури самаралари

Кейинги пайтда иқтисодиётимизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар унинг рақобатдошлигини таъминлаш баробарида, жозибадорлигини ҳам оширмоқда.

Айниқса, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган янгиликлар — миллий валютани эркин конвертация қилиш тизимига тўлиқ ўтилгани, тадбиркорлар ҳуқуқларини муҳофаза этиш бўйича Омбудсман институти жорий қилингани, шунингдек, солиқлар сезиларли даражада камайтирилиб, кредит олиш имкониятлари кенгайтирилгани — буларнинг барчаси чет эллик инвесторларнинг қизиқишини кучайтирмоқда.

Натижада хорижий давлатлар билан сармоявий алоқалар тобора мустаҳкамланиб, замонавий қўшма корхоналар ташкил этилаяпти. Пировардида ички бозор импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар билан тўлдирилаётир.

Пойтахтимиздаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Nura Energo Jihoz Sanoati” Ўзбекистон — Россия қўшма корхонаси фаолияти бунга яққол мисол бўла олади. Сабаби, бу ерда илғор технологиялар асосида энергия тежамкор лампалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Соҳа мутахассисларининг айтишича, электр энергияга бўлган талабнинг ортиб бориши ёқилғи-энергетика ресурсларини иқтисод қилиш, ундан оқилона фойдаланишни тақозо этаяпти. Шу нуқтаи назардан, чўғланма лампалардан фойдаланиш самарасиз эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатаяпти.

Нега деганда, уларнинг фойдали иш коэффициенти 5 фоиздан камроқдир. Яъни электр энергиянинг атиги 5 фоизигина ёритишга сарфланади. Қолган қисми эса иссиқлик учун кетади. Ишлаш муддати ҳам анча кам.

Шу боис юртимизда энергия тежaйдигaн лaмпaлaр ишлaб чиқaриш ҳамда улардан фойдаланишни кенгaйтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 26 майдаги “2017 — 2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қaрoрида ушбу йўналишдаги устувор вазифалар белгилаб берилган.

— Юртимизда тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, фаолиятимизни тобора кенгайтираяпмиз, — дейди қўшма корхона бош директори Жаҳонгир Абдусаматов. — Масалан, ўтган йили жалб этилган 315 минг АҚШ долларилик чет эл инвестициясини янги технологик линиялар сотиб олишга йўналтирдик. Натижада бугунги кунда салкам 80 хилдаги “LED” лампочкалар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Дарҳақиқат, корхона Хитой, Жанубий Корея сингари давлатларнинг илғор ускуналари билан жиҳозланган. Мисол учун, “Jasu” аппарати ёрдамида кунига 20 мингта ёритқичнинг бутловчи қисми — колба қуйилса, “Samsung” компаниясининг яна бир технологик линияси ёрдамида бирваракайига 25 та лампочка асосига 10 га яқин ёритиш деталлари ҳамда митти механизмлар ўрнатилади. Эътиборлиси, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичи қатъий сифат назоратидадир. Бу эса халқаро стандартлар талабига мос ёритқичлар тайёрлашда қўл келаяпти.

Ҳозирги пайтда “LED” лампочкаларига талаб ортиб бораётгани бежиз эмас, албатта. Чунки улардан фойдаланиш муддати 30 минг соатдан ортиқ. Бу чўғланма лампадан 30 баробар кўп. Яна бир муҳим жиҳати, 9-10 баробар кам энергия сарфлайди. Шу боис юртдошларимиз ўз хонадонлари, кўчаларни ёритишда ресурс тежамкор чироқлардан фойдаланишни маъқул кўришмоқда.

Корхона жамоаси яна бир йирик лойиҳани ҳаётга татбиқ қилмоқда. Чет эл инвестицияси ҳисобига кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи бунёд этилаётир. Айни пайтда хитойлик мутахассислар томонидан технологик линияларни монтаж қилиш жараёни якунига етказилаяпти. Ҳадемай, цех ишга туширилгач, 15 та қўшимча меҳнат жойи яратилиб, корхона ишчилари сони 100 нафардан ошади.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn