Шеробод анорлари Европа бозорларида ҳам сотилмоқда
XS.UZ
Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Ин Жанубий Корея Миллий музейига ташриф буюрди Ўзбекистон Президенти Корея Республикаси Бош вазири билан учрашди Тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш — эътиборда Ҳуқуқий ислоҳотлар юрт равнақи ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда Уч марта ҳосил берувчи ўсимлик андижонлик фермерларга мўмай даромад келтирмоқда Барқарор ва кафолатли таъминот Бугунидан рози, келажакка ишончи мустаҳкам халқ Таълим, тарбия, тарғибот Мавсумга тайёргарлик: муаммолар бартараф этилмоқда «Электрон поликлиника» Миллий санъатимиз жилоси хорижликларни мафтун этмоқда Сувга чидамли Футболни ривожлантиришда замонавий ёндашув зарур Вулқон хавфи ДНК текшируви ойдинлик киритди Буюк Британия кучли бешликдан чиқиб кетди Тўққиз йиллик можаро жамоатчилик иштирокида ҳал этилди Ўзбекистон — Жанубий Корея: Стратегик шериклик муносабатларида янги босқич Тошкентда "High Tech City" маъмурий-маиший мажмуа қурилади Ўзбекистон – Қирғизистон ўртасидаги битим кучга кирди. У нима ҳақда эди? ОТМларда сиртқи ҳамда кечки бўлимлар очилди Муддатли ҳарбий хизматчилар ва резервчиларнинг хатлари махсус маркаланган почта конвертларида жўнатилади  Адлия вазирининг ўринбосари БМТнинг ИҲОКБ ва Тараққиёт дастури экспертлари билан учрашди Пан Ги Мун: Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатдаги янги ташаббусларини қўллаб-қувватлайман Мирзиёев Корея Миллий Ассамблеяси Фахрий меҳмонлар китобига нималарни ёзди? Шавкат Мирзиёев БМТ собиқ Бош котиби Пан Ги Мун билан учрашди Ўзбекистон Президенти Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида бўлди Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё давлатларининг сув бўйича ҳамкорлигига 25 йил: эришилган тажриба, истиқболдаги вазифалар” мавзуида Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари: Ўз мамлакатининг ривожига бу қадар катта аҳамият берадиган давлат раҳбарини жуда Корея Республикаси савдо, энергетика ва саноат вазири: Навоийдаги логистика марказини минтақадаги етакчи марказга айланади
  • 15 Ноябрь 2017

Шеробод анорлари Европа бозорларида ҳам сотилмоқда

Лойлиқ — Шеробод туманидаги қадимий қишлоқ. Бу ерда асрлар бўйи қақраб ётган майдонларда анорзорлар барпо этиш истаги тажрибали миришкор Содиқ Турдиевга тинчлик бермай қўйди.

Лекин мақсадга қандай эришиш мумкин? Умуман, бунинг имкони борми?

Соҳибкор ана шу саволларга жавоб топиш учун пасту баландликлардан иборат лалми ерларни бир неча бор кўздан кечирди. Ниҳоят масаланинг ечимига йўл топилди: қишлоқ яқинидан оқиб ўтувчи дарёдан тепаликка сув чиқариш лозим. Бунинг учун эса айланма ҳаракат ҳосил қилиш мақсадга мувофиқ. Шундай бўлди ҳам. Харсанглардан барпо этилган кичик тўғон орқали тепалик сари қиялаб сув йўллари очилди. Лалми майдонларга обиҳаёт келди, деҳқончилик учун имкон туғилди.

Албатта, “Ўзлаштирилган шунча ерлар турганида, бу саъй-ҳаракатлардан қандай наф?” деганлар ҳам кўп бўлди. Содиқ аканинг эса бошқаларга ўхшамас феъл-атвори, яъни ўз тутуми бор...

Бироқ ҳаётда маълум ютуқларга эришиш учун мақсаднинг ўзи кифоя қиладими?! Орзулар рўёби сари қатъий интилиш, азму шижоат ҳам керак-ку, ахир. Ана шундай серғайрат одамларни кўрганингизда, “Бундай инсонларни ҳаракатлантирувчи куч нимада?” деган савол туғилиши табиий.

Содиқ аканинг ҳаёт тарзини зимдан кузатган киши бунга жавоб топгандек бўлади. Ҳар гапини ҳикматли сўзлар, халқона иборалар билан бойитиб сўзлайдиган, илм-маърифатга ошно, ҳисоб-китобда унча-мунча иқтисодчини ҳам доғда қолдирувчи бу инсон билан бир зум суҳбатлашсангиз, унинг эзгулик йўлидаги иштиёқини, аҳдига содиқлигини яққол англайсиз.

Қишлоқ зиёлиларининг айтишича, Шеробод туманидаги Жарқўрғон ёдгорлигидан топилган ноёб экспонатлар 3,5 — 4 минг йиллик тарихга эга. Хусусан, уларни ўрганган олимлар илк шаҳарсозлик ва давлатчилик асослари, кўплаб ҳунармандчилик турлари шаклланиши ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлади. Манбаларга кўра, ўша даврларда бу ҳудудда суғорма деҳқончилик ҳам ривож топган. Бугун донғи олис-олисларга ёйилаётган Шеробод анорларини парваришлаш сир-синоати ҳам аждодлардан-авлодларга мерос бўлиб келаётганига шубҳа йўқ.

Содиқ ака бизга анорнинг дастлаб Эронда етиштирилгани, сўнгра Миср ҳамда бошқа ўлкаларда ҳам оммалаштирилгани ҳақида мароқ билан гапиради. Таркибида турли дармондорилар, бириктирувчи тўқималар, микроэлементлар мавжуд, пўсти ва ҳатто илдизи шифобахш хусусиятга эга ушбу неъматни узоқ таърифлайди. Айниқса, анор шарбати аскорбин кислотаси, қанд ҳамда танин моддаларига жуда бой экан. Бунга қулоқ тутарканмиз, ҳолсизлик, камқонлик, атеросклероз, нафас олиш йўллари инфекцияси, бронхиал астма, ангина, радиактив нурланиш каби кўплаб хасталикларни даволашда нега айнан анор шарбати кони фойда саналишини теранроқ англаб етгандек бўламиз.

— Мен анор етиштиришни отамдан ўрганганман, — дейди суҳбатдошимиз. — У киши деҳқончилик бобида катта тажрибага эга эди. 10 сотихлик томорқамизда бу меванинг турли навлари ўзгача меҳр билан парваришланарди. Ҳозир эса билганим шу: анъанавий анор етиштириш агротехникаси жуда оддий. Лекин ўзига хос сир-синоати бор. Буни ўзлаштирсангиз, ҳосил чўғи ҳам, даромад ҳам ошиб бораверади. Мамлакатимизда мулкчилик шаклининг ўзгариши, фермерлик ҳаракати кенг қулоч ёйиши орзуларимга қанот бўлди. Дастлаб 1 гектар майдонда анорзор барпо этиб, шу соҳанинг ҳақиқий эгалари этагидан маҳкам тутдим. Тажрибамни бойитишга, анорзорларни кенгайтиришга астойдил ҳаракат қилдим. Айни дамда “Боғи хаёл” фермер хўжалигимизга қарашли 8 гектар майдондан мўл ҳосил олаяпмиз. Маҳсулотларимиз Европа бозорларига ҳам чиқарилаяпти. Муҳими, буюртмалар кўп.

Эътиборли жиҳати, бугун Шерободда Содиқ ака сингари анор етиштириб, катта даромад топаётган деҳқонлар сафи кенг. Қолаверса, туман ҳокимлиги мутасаддиларининг тасдиқлашича, шу кунларда давлатимиз раҳбари тавсиясига биноан, ҳудудда анорзорлар кенгайтирилаётир.

Термиздаги “Голд Агро Фреш” корхонаси — ана шундай лойиҳа ташаббускорларидан бири. Тадбиркорлик субъекти мутасаддилари томонидан Туркиядан интенсив анор навлари олиб келиниб, 300 гектар майдонда янги боғ бунёд этиш режалаштирилган. 150 гектар ерда парваришланаётган кўчатлар келгуси йилдан мева бера бошлайди. Туманда етиштирилган бундай сархил неъматларни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича ҳам бир қатор истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилаётир. Биргина жорий йилнинг ўзида мавжуд 4 минг гектар анорзорлар яна 1 минг 100 гектарга кенгайтирилди.

— 5 гектар майдондан 50 тонна ҳосил олдик, — дейди “Тошмуҳаммад Низомиддин Суҳроб” фермер хўжалиги раҳбари Тожи Расулов. — Қишлоғимиздаги ҳар бир хонадонда камида 5 сотихлик анорзор мавжуд. Қаранг, бугун одамларда боғ яратиш, ердан унумли фойдаланиш иштиёқи ортиб бораяпти. Бу хонадонлар файзига файз қўшилаяпти, дегани-да. Мана, ўзимиздан қиёс. Фермер хўжалигимиз аъзолари билан бамаслаҳат қўшимча 20 гектар майдонда анорзор барпо этиш ниятидамиз. Шарт-шароит етарли. Барча имконият муҳайё. Давлатимиз бизни қўллаб-қувватлаб турибди.

Мутахассислар фикрича, ҳар бир ҳудуднинг географик жойлашуви, иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, деҳқончиликда муайян натижаларга эришиш мумкин. Жумладан, Олтинсой узумлари, Бойсуннинг қирмизи олмалари, Дашнобод ҳамда Шеробод анорлари довруғи донг таратиши ана шундай ўзига хос омиллар билан боғлиқ. Самарқанд нонини бошқа ҳудудда айнан тайёрлаш имконсиз бўлгани сингари юқорида номи келтирилган мевалар ҳам ҳудуд танлаши билан фарқланар, эҳтимол. Хўш, унда Шеробод анорларининг сири нимада?

— Ҳудуднинг тупроқ унумдорлиги ва қуруқ ҳавоси анор етиштириш учун жуда мос, — дейди С. Турдиев. — Бундан ташқари, бошқа жойларга нисбатан баҳорнинг барвақт келиши туфайли анор 20 — 25 кун аввал гуллайди, 180 — 200 кун мобайнида қуруқ ҳамда иссиқ ҳавонинг сақланиши, ҳатто айрим қишлоқларимизда табиий дренажлар мавжудлиги, шунингдек, зараркунандаларга қарши вақтида амалга ошириладиган агротехник тадбирлар меваларнинг яхши етилиши, ширадор ва хуштаъм бўлишини таъминлайди.

Айтиш жоизки, туманда фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари, томорқа эгалари томонидан етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг ички бозордан ортган қисми агрофирмалар орқали хорижий давлатларга сотилмоқда. Хусусан, жорий мавсумда 2 минг тонна сархил анор экспорт қилиниши кўзда тутилган. Бу эса аҳоли даромадлари янада ортишидан далолатдир.

Илҳом РАҲМАТОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.