Маҳсулотнинг 95 фоизи — экспортга
  • 13 Октябрь 2017

Маҳсулотнинг 95 фоизи — экспортга

 

Дўстлик туманидаги “Fresh Style” масъулияти чекланган жамияти томонидан ойига 240 миллион сўмлик болалар ва катталар кийимлари ишлаб чиқарилмоқда.

— Хитой ва Туркия давлатларидан келтирилган илғор технологик ускуналар иш унумдорлигини оширишда қўл келаяпти, — дейди корхона директори Зоир Шарипов. — Маҳсулотларимизга хорижда ҳам талаб катта. Тайёрланаётган кийим-кечакларнинг 95 фоизи экспорт қилинаётгани бунинг тасдиғидир.

Эътиборлиси, жорий йил якунига қадар матони бўяш ҳамда бичиш линияларини ишга тушириш кўзда тутилган. Шунинг ҳисобига қўшимча 400 та иш ўрни очилади.

Табиий толанинг беқиёс сифати

“Жиззах индустриал тўқима” масъулияти чекланган жамияти — Шароф Рашидов туманидаги тўқимачилик соҳасига ихтисослаштирилган илғор корхоналардан бири. У йилига 2 минг тонна тўқимачилик маҳсулотлари ва 3 миллион погон метр бўз ишлаб чиқариш қувватига эга.

— Маҳсулотларимиз табиий пахта толасидан тайёрланаётгани, сифати эса юқорилиги туфайли ташқи бозорда рақобатдош, — дейди жамият раҳбари Жаҳонгир Зуҳуров. — Россия, Украина, Туркия ҳамда Польша давлатларидаги йирик корхоналар асосий буюртмачиларимиз ҳисобланади. Мисол учун, Россиянинг “ТДЛ Текстиль” корхонаси -томонидан ойига 100 тонна калава ип харид қилинади. Натижада жорий йилнинг биринчи ярмида 1 миллион 

220 минг АҚШ долларилик экспорт амалиётини бажардик.

Ҳадемай, янги тасмалаш, йигирув ва тўқиш цехлари ишга туширилгач, бу кўрсаткич янада ортади. Шунингдек, 100 кишининг бандлиги таъминланади.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn