XS.UZ
Янги даврни бошлаб берган тарихий ташриф Самимий қутлов Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи жаҳон оммавий ахборот воситалари нигоҳида Аграр соҳа ривожида муҳим босқич Депутатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар Халқ билан мулоқотнинг ноёб тизими Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади Замонавий қурилмалар ва интерактив хизматлар Ҳаракатлар стратегияси: дастлабки натижалар халқимиз ҳаётида намоён бўлмоқда Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни юксак баҳоламоқда Россия Федерацияси делегацияси Самарқандда Тиббий-илмий янгиликлар ва истиқбол Мурожаатлар ижроси бўйича батафсил ахборот берилди Келажак тараққиётимизнинг муҳим омили Тинчлик — энг улуғ неъмат Биохилмахилликни асраш Илғор тажрибалар оммалаштирилаяпти Ҳарбий спортчилар: «Муваффақиятларимиз — жонажон Ватанимизга чексиз меҳр-муҳаббатимиз ифодаси» Вакилларимизнинг муносиб иштироки Яна бир нуфузли мусобақа Маърифат чароғбони Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШга ташрифи самарали бўлди Ўзбекистон — АҚШ бизнес форуми Россия Федерацияси делегацияси ташрифи Ўзбекистон — дунё нигоҳида Тараққиёт ва фаровонлик йўлида Орол фожиаси — глобал муаммо Бюрократик тўсиқлар барҳам топмоқда Яхши қўшничилик ва мустаҳкам дўстлик ифодаси
  • 12 Сентябрь 2017

Қайта ишлаш саноати: истеъмолчи ҳам, тадбиркор ҳам манфаатдор

Бугун халқимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш орқали катта даромад олиш мумкинлигини яхши билади. Юртимизда мазкур тармоқнинг йил сайин ривож топаётгани боиси ҳам шунда! 

Ваҳолонки, яқин-яқингача заминимизда етиштирилган дала неъматларининг озгина қисми қайта ишлангани ҳеч кимга сир эмас. Ҳозирги кунга келиб эса тадбиркорларимиз томонидан ўнлаб хилдаги мева-сабзавот замонавий технологиялар асосида тайёр маҳсулот ҳолига келтирилаяпти.

Биргина мисол. Авваллари кунгабоқар пистасига кўча ва хиёбонлар бўйларида қоғозга ўраб сотиладиган оддий эрмак сифатида қаралар эди. Шу сабабли унинг сифати ва тозалиги тегишли тартибда назорат қилинмасди. Энди-чи? Айни пайтда ушбу қуёшсевар ўсимлик ҳосили ҳам илғор дастгоҳлар ёрдамида қайта ишланаяпти. Сўнг бежирим идишларга қадоқланиб, ички ва ташқи бозорга чиқарилмоқда. Муҳими, бундан истеъмолчилар ҳам, сотувчилар ҳам, ишлаб чиқарувчилар ҳам бирдек манфаатдор!

Сирдарё вилоятидаги “Бек” бирлашмасига қарашли “Сирдарьинский берег” қўшма корхонаси ана шундай фаолият турига ихтисослаштирилган. Юртимизда биринчилардан бўлиб кунгабоқар пистасини тайёр маҳсулот ҳолига келтиришга киришган мазкур тадбиркорлик субъекти қисқа муддатда харидорлар эътиборига тушиб улгурди. Натижада саноат субъектининг имкониятлари тобора кенгайиб бормоқда. Чунончи, дастлаб бу ерда 6 киши ишлаган бўлса, ҳозирги пайтга келиб, жамоа аъзолари сони 141 нафарга етган. Бундан ташқари, корхонада ерёнғоқ, ошқовоқ уруғи, олма, чилонжийда ва бошқа меваларни қайта ишлаш ҳамда қовун қоқилари тайёрлаш йўлга қўйилди. Бинобарин, кунгабоқар пистаси ва ерёнғоқни саноат усулида чақиш ҳам ўзлаштирилди. Айни чоғда бундай илғор усулда пўстидан тозаланган маҳсулотлар юртимиздаги қандолатчилик субъектларига етказиб берилаётир. Ўз навбатида, хориждан тушаётган буюртмалар ҳажми ҳам ортиб бораяпти. 

— Шу кунгача қарийб 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги экспорт амалиётини бажардик, — дейди қўшма корхона бош директори Ботир Исмоилов. — Йил охиригача мазкур кўрсаткич бир неча баробар ошиши кутилаяпти. Бунинг учун имкониятларимиз етарли. Технологияларимиз бозор талабларига мос ҳолда янгилаб борилмоқда. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича янги-янги лойиҳалар устида ҳам изчил иш олиб бораяпмиз.

Яқинда корхонага тежамкор ва самарадорлиги юқори бир неча ускуналар келтириб ўрнатилди. Қиймати 956 минг АҚШ долларига тенг, хом ашёни бир йўла саралаб, ювиб, қовуриб, қуритиб, тузлаб ва ниҳоят қадоқлаб берадиган илғор линия — шулардан бири. Сўнгги русумдаги фотосаралагич қурилмаси эса  18 та камерага эга. Ушбу восита қўлланила бошлагач, маҳсулотларни саралаш сифати янада юқори даражага кўтарилди. 

Модернизациялаш ишларига сарфланаётган харажатнинг асосий қисми тадбиркорлик субъектларига яратилган солиқ ва божхона имтиёзларидан тўпланган маблағ ҳисобидан қопланмоқда.

Таъкидлаш лозимки, “Сирдарьинский берег”га етказиб берилаётган кунгабоқар пистаси, дуккакли ўсимликлар ҳосили, ошқовоқ уруғи сингари хом ашёлар “Бек” бирлашмасининг 664 гектарлик даласида такрорий экин сифатида етиштирилаяпти. Шунингдек, бу борада фермер хўжаликлари, томорқа эгалари билан ҳам шартнома асосида ҳамкорлик қилинаётир. Шу билан бирга, корхона томонидан 20 гектар майдонда гидропоника усулидаги иссиқхона ташкил этиш ҳаракатлари ҳам бошлаб юборилган.

Қувонарлиси, бугунги кунда вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган бундай субъектлар сони тобора ортиб бормоқда. Кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаяпти. Масалан, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Сардоба темир йўл агросаноат мажмуаси” унитар корхонаси томонидан балиқчилик, чорвачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш, сут маҳсулотлари ва омихта ем ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган бўлса, Сардоба сув омбори ва Мирзаобод тумани ҳудудида ташкил этиладиган мажмуада балиқни қайта ишлаш заводини қуриш мўлжалланган. Шунингдек, Сардоба мева-сабзавотлар логистика марказида ҳам дала неъматларини етиштириш, саралаш, сақлаш каби жараёнлар билан бир қаторда, уларни қайта ишлаш ҳам жорий этилади. 

Албатта, бундай эзгу саъй-ҳаракатлар бутун Мирзачўл воҳасини қамраб олгани ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлайди. Ислоҳотлардан кўзланган устувор мақсад эса инсон манфаатлари, юртдошларимизнинг бахтиёр ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашдан иборатдир. 

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+