XS.UZ
Мамлакатимиз тўқимачилик ва енгил саноатининг экспорт салоҳияти Ўзбекистон — Туркия: Икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам «Ўзбекистон янги марраларни кўзламоқда» Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Адлия вазирларининг бешинчи мажлиси тўғрисида ахборот Ёш халқаро шахмат устаси Жавоҳир Синдоровга Президентимиз совғаси топширилди Битим имзоланди Сўз ва амал уйғунлиги — улуғ фазилат Тил — миллат кўзгуси Корхона ривожи таъминланади Илм-фан фидойисига эҳтиром Ер — бебаҳо хазина Тафаккур дунёсига йўл Олтинкўлда ХVI-XVII асрларга тааллуқли тангалар топилди Замонавий шифохона Жаҳон чемпионати совриндори Нуфузли мусобақа арафасида Тажрибали рақибидан устун келди “Халқ сўзи” ва “Народное слово” таҳририяти ходимлари пахта йиғим-теримида фаол иштирок этмоқда Агрепина Шин Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири ЕТТБ тадбиркорлик субъектлари учун кредитлар тақдим этади Депутатлар ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар Инновацион ишланмалар нефтни қайта ишлаш соҳаси ривожини жадаллаштиради Савдо-иқтисодий муносабатлар янада мустаҳкамланади Ҳарбийларимиз “Кембрия патрули” халқаро танловида совриндор бўлди «Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросиман!» Мактабгача таълим соҳасида замонавий тизим яратилади Илғор тажрибалар ва бозор механизмлари Юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар Токиода муҳокама қилинди Фойдаландингизми, ҳақини ҳам тўланг Шавкат Мирзиёев Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
  • 23 Апрель 2016

Шаршара «сочи»ни ёйганда кўринг

Кўклам сепини ёйган айни шу кунларда табиат қўйнига сайру саёҳатга чиқсангиз, юртимизнинг нақадар гўзал ва мафтункор эканлигига ишонч ҳосил қиласиз. Айниқса, Марказий Осиёдаги энг йирик муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан бири ҳисобланган “Ҳисор” давлат қўриқхонасига келган киши ўзини худди табиатнинг бир бўлагидек ҳис қилади. 

Ҳавоси мусаффо, иқлими мўътадил ушбу гўша ноёб ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси билан маълуму машҳур. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу серсув дарё, кўл ҳамда шаршараларнинг сероблиги туфайлидир. Сабаби, обиҳаёт манбалари бир хил ҳарорат таъминланишида муҳим аҳамиятга эга.  

Чиндан ҳам, бирлашган ҳолда Қашқадарё дарёсини ҳосил қиладиган Оқсув, Танхоздарё ва Қизилдарё шу ерда мавжлана бошлайди. 

“Дарё сувини баҳор тоширар”, деганлари рост экан. Шу кунларда ҳудуддаги барча сой ирмоқлари тўлиб-тошиб оқмоқда. Улар дарё ўзанларига келиб қўшилгунига қадар, кўплаб шаршаралар пайдо қилганки, ҳар бирини ҳеч иккиланмасдан “табиат мўъжизалари”, деб аташ мумкин. Масалан, катта қоятош ҳамда арчазорлар орасида жойлашган Сувтушар мамлакатимиздаги энг узун ва серсув шаршара ҳисобланади. Унинг баландлиги 84 метр бўлиб, кўклам ойларида сониясига 5-6 куб метр сув отилиб тушади. Шу жараёнда ҳосил бўлган заррачалардан ажиб манзаралар шаклланиб, камалаксимон товланиши кўзни қувонтиради. 

Шаршара узоқроқдан янада маҳобатли, янада виқорли кўринади. Шунинг учун уни Сувтушар қишлоғида туриб томоша қилганлар ажиб завқ-шавқ олишади. Ахир қалин арчазорлар орасидан кўзга ташланиб турган шаршара овози ҳам рўй-рост эшитилади. Уни тинглаган кишининг руҳи тетиклашиб, чарчоқлари унутилади.  

Узунлиги 17 — 20 километрни ташкил этувчи Қалъаи Шерон сойи қўриқхонанинг “Қизилсув” бўлими ҳудудидан оқиб ўтади. Унинг қирғоқларида 100 — 150 ва ҳатто 300 метргача етадиган тик қоялар мавжуд. Байтал думи шаршараси сойнинг ўнг қирғоғидаги улкан қоядан отилиб тушади. 

Қўриқхона илмий ходими Толмас Аромовнинг айтишича, ушбу шаршара йилнинг фақат апрель ва май ойларидагина пайдо бўлади. Чунки у денгиз сатҳидан 4000 метрдан юқори баландликда жойлашган Хўжа Пир-пир ота қояларидаги қорлар эришидан юзага келади. Унинг бундай номланишига эса тепаликдан катта тезликда тушаётган сув зарралари шамолда от -думининг ҳилпирашига ўхшаш манзара кашф этгани сабаб бўлган экан.  

Мазкур шаршарадан сой оқими бўйлаб 1-1,5 километр йўл боссангиз, яна бир ғаройиб шаршарага дуч келасиз. У 35 метр баландликдаги тик қоянинг ҳўкиз бурнига ўхшовчи иккита тирқишидан отилиб чиққани учун “Ҳўкиз бурун” деб аталади. Ундан тушаётган сувнинг ҳажми баҳор ва ёз фаслларида 1 куб метрни ташкил этади. 

Шунингдек, қўриқхона ҳудудида Куркирак ва Оқкамар шаршаралари ҳам мавжуд бўлиб, улар ўзига хос кўриниши, гўзаллиги билан кишини мафтун этмай қолмайди. Шу боис “Ҳисор” давлат қўриқхонасини бағрида ноёб шаршараларни жамлаган мўъжизавий маскан, десак, муболаға эмас.

 

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: « Денгизкўл хазинаси

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган